Бойсунда «М-25»да нефть сизиши жиловланди, назорат кучайтирилди

Бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда Бойсун туманидаги «М-25» кони ҳудудида нефть суюқлиги ер юзасига сизиб чиқаяётгани акс этган видеолавҳалар тарқалган эди. Энергетика вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, нефть суюқлиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳудуд атрофида ҳамда сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилганини маълум қилди.
Вазирликка кўра, йиғиб олинаётган нефть суюқлиги узлуксиз равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳажми 5 000 куб метрдан бўлган, махсус изоляцияланган 2 та шлам ҳовузи мавжуд бўлиб, бу нефть суюқлигини хавфсиз сақлаш ва кейинчалик ундан самарали фойдаланиш имконини беради. Шунингдек, барча ишлар амалдаги саноат ҳамда экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда олиб борилаётгани қайд этилди.
Расмий маълумотда айтилишича, нефть суюқлигидан олинган намуна бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда, натижаларга кўра қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади. Геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда. Ҳозирги кунда ҳолат доимий мониторингда экани, нефть суюқлиги жиловлангани, дастлабки кунларда каналга оқиб кетган қисмни тозалаш ишлари ҳам амалга оширилаётгани билдирилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!