Ижтимоий тармоқлар, телеграм ёки бошқа мессенжерлар, ёхуд смс орқали бир хил спам-хабарлар тарқатилишига ўрганиб қолганмиз. Охирги вақтларда қуйидаги мазмундаги хабар келиши одатга айланди:
«Муфтиятнинг қарори билан фалон сана Қурбон (ёки Рамазон) ҳайити этиб белгиланди. Буни шунча кишига тарқатинг. Эртага яхши хабар эшитасиз. Аллоҳ учун эринманг…»
Бундай хабарлар ёнида билимсиз одамларни чалғитиш учун жимжимадор қилиб диний калималар, дуолар ҳам қўшиб қўйилади. Баъзан унда қуйидаги маънодаги ҳадис ҳам тиқиштирилади: «Ким ҳайит куни қачон бўлишини биринчи бўлиб етказса, у жаҳаннамга кирмайди».
Содда одамлар эса ҳақиқатда шундай ҳадис бор-йўқлигини, ҳайит куни ростдан ҳам аниқ бўлган-бўлмаганлини, бу ҳақида расмий маълумот чиққан-чиқмаганлигини суриштириб ўтирмасдан тарқатаверишади. Бундай спамларни биринчи тарқатган одамнинг кимлигини биров суриштириб ўтирмайди. Муҳими ҳайит кунини биринчи айтиб қолиш керак экан, деб ўйлаган оломон бундай хабарларни бир-бирига юборавеарди.
Бундай хабарлар асосан диний илми саёз бўлган шахслар томонидан тарқатилиши маълум. Илмсиз кишилар ҳайит куни қачон ва қандай аниқланишини билмайди, деб фараз қиламиз. Аммо баъзида туппа-тузук илмли одамлар ҳам шунақа хабарларни жўнатиши кишини ҳайратга солади.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва ҳаётда одамлар Қурбон ҳайити қайси кунга тўғри келиши ҳақида кўп сўрамоқда. Аксарият мусулмонлар ҳайит куни қандай аниқланиши хусусида маълумотга эга эмаслиги шунақа пайтда билиниб қолади. Айрим кишилар бир йил аввал чиқарилган тақвимга қараб туриб ҳайит куни борасида «фатво» беришга шошилишларини эса асло оқлаб бўлмайди.
Албатта, одамлар орасида бундай нотўғри хабарлар тарқалишининг олдини олиш учун ҳайит санаси қандай аниқланиши ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали батафсил маълумот бериб борилса, фойдадан холи бўлмас эди. Ҳатто, исломий сайтларда ҳам бу ҳақида мунтазам эслатиб бориш йўлга қўйилмаган.
Одатда, Рамазон ҳайити арафасида ва ундан кейин ижтимоий тармоқларда ҳайит кунини тўғри аниқлаш борасида баҳслар қизийди. Биз бугун Рамазон ҳайити борасидаги мунозараларни муҳокама қилиб ўтирмаймиз. Кўпчиликни Қурбон ҳайити қайси кунга тўғри келиши қизиқтирмоқда. Яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити борасида турфа фикрлилик ва баҳсларнинг олдини олиш мақсадида ҳижрий йил ҳисоби ҳақида ўзимизда бор маълумотни баҳам кўришни лозим топдик.
Ҳижрий йил ҳисоби
Аввало, шуни билиб олишимиз керакки, ҳижрий ойларнинг бошланиш ва тугаш вақтини олдиндан аниқ белгилаб қўйишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам замонавий астрономик ҳисоб-китоблар асосида чиқарилган тақвимларда «Рамазон бошланиши ва ҳайит кунлари бир кунга фарқ қилиши мумкинлиги» ҳақидаги изоҳ ҳар доим илова қилинган бўлади.
Ҳижрий-қамарий йил ҳисобига Ойнинг Ер атрофида айланиши асос қилиб олинган бўлиб, ҳижрий йил ҳар бири 29 ёки 30 кундан иборат бўлган 12 ойдан ташкил топади. Ҳижрий-қамарий ойларнинг бошланиши ҳилолнинг кўринишига боғлиқ.
