19:39 / 09.10.2017
16 662

Хитой ва Ўзбекистон: ислоҳатлардаги ўхшашликлар

Хитой ва Ўзбекистон: ислоҳатлардаги ўхшашликлар
Forbes Ўзбекистон ҳақида

14 сентябрь куни Forbes Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган ички ва ташқи сиёсатга доир мақоласини чоп этди. Унда таъкидланишича, Хитойнинг Ипак йўли ташаббуси туфайли Евроосиё харитадаги қайноқ нуқтага айланди. Минтақанинг энг кўп аҳолига эга мамлакати қайта ислоҳ қилиниш ҳаракатларини амалга оширмоқда. Бошланиши учун, мамлакат Марказий банки ўз валютаси — сўмнинг қадрини ошириш бўйича илк қадамларни ташлади. Бу ҳатто 5 сентябрь куни Bloomberg томонидан қайд этилди. Марказий Осиёнинг қадимий давлати ҳисобланган Ўзбекистонда ҳозирда катта иқтисодий ислоҳотлар кузатилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташқи дунёга кўпроқ очилаётган ўзбек етакчиси сифатида қайд этилмоқда.

Мирзиёев Евроосиё кузатувчиларига умид бермоқда — минтақанинг йирик ҳарбий державаси ниҳоят ўз иқтисодиётини модернизациялаштирмоқда ва бу жараёнда бошқа мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатмоқда.

Марказий Осиё ва Кавказ институтининг «Ипак йўли» дастури директори Сванте Корнелл ўзбеклар қўшнилар учун очилаётгани, янги президентнинг юритаётган ташқи сиёсатидан «ёқимли ҳайратда» эканини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 4 декабрида сайловчиларнинг 88,6 фоиз овозига эга бўлиб, президент этиб сайланди. У Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсатини ўзгартириб, хорижий капитални жалб қилиш учун (асосан Жанубий Корея ва Хитойдан) мамлакатнинг ҳуқуқий тизимини ўзгартирмоқда. Президент этиб сайланганидан бир неча ой ўтиб Мирзиёев Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга борди. Ушбу ойда эса у Қирғизистонга ташриф буюрди. Мирзиёевнинг уч қўшни мамлакат — Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга ташрифи кучли сигнал ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаларини яхшилаш устида ишламоқда.

Баъзилар Шавкат Мирзиёевни Дэн Сяопинга қиёслашмоқда. Дэннинг Хитой тарихидаги роли — Хитойни қудратли давлатга айлантирган иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этган. «Улар қадимий Ипак йўлининг бир қисми бўлишган ва энди янги Ипак йўлининг бир қисмига айланишади», — дейди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Reconnecting Asia лойиҳаси директори Жонатан Э.Хиллман.

Ўзбекистон 2019 йилга бориб тўлиқ валюта конвертациясига тайёргарлик кўрмоқда. Хитойдаги ислоҳотлар даврида бўлгани каби эркин савдо зоналари ривожланмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга қайтди. Улар шаффофликни ошириш ва маҳаллий статистикани мувофиқлаштириш борасида ҳукумат билан ишлашмоқда. Кейинги қадам суверен облигацияларни ишлаб чиқариш бўлади.

Хитой қўлга киритган ютуқлар омили

Хитойнинг сўнгги 40 йилликда қўлга киритган ютуқлари замирида иқтисодий тизимидаги олиб борган самарали ислоҳотлари туришини бугунги кунда тахлилчилар тан олмоқда.

Ислоҳотлар бошланган йилларда Хитойда деярли хусусий корхоналар йўқ эди. Бугунги кунда улар умумий ишлаб чиқаришнинг 75 фоизини ташкил қилмоқда. Бу мамлакатда нафақат хусусий мулкчиликка, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. Авваллари ишлаб чиқариш ва истеьмол марказлашган бўлса, эндиликда улар фирма ва оилалар қўлига ўтди. Олиб борилган туб ислоҳотлар натижасида маъмурий буйруқбозлик ўрнини иқтисодий ташаббускорлик, бозорга мослашув, рақобатбордошлик эгаллади.

