Яшнободда 139 дона “Прегабалин” муомаласи тўхтатилди, иш очилди

Кучли таъсир кўрсатувчи дори воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритишга уринишнинг олди олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида навбатдаги текширув ишлари амалга оширилди.
Тадбир давомида шубҳа остига олинган фуқаро З.Р.га тегишли деб кўрсатилаётган манзил — “Ўқчи Олмазор” МФЙ ҳудудидаги хонадонда текширув ўтказилган. Натижада, таркибида инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи “Прегабалин” моддаси мавжуд бўлган 139 дона дори воситаси ўтказиш мақсадида сақлаб келингани аниқланган.
Маълум қилинишича, ушбу дори воситалари ҳодиса юзасидан ашёвий далил сифатида расмий тартибда олиб қўйилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳолатни жамоат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлиги нуқтаи назаридан жиддий баҳоламоқда.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-1-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган, бироқ кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ҳамда заҳарли моддаларни қонунга зид равишда муомалага киритиш каби ҳаракатларга тааллуқли экани қайд этилади.
Ҳозирда иш доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!