Шанхайда атмосферадан ичимлик суви олиш технологияси яратилди

Шанхайнинг Жиао Тонг университети мутахассислари атмосфера ҳавосидан ичимлик суви олишга имконият берадиган янги технологияни ишлаб чиқишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда China Daily хабар берди.
Ишланма конденсация, ютилиш ва иссиқлик насоси усулларидан фойдаланилган. Ушбу технология, айниқса, намлик паст ва иссиқ шароитларга эга ҳудудларда жуда самарали бўлиши мумкин.
Шанхайлик муҳандислар шунингдек, қуёш панеллари орқали ишлайдиган автоном станция — AtmosWell қурилмасини тақдим этишди. У ҳарорат 15 дан 40 даражагача, намлик эса 35 дан 99 фоизгача бўлган шароитда ишлаш имконини бериб, кун давомида 50 литргача сув ишлаб чиқаради. Бу қурилма инфратузилмага уланишни талаб қилмайди ва ўлчамлари кичик автобус бекатидан катта эмас.

Бундан ташқари, суткада 1,6 минг литр сув ишлаб чиқариш қувватига эга платформа ҳам яратилди. Бу платформа ороллар, кичик аҳоли масканлари ва чекка ҳудудлардаги меҳмонхоналар учун жуда қулай бўлиб, уларда сувни барқарор ишлаб чиқаришга имкон яратади.
Шу тариқа, мазкур технологиялар атроф муҳитга кам таъсир кўрсатиб, сув таъминотини амалга оширишдаги янги усуллардан бирига айланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!