
Кулги инсон саломатлиги учун жуда муҳим экани илмий тадқиқотлар билан тобора кўпроқ исботланмоқда. АҚШдаги Пенсилвания университети кардиология ва тиббиёт профессори доктор Майкл Миллернинг таъкидлашича, чин дилдан кулги юрак-қон томир тизимига, иммунитетга ва умумий руҳий ҳолатга ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса, кулги стрессни юмшатиб, кундалик ҳаётда тўпланадиган руҳий босимни енгиллаштиришга ёрдам беради.
Бу фикрларни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи тадқиқотлардан бири Стэнфорд университети психологи Уилям Фрай томонидан олиб борилган. У машҳур комик дуэт — Лорел ва Харди иштирок этган филмларни томоша қилиш жараёнида ўз қонидан намуна олган. Таҳлиллар натижасида кулги иммун тизимини фаоллаштирадиган қон ҳужайралари сонини оширишини кўрсатган.
Доктор Майкл Миллер кулгининг инсон организмига таъсирини яна 1990-йилларда ўрганишни бошлаган. У тадқиқот иштирокчиларига турли кулгили видеоларни намойиш этиб, кулги вақтида мияда эндорфинлар — “бахт гормонлари” ишлаб чиқарилишини аниқлаган. Ушбу моддалар қон томирларида фойдали кимёвий реакцияларни қўзғатади. Хусусан, азот оксиди ҳосил бўлиб, у қон томирларини кенгайтиради, қон босимини пасайтиради, яллиғланиш жараёнларини ва “ёмон” холестерин миқдорини камайтиради. Бу эса юрак хуружи хавфини анча қисқартиришга хизмат қилади. Қолаверса, эндорфинлар табиий оғриқ қолдирувчи воситалар сифатида ҳам ишлайди.
Миллер соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаб, жисмоний фаоллик билан бирга кулгини ҳам “машқ” сифатида қабул қилишни маслаҳат беради. Унинг сўзларига кўра, ҳафтада камида уч-беш кун спорт билан шуғулланиш қанчалик муҳим бўлса, ҳафтада икки-беш марта чин дилдан кулиш ҳам шунчалик фойдали.
Қизиғи шундаки, баъзи ҳолларда мажбурий кулги ҳам табиий кулгидан кам фойда келтирмаслиги мумкин. Германиядаги Йена университети тиббий психология бўйича катта илмий ходими Женни Розендал 45 та кулги терапиясига оид тадқиқотлар ва илмий ишлар асосида мета-таҳлил ўтказган. Унинг хулосаларига кўра, кулги терапияси қондаги глюкоза миқдорини, стресс гормони — кортизол даражасини камайтиради, сурункали оғриқларни енгиллаштиради, ҳаракатчанлик ва умумий кайфиятни яхшилайди. Айниқса, бу таъсир кексалар орасида яққолроқ сезилади.
Сўнгги йилларда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар кулги йогаси ва шунга ўхшаш дастурларга қаратилган. Бундай машғулотлар одатда 30–45 дақиқалик сессиялардан иборат бўлиб, узоқ давом этадиган кулги ҳолатини юзага келтиради. Кулгиси келмайдиган, руҳий тушкунликка тушган ёки оғир касалликлар, жумладан, саратон билан курашаётган инсонлар учун кулги йогаси айниқса самарали усул сифатида баҳоланмоқда.
Мутахассислар фикрича, кулги — осон, бепул ва табиий “доридир”. Уни ҳаётингизга қанчалик кўп қўшсангиз, соғлигингиз ва кайфиятингиз шунчалик яхшиланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.