Асрлар давомида мусулмонлар орасида янги ой бошланишига астрономик ҳисоб-китоблар эмас, балки янги ойнинг инсон кўзи ёхуд астрономик ускунлалар билан кўрилиши асос бўлиб келган. Ҳозиргача мусулмон ўлкаларда янги ой кўринишига қараб ҳижрий ой бошлангани эълон қилинади. Ҳиндистон, Бангладеш ва Покистонда астрономик асбоблар ёрдамида кузатилган ой ҳисобга олинмайди ва фақат инсон кўзи билан, ҳеч қандай воситаларсиз кўриш янги ой бошланишига асос қилиб олинади.
Одатда, ҳижрий ойнинг 29-куни тугайдиган оқшомда янги ойни кузатиш бошланади. 29-куни қуёш ботгандан кейин янги ой кўринса, эртанги кундан янги ҳижрий ой бошланиши эълон қилинади. Ҳилолни кўришнинг иложи бўлмаган тақдирда эса ўша ой 30 кун бўлган, деб ҳисобланади. Ҳижрий ойлар ҳеч қачон 28 ёки 31 кундан иборат бўлмайди.
Қурбон ҳайити санаси қандай аниқланади?
Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа ёки Ийдул Азҳо) ҳижрий йил ҳисоби бўйича 12-ой ҳисобланмиш Зулҳижжа ойининг 10-кунида нишонланади. Зулҳижжа ойининг қачон бошланиши эса ундан аввалги Зулқаъда ойининг 29-кунида, қуёш ботгандан кейин маълум бўлади.
Бундан аввал ҳайит кунини аниқ айтиш мутлақо иложсиз нарса. Фалон куни ҳайит деган эълон Қурбон ҳайитига кўпи билан 11 кун қолганда чиқарилиши мумкин. Шунинг учун Қурбон ҳаийити қачонлиги тўғрисида хабар келган пайтда унинг тўғрилигини текширишнинг имкони бўлмаса (аслида ҳар қандай хабарнинг рост-ёлғонлигини текшириб, кейин тарқатиш лозим), хабар келган кундан ҳайитгача қанча қолганини ҳисоблаб кўриш керак.
Қурбон ҳайитигача 11 кундан кўпроқ вақт олдин ҳайит ҳақида келган хабарнинг ёлғонлиги аниқ бўлиб, унга ишонмаслик керак (ҳайит куни аввалдан айтилган санага тўғри келиб қолиши ҳам мумкин, «ёлғон» дегани ҳали аниқ тасдиқланмаган маълумотлиги учундир).
Бу йил Қурбон ҳайити қайси куни нишонланади?
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, навбатдаги Қурбон ҳайити санасини аниқ айтишга ҳали эрта. Бугун (2017 йилнинг 19 августи) ҳижрий ҳисоб бўйича 1438 йил Зулқаъда ойининг 27-куни. Қурбон ҳайити қайси кунга тўғри келиши 21 август – душанба куни (Зулқаъданинг 29-санаси) қуёш ботгандан кейин маълум бўлади.
21 август оқшомида янги ой кўринадиган бўлса, Зулқаъда 29 кун бўлиб тугади, деб ҳисобланади ва 22 август Зулҳижжанинг 1-куни деб белгиланади. У ҳолда бу йилги Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 август – пайшанба кунига тўғри келади.
Агар 21 август оқшомида ҳилолни кўришнинг иложи бўлмаса, Зулқаъда ойи 30 кун давом этди, деб ҳисобланади ва Зулҳижжа ойи 23 августдан бошланади. Шундай бўлган тақдирда, бу йилги Қурбон ҳайити 1 сентябрь – жума кунига тўғри келади.
Астрономлар нима дейди?
Илмий ҳисоб-китобларга кўра, навбатдаги визуал янги ой 21 август куни Тошкент вақти билан соат тахминан 23:30 да пайдо бўлади. Аммо уни инсон кўзи билан кўришнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, янги ой ботаётган пайтда аксарият мусулмон мамлакатларида қуёш ҳали ботмаган бўлади.
Ҳилолнинг кўриниши ҳудуднинг жойлашуви ва об-ҳавога ҳам боғлиқ. Янги ойни кўра олиш, шунингдек, ойни кузатиш учун ишлатиладиган жиҳозларга қараб ҳам фарқ қилиши мумкин. Замонавий инфра-рақамли камералар ҳатто телескоп орқали кўриш имконсиз бўлган ойни ҳам тасвирга олиши мумкин. Яқинда британиялик олимлар Рамазон ҳайитини аниқлашда мазкур замонавий камералардан фойдаланиб кўришди.
