
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Хорватия устидан қўлга киритилган ўта қийин ва тарихий ғалабадан сўнг бош мураббий Исломбек Исмоилов самимий, очиқ ва ҳазилга бой тарзда интервью берди. Мураббий ўз шогирдлари, жамоа руҳияти ва бўлажак рақиб ҳақида муҳим фикрлар билдирди.
Унинг таъкидлашича, пенальтилар сериясида барча қарорлар футболчиларнинг ўзи билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинган.
«Биз болалардан руҳан ким тайёрлигини сўрадик. Ҳар бири навбатини ўзи танлади. Бу ўзига ишонч белгиси, уларда характер бор,» — деди мураббий.
Бироқ жамоа учун катта хабардорлик — Муҳаммад Ҳакимов кейинги ўйинда майдонга туша олмайди. Исмоилов буни жиддий йўқотиш сифатида баҳолади:
«Муҳаммаднинг ўйнолмаслиги албатта зарба. Лекин унинг ўрнида Амирхон Муродовга ҳам ишончимиз катта. У ўзининг энг кучли ўйинини кўрсатишига умид қиламиз.»
«Биз осон ғалаба қозонмаймиз — доим босим остидамиз»
Исмоилов Хорватияга қарши ўйин олдидан жамоа фақат тактика эмас, руҳият борасида ҳам жиддий тайёргарлик кўрганини таъкидлади.
«Бу турда ҳар қандай рақибни ютиш мумкин — руҳият биринчи ўринда туради. Хорватия Европанинг энг бақувват жамоаларидан бири, жисмоний жиҳатдан жуда кучли. Шунинг учун оғир ўйин кутгандик. Лекин футболчиларимиз имкониятдан максимал фойдаланди.»
У Аргентина мисолини келтириб, бу босқичда прогнозлар умуман ишламаслигини қўшимча қилди.
Дарвозабонлар алмашинуви — режали қарор
Пенальтилар олдидан дарвозабон Неъматуллоҳ Рустамжоновнинг туширилиши кўпни қизиқтирган савол эди. Мураббий буни тезкор, аммо асосли қарор сифатида изоҳлади:
«Бизда икки нафари ҳам тенг кучли. Дарвозабонлар мураббийи вазиятни баҳолаб, ўз фикрини билдирди. Бу Иброҳим Шокиров туролмайди дегани эмас. Барча қарор жамоавий маслаҳат билан қабул қилинди.»
Италия — жиддий рақиб, таҳлил аллақачон бошланган
Исмоилов бўлажак рақиб Италия ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, штаб жамоа ўйинларини аввалдан ўрганиб бўлган:
«Ёрдамчиларимни аллақачон Италия — Чехия ўйинига жўнатдим. Батафсил таҳлил қилиб чиқдик. Улар билан ўйин тактик ва психологик нуқтаи назаридан талабчан бўлади.»
«Бир меҳмонхонада яшаяпмиз… кўзимиз тушса — салом айтамиз»
Интервью давомида мураббий меҳмонхона масаласида кулимсираб жавоб берди:
«Италия билан бир меҳмонхонадамиз. Саудия Арабистони билан ҳам бир ойда битта меҳмонхонада яшагандик. Ҳар куни ёнма-ён овқатланамиз. Меҳмонхона алоҳида саҳна эмас — ўйин майдонида гап кўп.»
Умуман, Исломбек Исмоиловнинг суҳбатидан жамоада ишонч, бирдамлик ва мусобақага жиддий ёндашув ҳукм сурилаётгани яққол сезилади. Эндиликда диққат маркази — 18 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — Италия нимчорак финали. Мухлислар учун бу ўйин нафақат имтиҳон, балки янги авлод футболчиларининг қанчалик бақувват эканини кўриш учун тарихий имконият бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.