Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Кувайтга қарши 2:0 ҳисобидаги ўртоқлик ўйинидан сўнг мухлислар кутаётган фикрларини билдирди. Унга кўра, Фабио Каннаваро қўл остидаги дебют ғалаба — яхши сигнал, энди эса жамоа қадамба-қадам янги талаб ва услубга мослашиб боради.
Шомуродов айтишича, Каннаваро билан ҳозирча бор-йўғи икки кунлик машғулот ўтказилгани сабаб катта ўзгаришлар учун вақт керак. «Ҳар ўйинда оз-оздан янгилик қўшиб борамиз, мақсад — тўпни хўжайиндек назорат қилиш ва ақл билан ўйнаш», деди сардор.
Элдор мураббий билан коммуникация масаласини ҳам очиқлади: «Италянчада гаплашдик. Керак бўлса, футболчилар билан мулоқотда Фабиога ёрдам беришга доим тайёрман», — дея таъкидлади у.
Келгуси синов — жаҳон элитасидан бирига қарши. Жамоа Малайзияга саккиз соатлик парвоздан сўнг Уругвайга қарши майдонга тушади. «Осон бўлмайди. Лекин биз ҳам мундиалга чиққан жамоамиз. Мос равишда муносиб ўйин кўрсатишимиз шарт», — деди ҳужумчи.
Сардор Аббосбек Файзуллаевнинг ҳолати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: текширувлар кетяпти, умид шундайки, жароҳат жиддий эмас.
Эслатиб ўтамиз, Уругвай — Ўзбекистон ўйини 13 октябрь куни Куала-Лумпурда бўлиб ўтади. Янги штаб билан илк қадам босилди — эндиликда асосий имтиҳонлар олдинда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!