08:04 / 27.01.2018
23 416

Чаён заҳрини қайтарган дуо...

Чаён заҳрини қайтарган дуо...
Бундан бир неча ўн йиллар аввал, авжи ёз саратонида ҳамқишлоғим Боқижон Эшбоев билан помидорни яшикларга жойлаштираётгандик. Бирдан шеригим “уҳ-уҳ”лаб юборди. Қарасак чап қўлининг кўрсаткич бармоғини чаён чақиб олибди. Дарҳол тирсагидан сиқиб боғладик.

-Тезроқ шифохонага борайлик, – дедим ваҳимага тушиб, – чаён заҳри ёмон бўлади, ўлимга олиб бориши мумкин дейишади…

-Бунақа воқеалар бу жойда тез-тез бўлиб туради, – деди биздан сал нарида деҳқончилик қилиб юрган Тўлашбой ака Абдуллаев ёнимизга етиб келгач. -Энг яхшиси Лўғумбек қишлоғи тепасида Нўшкан маҳалласига боринглар. Ўша ерда Аливой деган одам яшайди. Зумда даволаб қўяди.

Машинада шоша-пиша айтилган манзилга йўл олдик.

-Бай, бай, роса кучга тўлгани чақибди-я!- деди у Боқижоннинг бармоғига назар солиб. – Ёз ойлари чаёнларнинг роса қувватга кирган пайти бўлади. Мен таҳорат қилиб олай, сизлар манави чорпояда ўтириб туринглар.

Аслида Алибой ака дарвозадан кирганимиздаёқ аҳволни тушунган экан. Боқижоннинг кўзидан ёш оқар, чаён чаққан бармоғидан то тирсагигача қорайиб қолган эди. Аливой ака таҳорат олиб келгач, дуо ўқишга тушди. У нафасини ичига чуқур ютиб, дуо ўқир ва сўнгги нафаси етгунча «куф-куф»ларди. Ажабки, у ҳар “куф”лаганда қўлни қорайтирган чаён заҳри пастга силжиб, йўқолиб борарди. Шу тариқа дуо ўқиб бўлгунча чаён қорайтирган доғдан асар қолмади. Фақатгина кўрсаткич бармоқнинг бўғинига келиб кўкимтир чизиқча пайдо бўлди.

-Эрталабгача бу ёғи ҳам йўқолиб кетади, хавотир олманглар, вақтида келиб яхши қилибсизлар,-деди Алибой ака бизни ҳайратга солган дуохонлигини якунлагач.-Мен чаён чаққан одамларни ва тошма тошганларни қасида дуосини ўқиб қайтараман. Сизларга маслаҳатим: чаён чақса ўша заҳоти ўлдирмай, думини узиб ташлаб, ўзини чаққан жойга қўйиш керак. Чаённинг ўзи ўз заҳрини танадан тортиб олади. Яна бир йўли: атрофда сигирми, қандайдир қорамол бўлса, чаён чаққан жойни ўша ҳайвоннинг тумшуғига тутиш даркор. Мабодо тана териси юпқа бўлса, дарҳол чаён чаққан жойни кесиб ташлаб, қонни пастга оқизиш зарур…

Ҳар йили ёз ой маҳали, помидорлар ғарқ пишган кезда, қўшним Боқижон билан ўша воқеани эслаймиз. Чаённинг заҳрини қайтарган дуонинг кучига ҳанузгача ҳайрон бўламиз.

Аслида дунёнинг ўзи, борлиқнинг ўзи тилсимот. Буни мўъжизакор ҳолатни бошидан кечирган одамгина яхши англаб етади.
Йўлдошмирза ИСОҚЖОНОВ

Манба: auz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чаён заҳрини қайтарган дуо...