date

EA хусусийлашади: 55 миллиард долларлик битим тасдиқланди

EA хусусийлашади: 55 миллиард долларлик битим тасдиқланди

Саудия Арабистонидан келган сармоядорлар консорциуми ва АҚШнинг йирик хусусий инвестиция фондлари дунёга машҳур видеоўйинлар нашриётчиси — Electronic Arts (EA)’ни сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Bloomberg нашри манбаларга таяниб хабар берди.

Маълум бўлишича, инвесторлар орасида АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви — Жаред Кушнер ҳам мавжуд. Битим компания акциядорлари томонидан маъқулланган бўлиб, унинг умумий қиймати 55 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу сўнгги йиллардаги энг йирик технологик келишувлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Bloomberg таъкидлашича, EA’нинг хусусийлаштирилиши компания учун янги имкониятлар эшигини очади. Хусусан, ишлаб чиқувчилар энди ҳар чоракда давлат бозорлари олдида ҳисоб бериш мажбуриятидан халос бўлиб, асосий эътиборни ўйин сифати, ижодий эркинлик ва узоқ муддатли лойиҳаларга қаратиши мумкин бўлади.

1982 йилда АҚШда ташкил этилган Electronic Arts бугунги кунда дунёдаги энг йирик видеоўйин нашриётчиларидан бири ҳисобланади. Компания FIFA / EA Sports FC, The Sims, Battlefield, Apex Legends каби машҳур ўйинлар сериялари орқали миллионлаб мухлисларга эга.

Шунингдек, EA турли даврларда Need for Speed, Command & Conquer, Strike каби ўйинларни ҳам тақдим этган. Компания спорт симуляторлари, AAA-лойиҳалар ва узоқ муддат қўллаб-қувватланадиган онлайн хизматлар соҳасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Мутахассислар фикрича, мазкур битим EA’ни янги босқичга олиб чиқиши, компания стратегияси ва бозордаги мавқеини янада мустаҳкамлаши мумкин.


Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » EA хусусийлашади: 55 миллиард долларлик битим тасдиқланди