Тошкентда KORZINKA ходими аёлнинг белидан ушлагани учун қамалди

“КОRZИНКА” савдо мажмуаси ходими А.И. аёлнинг белидан ушлаб, шахвоний мазмундаги ҳаракат қилгани ва кейинчалик ИИБ ходимларига бўйсунмагани учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳодиса 14 декабр куни Шайхонтоҳур туманидаги савдо мажмуасида фуқаро М.Х.га нисбатан содир бўлган. А.И. судда МЖтКнинг тегишли моддалари асосида айбдор деб топилди.
Тошкент шаҳрида жамоатчиликни ларзага солган ҳолат юзасидан суд қарори чиқарилди. Маълум бўлишича, “KORZINKA” савдо мажмуасида ишловчи ходим нотаниш аёлга нисбатан ахлоққа зид ҳаракат содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Суд материалларига кўра, ҳодиса 14 декабрь куни Шайхонтоҳур туманида жойлашган савдо мажмуасида содир бўлган. А.И. фуқаро М.Х. олдидан ўтиб кетар экан, унинг бел қисмидан ушлаб, шахвоний мазмундаги ҳаракат қилган.
Шундан сўнг у ИИБга олиб келиниб, тушунтириш ишлари олиб борилган вақтда ҳам қоидабузарликни давом эттирган. А.И. ички ишлар ходимларига қўпол муносабатда бўлиб, жамоат жойида бақир-чақир қилган ва қонуний талабларга бўйсунмаган.
15 декабрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида фуқаро МЖтКнинг тегишли моддалари асосида айбдор деб топилиб, унга узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жамоат жойларида фуқароларнинг дахлсизлиги қонун билан ҳимоя қилиниши, бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…