Тахлилчиларнинг фикрича, “индивидуал ташаббусларнинг эркинлиги иқтисодий тараққиёт омили эканлигини” Хитойдаги ислоҳотлар исботлаб берди. Хукумат нафақат саноатда, балки аграр соҳада ҳам кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишга қарор қилди. Хитой жаҳондаги хайдаладиган ерларнинг 7 фоизига эга бўлишига қарамай, ер шари аҳолисининг тўртдан бир қисмини боқиши керак. Бир вақтлар халқаро хамжамият олдида “Хитойни ким боқади?” деган савол пайдо бўлган эди. Ўшанда Хитой раҳбарлари ва қишлоқ хўжалик бўйича мутахассислар “Хитойликлар ўзини ўзи боқа олади” деб ўз вақтида жавоб қайтаришгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Қишлоқларда ислоҳотлар бошланган 1978 йилдан бошлаб Хитойда аграр соҳа ривожлана бошлади. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда Хитой ғалла, пахта, ёғ-мой, сабзавот-мева, гўшт, тухум етиштиришда жаҳонда етакчилик қилади.

Ишлаб чиқариш ривожланиши натижасида аҳоли жон бошига тақсимланадиган қишлоқ хўжалик махсулотлари ҳам ошди. Қишлоқларда “амалиёт- хақиқат мезони” принципи асосидаги ислоҳотлар ва қишлоқ хўжалигида илмий техникадан фойдаланиш ўз навбатида меҳнат самарадорлигини оширди.

Кичик ва ўрта бизнесни тараққий эттириш йўлида

Шуни таъкидлаш керакки, ўтган асрнинг 90-йилларида Хитойда давлат корхоналари хусусийлаштирила бошланди. Бунинг натижасида юзага келиши мумкин бўлган ишсизлик даражаси ошишига йўл қўймаслик мақсадида ҳукумат кичик корхоналарга катта аҳамият қаратишга қарор қилди. Чунки, иш ўринларининг қисқартирилиши ижтимоий беқарорликни келтириб чиқариши мумкин эди. Айнан кичик бизнес янги ишчи ўринлари яратиб иннавацион технологияларни ўзлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда. “Кичик бизнесни молиялаштириш дастури”ни кенгайтириш мақсадида ҳукумат иқтисодий тараққиёт йўлида қонунчиликни такомиллаштирмоқда. Жумладан, 2002 йилда хукумат иқтисодиётнинг нодавлат секторида ривожланиб бораётган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга мақсадида “Кичик ва ўрта бизнес корхоналарини тараққий эттириш тўғрисида”ги қонун қабул қилди.

Кичик ва ўрта бизнесни тараққий эттириш йўлида маҳсус давлат жамғармаси ташкил этилди. Бу жамғарма тўлалигича давлат бюджетидан молиялаштирилади ҳамда кичик корхоналарнинг ривожланишида катализатор вазифасини бажаради. Бу жамғарманинг асосий мақсади кичик бизнес корхоналарини йирик компаниялар билан ўзаро рақобатида химоя қилиш ва уларнинг ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришлари учун имконият яратиб беришдан иборатдир. Айни дамда Хитойда 2020-2050 йилларга мўлжалланган иқтисодиётни модеренизация қилиш дастури тасдиқланган. Унга кўра мамлакат иқтисодиёти 2050 йилга бориб бутунлай модернизация қилиниши керак. Иқтисодиётни ривожлантиришга бағишланган Хитой миллий дастурига кўра, 2006 йилдан то 2020 йилга қадар иқтисодиётнинг 11 та тармоғини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, кичик бизнеснинг юксалиб бориши корхоналар барқарорлигини таъминламоқда. Шу тариқа мамлакат бюджетига солиқлар тушуми кўпаймоқда. Хитой Давлат Статистика қўмитаси тарқатган хабарга қараганда, бугунги кунда мамлакатда кичик бизнес корхоналарида меҳнатга яроқли аҳолининг 75 фоизи фаолият кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида кичик бизнес мамлакат иқтисодиётининг юраги эканлигини намойиш қилмоқда.

