
2025 йил ноябрь ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда уй-жой бозорида сезиларли фаоллик кузатилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тақдим этган маълумотларга кўра, бир ой давомида кўчмас мулк савдоси ҳажми 13,2 фоизга ўсиб, тахминан 25 мингта олди-сотди битими расмийлаштирилди. Бу кўрсаткич бозорда талаб барқарор сақланаётганини ва аҳоли фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Бухоро вилоятида қайд этилди — бу ерда уй-жой савдолари ўтган ойга нисбатан 35,4 фоизга ошди. Қашқадарё вилоятида битимлар сони 26,5 фоизга, Самарқанд вилоятида эса 21,7 фоизга кўпайган. Бу вилоятларда аҳоли сонининг ўсиши ва янги турар жойларга бўлган эҳтиёж бозорни фаоллаштираётган омиллар сифатида баҳоланмоқда.
Пойтахт Тошкент эса анъанавий равишда мамлакат уй-жой бозорининг асосий улушини сақлаб қолмоқда. Ноябрь ойида республика бўйича амалга оширилган барча битимларнинг қарийб 30 фоизи айнан Тошкент ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда уй-жой сотуви ҳажми 8,8 фоизга ошган.
Иккинчи даражали уй-жой бозорида нархлар йиллик ҳисобда ўртача 7 фоизга кўтарилди. Энг катта қимматлашув Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида кузатилиб, бу ҳудудларда нархлар ўтган йилга нисбатан тахминан 17 фоизга ўсди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида иккинчи даражали уй-жойлар нархи аксинча, йил давомида 0,9 фоизга арзонлашди.
Янги қурилган уй-жойлар сегментида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Ушбу бозорда нархлар ўртача 4 фоизга ошди. Айрим туманларда эса пасайиш қайд этилди: хусусан, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида янги уй-жойлар нархи тахминан 5 фоизга тушди. Шу билан бирга, Яккасарой, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида янги қурилиш объектлари энг юқори ўсишни намоён қилиб, нархлар 9 фоизга қимматлашди.
Ижара бозорида ҳам ўсиш тенденцияси сақланиб қолди. Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ижара ҳақи ўртача ҳар бир квадрат метр учун 8,7 АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 5 фоизга юқори. Марказий туманларда эса ижара нархлари янада қиммат бўлиб, айрим жойларда бир квадрат метр учун 11 АҚШ долларигача етди.
Мутахассислар фикрича, уй-жой бозоридаги ушбу динамика йил охирида ҳам сақланиб қолиши мумкин, чунки аҳоли даромадларининг босқичма-босқич ўсиши ва ипотекага бўлган қизиқиш бозорни қўллаб-қувватлаб турибди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.