«Ҳали эрта деманг», ўтган бир йилгина вақт ҳам айрим хулосаларни чиқаришга етарли бўлди. Бир гапни олдиндан айтиб қўяй, мени маддоҳликда айблаб, изоҳ қолдириб ўтирманг! Мен маддоҳликдан йироқман, президент менга орден, медаль, ақалли «Конституциянинг 25 йиллиги» деган нишон тугул, бир пачка печенье ҳам бергани йўқ. Олиш ниятим ҳам йўқ. Аммо менга бошқа нарсани берди: эртанги кунга ишончни! Кўзим кўриб турганини айтаман, холос.
1. Давлатимиз раҳбарининг фаолияти ҳақида нафақат мамлакатимиз ичида, балки хорижда ҳам ижобий фикрлар айтилмоқда. Бундай хулосалар билдирганлар орасида машҳур олимлар, давлат ва жамоат арбоблари билан бир қаторда, мамлакатимизга нисбатан унча ҳам хайрихоҳ бўлмаганлар, ҳатто мухолифатчилар ҳам бор. Мисол келтириб ўтирмайман, ўзингиз гувоҳсиз, катта-катта минбарлардан президентимиз ҳақида ажойиб фикрлар айтилмоқда. Туркиядаги ватандошларимиз айтади: «Туркияда ҳали бирор мамлакат раҳбари бизнинг президентчалик тантанали кутиб олинмаган».
2. Балки энг асосийсидир. Қўшниларимиз билан шунча йил тақа-тақ ёпилган чегаралар очилди. «Бор товоғим, кел товоғим» бошланди. Қўшни давлат раҳбарлари тез-тез учрашиб, ажойиб келишувларни имзолашаяпти. Иншааллоҳ, шу кетишда бўлса, беш-ўн йилдан кейин манов Ўзбекистон, анов Қозоғистон, наригиси Тожикистон, ҳай ановиси Туркманистон-у, мановиси Қирғизистон, деб юрмаймиз. Ўртада божхона ҳам бўлмайди, бетон блок ҳам бўлмайди, биров «Пулинг қанақа?» ҳам демайди…
3. Ўзбекистон тарихида биринчи марта президент маҳбусларни АФВ қилди. 2700 оилада байрам бўлди. «10.000 кишини афв қилмоқчи эдим…», деди президент байрам куни. Демак, кейинги сафар камида 10.000 киши афв қилинади, чунки президент қайси сўзини шамолга совурганини кўрдингиз?
4. Эркин иқтисодий зоналарни кўраяпсизми? Мен Ургутдагисини кўраяпман, ўзим ўша ерликман. Четда юрган ургутликнинг ҳаммаси Ургутга қайтиб келаяпти. Тарихда бўлмаган ишлар бўлаяпти.
5. Чет элга чиқиб кетган «Ақл эгалари»ни президент қайтариб келаяпти. «Ўша ерда олаётганингдан катта ойликни бераман, кел, ватанда ишла!», деяпти. Бир ургутлик врач профессор бўлиб, Москвада мия жарроҳлигини амалга оширадиган машҳур нейрохирург билан шахсан кўришган президент ундан нега Ўзбекистонда ишламаётганини сўрабди. «Мени Ўзбекистонда сиғдиришмади», деб профессор очиғини айтиб қўя қолибди. «Ўзингизга худди мана шунақа клиника қуриб берсам, Ургутга бориб, ўз халқингизни даволайсизми?», дебди президент. «Албатта, бораман», дебди профессор. Нима бўлди, деб ўйлайсизлар? Москвадагидан икки баравар катта бўлган профессорнинг шахсий клиникаси битай деб қолди.
6. Қаерга борса, президент ўйнаб келаётгани йўқ, Ўзбекистон учун, сиз учун, биз учун бир нима ундириб келаяпти. Ҳар қайси давлатдан бир неча миллиард долларлик инвестициялар учун шартномаларни имзолаб келаяпти. Иншааллоҳ, 50 миллиарддан ошган бу сармоялар ҳадемай, ўз кучини кўрсатади.
7. Ер юзининг сайқали дейиларди-ю, аммо Самарқандда мадраса йўқ эди. Яна қаерлардадир йўқ эди. Ҳар бир вилоятда мадрасалар, яна олий мадрасалар очилди. Ҳадис мактаблари, ақийда мактаблари, тариқатшунослик мактаблари, Нақшбандий, Термизий марказлари очилиши жуда катта ишлар, иншааллоҳ, бу ишлар ҳам давом этади, мадрасалар сони озлиги, бу Исломга чанқоқ халқимизга етарли эмаслигини президент яхши билади. Бисмиллоҳ билан гапираётган, «Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз», деб гапираётган президент.
8. Конвертация деган нарсани бизнесменларимиз узоқ орзу қилишган эди, мана, амалга ошаяпти. Доллар бозор деган нарса адо бўлди, Худо хоҳласа.
9. Арзон уйлар қуруқ гап эмас, неча-неча оилалар бундай уйларга кириб бўлди.
10. Балки энг асосийсидир. Одамларда эртанги кунга, президентга ИШОНЧ юксалди. ОАВ воситалари ходимлари, журналистлар (айримлари, албатта) 25 йилда гапиролмаган гапларини, ёзолмаган мақолаларини БИР ЙИЛДА гапирдилар, ёздилар, балки кўпроқ ҳамдир! Ижод аҳлига эътибор, китоб, китобхонликка эътибор ҳеч қачон бундай бўлмаган!
