date

Россияликлар учун 2025 йилнинг энг муҳим воқеалари аниқланди

Россияликлар учун 2025 йилнинг энг муҳим воқеалари аниқланди

Россия жамоатчилиги учун якунланаётган 2025 йил энг аввало иқтисодий босим ва кундалик харажатлар ортиши билан ёдда қолмоқда. 23 декабрь куни эълон қилинган «Левада-центр» ижтимоий сўрови натижаларига кўра, аҳолининг катта қисми йилнинг асосий воқеаси сифатида нарх-наво, солиқлар ҳамда коммунал тўловлар қимматлашувини кўрсатган.

Сўровда қатнашганларнинг 34 фоизи товар ва хизматлар баҳосининг ошиши, ҚҚС ҳамда утилизация йиғимлари ўсиши 2025 йилдаги энг сезиларли воқеа бўлганини таъкидлаган. Мутахассислар фикрича, бу ҳолат аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилгани учун биринчи ўринга чиққан.

Иккинчи ўринда Владимир Путин ва АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп ўртасида Аляскада бўлиб ўтган учрашув қайд этилди. Респондентларнинг 29 фоизи ушбу саммитни йилнинг муҳим сиёсий воқеаси сифатида баҳолаган. Учинчи поғонада эса Украина дронларининг Россия шаҳарлари ва саноат объектларига уюштирган ҳужумлари жой олди — бу вариантни 28 фоиз иштирокчи танлаган.

Тўртинчи ўрин интернет билан боғлиқ муаммоларга насиб этди. Telegram ва WhatsApp каби оммавий мессенжерлар фаолиятидаги чекловлар ва узилишлар аҳолининг 25 фоизи учун жиддий масала бўлган. Бешинчи ўринда эса Украина Қуролли кучларининг Курск вилояти ва Сужа шаҳри ҳудудидан сиқиб чиқарилиши қайд этилди — бу воқеани 23 фоиз респондент муҳим деб ҳисоблаган.

Қизиқ жиҳати шундаки, Украинадаги урушнинг ўзи сўровда фақат саккизинчи ўрин билан чекланган. У «махсус ҳарбий операциянинг давоми» сифатида тасвирланган бўлиб, уни асосий воқеа деб атаганлар улуши 17 фоизни ташкил этган. Олтинчи ўринда эса Украина билан ҳарбий асирлар алмашинуви туради — 19 фоиз иштирокчи ушбу жараённи аҳамиятли деб билган.

Йил умумий баҳоларга келганда, респондентларнинг 63 фоизи 2025 йилни «ўртача» ўтди, деб ҳисоблаган. Фақат 22 фоиз уни ижобий, 15 фоиз эса салбий йил сифатида баҳолаган. Энг кўп ижобий фикрлар 18–24 ва 25–39 ёш тоифалари орасида қайд этилгани эътиборга молик.

Шунингдек, Владимир Путин сиёсатига ижобий муносабатда бўлганлар орасида йилни яхши деб баҳолаганлар 22 фоизни, ёмон деганлар эса 9 фоизни ташкил этган.

Маълумот учун, ушбу ижтимоий сўров 11–19 декабрь кунлари Россиянинг 50 та минтақасида ўтказилиб, унда 1618 нафар фуқаро иштирок этган. Натижалар россияликлар учун 2025 йил қайси йўналишларда энг оғриқли ва қайси масалалар энг муҳим бўлганини яққол кўрсатиб берди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россияликлар учун 2025 йилнинг энг муҳим воқеалари аниқланди