Дунё мусулмонлари ҳайитни бир кунда нишонласа бўлмайдими?
Ҳозирда кўплаб мамлакатларда ойни махсус ҳайъатлар кузатиб, ҳайит кунини ҳар бир мамлакат мусулмонлари учун ўз расмийлари эълон қилишади. Европа ва Америкадаги мусулмонлар ҳайитни асосан Саудия Арабистони томонидан эълон қилинган санада нишонлашади. Кўпинча бир мамлакатда кўринган ҳилол бошқа мамлакатда кўринмаслиги мумкин. Ислом уламолари ҳар бир ўлкада ҳилолнинг кўриниши бошқа ўлкада янги ой бошланишига асос бўлиш-бўлмаслиги борасида якдил фикрга эга эмас.
Ҳозирга қадар ҳижрий саналарни белгилаш ва барча мусулмонлар амал қиладиган ягона ҳижрий тақвимни ишлаб чиқиш иши тўлиқ йўлга қўйилмаган. Ягона тақвимга амал қилишни ташкил этиш борасида анча йиллардан бери ҳаракат қилинмоқда.
2016 йилнинг майида Истанбулда бўлиб ўтган Халқаро Ҳижрий Тақвим Бирлиги Конгрессида Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ягона тақвим қабул қилишни ёқлаб овоз беришди. Яқин келажакда бу лойиҳа амалга ошиши ва бутун дунё мусулмонлар ягона тақвимдан фойдаланиб, байрамларни бир кунда нишонлаши мумкин.
Ўзбекистонда Қурбон ҳайити қандай белгиланади?
Ўзбекистонда ҳайит кунини белгилашда Астрономия институтининг янги ой кўрниши ҳақидаги маълумоти ва Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси уламолари хулосаси асос қилиб олинади. Бу йилдан Мусулмонлар идораси қошида ойни кузатиш ҳайъати ташкил қилингани ҳақида хабар берилган.
Шу ўринда эътибор бериш лозим бўлган муҳим жиҳат шуки, Ўзбекистонда «муфтият» деган ташкилот йўқ, Ўзбекистон мусулмонлари диний идоради бор. Диний идора эса ҳозиргача ҳайит куни қачон бўлиши тўғрисида расмий баёнот берганига гувоҳ бўлмаганмиз.
Ўзбекистонда ҳайит куни қайси кунга тўғри келиши ҳақидаги расмий эълон президент қарори ҳисобланади.
Ҳар йили ҳайит арафасида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Қурбон (ёки Рамазон) ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинади. Қарорга ҳайит куни қайси кунга тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси мурожаати асос қилиб олинади.
Республикамизда Қурбон ҳайити 1991 йил 20 июндаги “Диний байрам «Қурбон ҳайити»ни дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонига асосан дам олиш куни деб эълон қилинган. Меҳнат кодексининг 132-моддасида Қурбон ҳаийитининг биринчи куни байрам (ишланмайдиган) куни ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Қурбон ҳайити Мустақиллик куни билан бир кунга тўғри келиб қолса нима бўлади?
Илмий ҳисоб-китобларга таянган ҳолда тахмин қлииш мумкинки, бу йилги Қурбон ҳайитнинг биринчи куни 1 сентябрга – Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни нишонланадиган кунга тўғри келиши эҳтимоли юқори. Агар иккита байрам бир кунга тўғри келиб қолса, нима қилиниши кўпчилкни қизиқтиради.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон қонунчилигида иккита байрам бир кунга тўғри келиб қолса, ёки байрам куни якшанбага тўғри келса, бошқа яна бир кун дам олиш деб эълон қилиниши тўғрисида норма мавжуд эмас. Яқин тарихимизда иккита байрамнинг бир кунда нишонлаши ҳолати 2008 йилда юз берган. Ўшанда Рамазон ҳайити 1 октябрь – Ўқитувчилар куни билан бир кунда нишонланган бўлса, Қурбон ҳайитининг биринчи куни 8 декабрь – Конституция кунига тўғри келган.
Ҳайит якшанбага тўғри келиб қолгани муносабати билан ҳайитнинг иккинчи кунини ҳам дам олиш куни деб эълон қилиш ҳолати 2012 йилда кузатилган. Ўшанда рамазон ҳайити 19 августга тўғри келган ва президент қарори билан 20 август душанба куни ҳам байрам қилинган.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»