Фақат мақтаманг, дейсизми? Камчилик йўқми, дейсизми?
Бор! Бир йилда бутун бошли мамлакатни бошқача қилиш осон эмас. Энг муҳими, қотиб қолган, президент «Мастер класс» ўтиб бермаса, «кўзи очилмайдиган», ҳали ҳам «кўз қисиш» билан машғул бўлиб юрган депутатлар борлиги, давлат раҳбарлари «Ўқитувчини, дўхтирни, талабани пахтага олиб чиқма, кўча тозалашга олиб чиқма!», деб турганда ҳам ўқитувчи ва шифокорни «ниқоблаб», «уюшмаган аҳоли қатлами» ёки «Маҳаллада бекор юрган бекорчи» мақомида ёки «ўзларидан ташаббус чиқди», деган иддаолар билан пахтага, ободончилик ишларига чиқараётган, энг ёмони, ҳали ҳам қўл остидагиларни қўпол ҳақорат қилаётган, зиёлиларни, мактаб директорларини УРАЁТГАН, ДЎППОСЛАЁТГАН, ХОРЛАЁТГАН маҳаллий раҳбарлар, ҳокимлар борлиги, албатта, ҳеч кимга шараф олиб келмайди. Аммо кўриб турибсиз, президент битта-битталаб бунақаларни «тозалаб» келаяпти. Иншааллоҳ, президент айтганидек, халққа хизмат қиладиган, халқни рози қиладиган раҳбарлар қўйилади. Ҳар бир соҳага. Прокуратурага ҳам! Судга ҳам! Солиққа ҳам! Коммунал тармоқ тепасига ҳам! …га ҳам! …га ҳам!
Яна битта камчилик ўзимизда, ОАВ ходимларида! Президент «Ёз, айт, камчиликни менга кўрсат!», деб турса ҳам жуда кўпчилик қаламкашлар, номдор қаламкашлар ҳали ҳам «советча» қолиплардан қутула олмаяптилар, ҳали ҳам «Ҳаммаси яхши, «раҳнамолигингиз остида», «кўрсатмаларингиз билан», «ташаббусингиз билан», «меҳрибончилигингиз туфайли», «сиз бошлаб берган йўлдан оғишмай», деб бошланувчи олқиш ва ҳамду санолар айтиш ва ёзиш билан банд. Ундайлар мустақилликкача ҳам, 25 йил давомида ҳам бу синовдан ўтган усул билан деярли барча мукофотларни олиб бўлдилар. Орден-медалдан бошлаб, «Олтин қалам»гача. Энди мукофотни кўзламасдан ҳам ёзсалар, борини ёзсалар ўзларига ҳам, охиратларига ҳам, эл-юртга ҳам яхши бўларди. Президентга ҳам яхши ишлар йўлида ёрдам берган бўлишарди.
Яна битта гап. Нархлар ошгани тўғрисида. Энди шунга кўнинг! Шунга мослашинг! Нархлар энди ОРҚАГА ҚАЙТМАЙДИ!
Буни бозор иқтисоди, дейдилар. Бу йўлга ўтган барча мамлакатлар, хусусан, сизу биз кўпроқ таққослайдиган Россия ҳам бу босқични жуда аянчли тарзда босиб ўтган, уларда бу «Шоковая терапия», деган ном остида ўтган. Нархлар кескин ошган, ойликлар паст бўлган, ишсизлар кўпайган. Керак бўлса, одамлар намойишга чиққан, иш ташлаган, тартибсизликлар бўлган, ишга ҳарбийлар, танклар аралашган! Аммо бозор иқтисоди секин-аста ўзанига тушиб олгач, бугунги ҳолига, тўкин-сочинчиликка келган.
Иншааллоҳ, бизда улардан ҳам яхши бўлиб кетади. Чунки, бизнинг халқимиз уларга қараганда миллион марта сабрли ва миллион марта меҳнаткаш. Улар ётиб олиб ичадиган ароқни ҳам миллион марта камроқ ичади. Қолаверса, бизда улардаги кўп муаммолар, туғилиш муаммоси, бузилиш муаммоси каби муаммолар йўқ. Худога шукур, уларда бўлган гомосексуалистлар партиялари, клублари, жамиятлари бизда йўқ. Бир жинсли никоҳ Ўзбекистонда қайд қилингани йўқ. Фашистлар партияси ҳам бизда йўқ. Яширинчаси ҳам! Халқимиз тоза, Худога шукур! Бу меҳнаткаш халқ билан кўп яхшиликлар қилса бўлади.
Бир йил ичида атрофимизда юз берган ўзгаришларни фақат фикри носоғ одамгина сезмаслиги, салбий баҳо бериши, президентни ёмонлаши, бизни эса маддоҳликда айблаши мумкин. Менинг эса ақлим соғ, кўзим соғ, билганимни айтдим, кўрганимни айтдим. Такрор айтаман, маддоҳликдан манфаатдор ҳам эмасман, бир нимадан илинжим ҳам йўқ!
Сиз-чи? Сиз нима дейсиз?
Ана шуларни «Афросиёб» газетасига ёздим. Сиз ҳам ёзинг, чоп этишга кафолат бераман.
Каримберди Тўрамурод,
«Афросиёб» газетаси муҳаррири.
«Афросиёб» газетаси муҳаррири.
Манба: kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Анчелотти: “Реал”да катта хатога йўл қўйдим. Бу менга катта дарс бўлди