
«Росатом» давлат корпорациясига нисбатан эҳтимолий санкциялар Ўзбекистонда барпо этилаётган атом электр станцияси (АЭС) лойиҳасига салбий таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда «Атомстройэкспорт» акциядорлик жамияти вице-президенти Павел Безруков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа доирасида қурилаётган атом станциясининг асосий технологик қисмлари аллақачон маҳаллийлаштирилган. Шу сабабли ташқи чекловлар ёки геосиёсий босимлар қурилиш жараёнини секинлаштирмайди. Безруков таъкидлаганидек, барча муҳим узеллар ва материаллар олдиндан режалаштирилган ва ишончли таъминот занжири яратилган.
Маълумот ўрнида, 2024 йил май ойида Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида мамлакатда илк атом электр станциясини қуриш бўйича расмий шартнома имзоланган эди. Ушбу келишув икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликда муҳим қадам сифатида баҳоланган.
Лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида «Атомстройэкспорт» АЖ белгиланган бўлиб, қурилиш ишларига Ўзбекистоннинг қатор маҳаллий компаниялари ҳам жалб этилган. Бу эса лойиҳада миллий мутахассислар иштирокини ошириш ва тажриба алмашиш имконини беради.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2025 йил июнь ойида Тошкент ва Москва АЭС лойиҳаси формати бўйича келишувга эришганини маълум қилган. Янги қарорга мувофиқ, станция икки энергия блокидан иборат бўлади.
Жорий йил октябрь ойи бошида Жиззах вилоятида жойлашган АЭС майдонида, реактор энергия блоки ўрнатиладиган ҳудудда қазиш ишлари расман бошланган. Мутахассислар фикрича, лойиҳа белгиланган муддатлар асосида амалга оширилиб, Ўзбекистоннинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.