Сергелида ҳайдовчи иккита автобус ўртасида эзилиб ҳалок бўлди

Тошкент шаҳри Сергели туманида 37 ёшли автобус ҳайдовчиси иккита автобус ўртасида қолиб, воқеа жойида вафот этди. Ҳодиса 20 декабр куни соат 16:56 атрофида Хонобод кўчасида, темирйўл кесишмаси яқинида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи автобусни қўл тормозига қўймасдан тушиб кетгани сабабли транспорт воситаси инерсия билан олдинга юриб, одамни сиқиб қолган.
Тошкент шаҳри Сергели туманида юракни эзувчи бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Иккита автобус ўртасида қолиб кетган 37 ёшли ҳайдовчи воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 20 декабрь куни соат 16:56 атрофида Хонобод кўчасида, темирйўл кесишмаси яқинида юз берган. 55-йўналишда ҳаракатланаётган автобус поезд ўтаётгани сабабли тўхтаб турган вақтда, унинг орқасида турган иккинчи автобус ҳайдовчиси транспорт воситасини қўл тормозига қўймасдан тушиб кетган.
Оқибатда автобус инерция билан олдинга юриб, ҳайдовчини иккита автобус ўртасида сиқиб қолган. Афсуски, у олган оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса эҳтиётсизлик оқибатида юз берган. Айни пайтда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…