Кичик бизнес “Хитой мўъжизаси”ни яратди.

Мамлакатдаги кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва уларни хорижий компаниялар билан технологик хамкорлигига ёрдам бериш мақсадида маҳсус агентлик – Хитой Бизнес кооперацияси ва мувофиқлаштириш Маркази ташкил этилган.

Кичик бизнесни ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида хукумат турли чора-тадбирларни хаётга татбиқ этиш жараёнида 2001 йилда CSMEO давлат ахборот хизмати ташкил этилди. Бу мувофиқлаштирувчи марказнинг асосий вазифаси ўзининг интернетдаги сайти орқали аҳолига кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича информацион хизмат кўрсатади. Бу хизматнинг интернетдаги тармоғи Хитойнинг барча минтақаларини қамраб олган. Марказ ўз вақтида меҳнат бозоридаги вазият ҳақида, амалдаги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар борасида, сўнгги илмий техника ютуқлари борасида маълумот беради. Бундан ташқари, марказ турли семинар ва кўргазмалар ўтказади ҳамда корхона вакиларига маслаҳатлар беради.

Шуни таъкидлаш керакки, Хитой кичик бизнеси майда устахоналардан бошланган. Йиллар ўтиб кичик бизнес “Хитой мўъжизаси”ни яратди. Бугунги кунда Хитой матбуотининг ёзишича, “мамлакатда осмонўпар бинолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бормоқда”. Экспортга чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларнинг асосий қисми айнан кичик бизнес корхоналари хиссасига тўғри келади. Жаҳондаги электроника маҳсулотларининг катта қисми “Осмоности мамлакати” корхоналарида йиғилганлигини ҳам тан олиш керак. Жаҳон аҳолиси Хитой маҳсулотлари сифатидан қониқиш ҳосил қилмасада барибир уларни сотиб олмоқда. Шуни эслатиб ўтиш керакки, мамлакатда арзон, шу билан бирга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг натижасида жаҳоннинг ҳар бир мамлакатида Хитой маҳсулотларини учратиш мумкин. Кўпчилик итальян пойабзали, инглиз кастюм-шими, швейцария соатидан фойдаланишидан фахрланиши мумкин. Бироқ фахрланишга (тўғрироғи, мақтанишга) шошилиш керак эмас. Агар диққат билан қарайдиган бўлсак, (Африка,Австралия, Европа ёки Америкада бўладими) дунёнинг ҳар бир минтақасида истиқомат қилувчи оилаларнинг дастурхонидаги маҳсулотлардан тортиб маиший турмушда ишлатилаётган буюм ва жихозларнинг хаммасида “Made in China” тамғасини кўришимиз мумкин. Хитойда жаҳондаги машхур брендли машиналарга ўхшаш автомобиларнинг ишлаб чиқарилаётганига ҳам тан бериш керак. Тўғри хозирча Хитойда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифати япон, немисларники даражасига ета олмаган, бироқ хитойлик мутахассислар қўлни қовуштириб, хотиржам ўтиришаётгани йўқ. Бу мамлакат тадбиркорлари жаҳонда янги пайдо бўлган ҳар қандай махсулотни ишлаб чиқаришни ўзлаштириб олишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.

Мутахассисларнинг фикрича, кичик корхоналар алохида олиб қараладиган бўлса, денгиздан томчи бўлиши мумкин, аммо уларни бирлашган холда кўрадиган бўлсак, катта кучга айланиши Хитой мисолида намоён бўлмоқда.

