
«Реал» вингери Винисиус Жуниор клуб билан шартномани узайтириш масаласида иккиланиб қолди. Сўнгги воқеалар бразилиялик футболчининг кайфияти ва келажак режаларига жиддий таъсир кўрсатгани айтилмоқда.
Ла Лиганинг «Севиля»га қарши баҳсда (2:0) Винисиус алмаштирилган пайтда «Сантьяго Бернабеу» трибуналаридан ҳуштакбозлик янгради. Бу ҳолат кетма-кет 17 та учрашувдан бери гол ура олмаётган 25 ёшли футболчи учун оғир руҳий зарба бўлди. Учрашувдан кейин у Instagram’да «қаймоқранглилар» либосидаги суратини ўчириб, саҳифасида фақат уч нуқта қолдирди — бу ишқибозлар томонидан турлича талқин қилинди.
El Chiringuito’нинг журналисти Маркос Бенито хабар беришича, Винисиус илк бор мухлислар томонидан қўллаб-қувватлаш етишмаслигини сезган. Манбага кўра, у «Реал» ишқибозлари уни клубда қолишини чиндан ҳам истаяптими-йўқми, деган саволни ўзига бермоқда. Айни дамда футболчи учун руҳий омил жисмоний ҳолатдан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.
Мазкур вазият Винисиусни келажаги ҳақида чуқур ўйлашга мажбур қилди. Шу сабабли у 2027 йилда якунланадиган амалдаги шартномасини узайтириш бўйича қарор қабул қилишга шошилмаяпти. «Реал» раҳбарияти эса вазиятни юмшатиш ва етакчи футболчисини сақлаб қолиш учун қандай қадам ташлашни ўйлаб кўрмоқда.
Мухлислар эса бразилиялик юлдузнинг майдондаги ишончи қайта тикланиб, у яна ҳал қилувчи голлар билан жамоасига фойда келтиради, деган умидда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.