Экспертлар Хитойдаги иқтисодий тараққиётга баҳо беришар экан бунга мамлакат аҳолисининг миллий менталитети асосий омил бўлаётганини таъкидлашмоқда. Чунки, мехнатни иқтисодий фаровонлик омили билан бир қаторда миллий қадрият деб билган хитойликлар ўзларининг тадбиркорликлари ва мехнатсеварликлари билан фаҳрланишади. Тарихий манбаларда “Осмоности” давлати деб тилга олинган қадимий Чин мамлакати халқининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, мехнатсеварлиги ва қолаверса, хукуматнинг хар томонлама қўллаб-қувватлаши билан чинакамига осмонга чиқди.

Ҳаммаси қандай бошланган эди?

Ўтган асрнинг 60 йилларидаги “катта сакраш” ва “маданий инқилоб” туфайли 1976 йил сўнгига келиб, Хитой чуқур иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий инқироз ёқасига келиб қолди. Хитой матбуоти ёзганидек, 1966-1976 йиллар мамлакатни ортга улоқтириб ташлаган “йўқотилган ўн йилликлар” даври бўлди. Мамлакат иқтисоди бутунлай таназзулга учраган, юз минглаб аҳоли қашшоқликда ҳаёт кечирарди. 1978 йилда импорт махсулотларини харид қилиш учун ҳам валюта етишмас эди. Технология бўйича Хитой ривожланган мамлакатлардан бир неча ўн йил ортда қолиб кетган эди. Аҳолисининг 70 фоизи қишлоқларда истиқомат қиларди. Уларнинг даромади яшаб қолишгагина етарди. Қўшимча маблағ топиш қатьиян ман қилинган эди.

Мамлакатнинг “буюк илҳомчиси” Мао Цзэдун (1976 йил сентябрда) вафот этганидан сўнг хокимиятга Хуа Гофэн келади. У Мао Цзэдун сиёсатини давом эттиришини айтади. Шу билан бирга раҳбарият ичида пинҳона кураш бошланди. Охир оқибат Дэн Сяопин бошчилигидаги прагматиклар ғалаба қозонади. 1977 йилнинг июнида Дэн Сяопин раҳбарлик лавозимларига сайланади. У партия раиси ўринбосари, Ҳарбий Кенгаш раисининг ўринбосари, Хитой Халқ Озодлик армияси Бош штабининг бошлиғи, ХХР Давлат кенгаши раисининг ўринбосари лавозимларни эгаллайди. 70-йилларнинг охирига келиб Дэн Сяопин амалда партия ва мамлакат етакчисига айланади.

Унинг ғояси бўйича тўрт йўналиш — қишлоқ хўжалиги, саноат, армия ҳамда фан ва техника тубдан ислоҳ этилиши керак эди. 1978 йилнинг 22 декабрида тарихий қарор қабул қилинади — Дэн Сяопин ва унинг ҳаммаслакларининг ташаббуси қўллаб қувватланади ҳамда “пролетариат диктатураси остида инқилобни давом эттириш” ғоясидан воз кечилади. Шу тариқа мамлакатда кенг қамровли модернизация жараёнлари бошланади. Унга кўра, янги “ислоҳатлар ва очиқлик” сиёсати тасдиқланади.

Шу тариқа хорижий капиталларни жалб қилиш, фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучайди. «Ҳозирги дунё — кенг алоқалар дунёсидир. Хитой ёпиқлиги туфайли ҳам ўтмишда қолоқ эди. ХХР ташкил этилгандан сўнг бизни яккалаб қўйишди. Шунингдек, бизнинг ўзимиз ҳам ёпиқ эдик. 30 йиллик тажрибамиз ёпиқ эшиклар ортида қурилишни амалга ошириб бўлмасликни, тараққиётга эришиб бўлмасликни кўрсатди”, деган эди Дян Сяопин. Шунда у “оқми, қорами — рангининг фарқи йўқ, мушук бўлсин — сичқон тутсин”, деган эди.

Одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин

Зарур сиёсий шароитлар яратилганидан сўнггина Дэн Сяопин кенг қамровли ислоҳатларни ҳаётга татбиқ этишга муваффақ бўлди. Унинг назариясига кўра, сиёсий тузумни ислоҳ қилмасдан туриб иқтисодий ислоҳатларни амалга ошириб бўлмайди. Сиёсий тузум ислоҳ қилинар экан Хитой қонунлар асосида бошқариладиган замонавий ҳуқуқий давлатга айланди. Дэн Сяопин Хитой воқелигидан келиб чиққан ҳолда режали иқтисоддан бозор иқтисодиётига ўтиш назариясини ишлаб чиқди. Шу сабабли ҳам уни Хитой ислоҳатларнинг буюк отаси дея таърифлашади. Хитойнинг аввалги ва ҳозирги раҳбарлари Дэн Сяопин ғояларига содиқ эканликларини айтишади.

Ўтган асрнинг 50 йилларида Дэн Сяопин ва Мао Цзэ-дун Хитой тараққиёти борасида кўп баҳслашган. Мао “катта сакраш” сиёсатини илгари сурар ва замонавий технологияларни ишлатмасдан аҳолини кенг жалб қилган, аммо хусусий тадбиркорлардан воз кечган ҳолда иқтисодиётни юритиш лозимлигини айтарди. Бу назарияга Дэн Сяопин қарши чиққани боис ҳам сургун қилинади. Кейинчалик ҳокимиятга қайтган Дэн қишлоқ хўжалик коммуналарни бекор қилади ва Хитойни тўлалигича ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайдиган давлатга айлантиради. Дэн Сяопин атиги бир марта Маони хатоларга йўл қўйган “буюк марксчи, пролетар инқилобчиси” дея атаган. Бошқа у ҳақда танқидий фикрлар билдирмаган. Шу тариқа ўтмишга нуқта қўйган Сяопин ғарб мамлакатлари билан мулоқотларни йўлга қўйди ва иқтисодиётни кўтаришда Япония тажрибасидан фойдаланишни тавсия қилди. 1979 йилда Дэн Сяопин АҚШга ташриф буюрди ва Оқ уйда президент Жимми Картер билан учрашди, молиячилар билан Хитойни қандай қилиб модернизация қилиш ва саноати ривожланган мамлакатга айлантириш масаласида маслаҳатлашувлар ўтказди. Қийинчилик ва қарама-қаршиликларга қарамай Хитой белгиланган йўлдан оғишмай олға юрди. Соҳил бўйида жойлашган шаҳарлар саноати гуллаб яшнаган марказларга айланди. Бу эса мамлакатнинг ривожига омил бўлди. Махсус иқтисодий зоналар сони ортиб борди, юқори ва янги технологиялар зоналарига ҳам катта эътибор қаратилди.

Дэн Сяопин шиорларга ўч эмас эди. Унинг шиори битта: “одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин”, эди. Ислоҳатлар шу қадар донишмандлик билан олиб борилдики, одамлар йилдан йилга бир йил аввалгига нисбатан яхшироқ яшай бошлади. Бундан рози бўлган хитойликларнинг айтишларича, ҳозирги ҳаётларидан розидирлар. Дэн Сяопин ислоҳатлар ўтказар экан бир нарсани — у ҳам бўлса марказий хокимиятни бўшаштирмасликни англаб етди. Ислоҳатлар шошма-шошарлик билан эмас, етти ўйлаб бир кесган холда олиб борилди. Дэн Сяопин Хитойни буюк давлатлар қаторига олиб чиқишни орзу қиларди ва бу орзусига эришди. Айни дамда Хитой замонавий саноати тезлик билан тараққий этаётган, фан ва маданияти ривожланган мамлакат дея тан олинган. Шу тариқа 2006 йилга келиб Хитой давлат жамғармалари бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олди. Бугунги кунда ХХР АҚШнинг йирик кредитори ҳисобланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хитой ва Ўзбекистон: ислоҳатлардаги ўхшашликлар