22:38 / 30.01.2018
6 574

Ақтўбе фожиаси ўз-ўзидан бўлгани йўқ... Қишлоқда ер йўқ, иш ҳам...

Ақтўбе фожиаси ўз-ўзидан бўлгани йўқ... Қишлоқда ер йўқ, иш ҳам...
Улуғ жанг кунидир, жангки беомон,
Лашкар деган ахир, бехатар бўлмас, –деб ёзган эди Ғафур Ғулом.

Ўтган ҳафтада қозоқнинг Ирғиз даштида ёниб кетган эллик икки нафар ўзбек боласи ҳақидаги хабарни ўқиб, тирикчилик қирғинбаротида нобуд бўлган бу ёшларнинг тақдирига ачинмаган одам қолмади. Мен жанг, қирғин деган сўзларни ишлатдим. Дарҳақиқат, тирикчилик ҳам ҳозирги замонда катта бир жанг, у одамдан жидду жаҳдни талаб этади. Шоядки, кечагина жаҳд қилиб йўлга чиққан йигитларимиз шаҳидлар қаторига ўтган бўлсалар. Негаки, улар, Президентимиз айтганидек, “умид билан, не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман”, деб олис сафарга чиққандилар. Текин ошни эмас, оғир меҳнатни бўйинга олиб, пок ният билан сафарга кетаётган эдилар.

Бу... навбатдаги қурбонлик бўлди, сал аввалроқ темир йўл устида тўхтаб қолган автобусни поезд уриб юборди. Ичи тўла мигрант ўзбеклар экан, қанчаси нобуд бўлди. Ундан илгари эса ўзбеклар тушган автобус ағанаб кетиб, яна қанча ёш жонларнинг ҳаётига нуқта қўйилди. Кўмирдан ис гази чиққани учун, ё улар ётган уй ёниб кетгани сабабли, ё қурилаётган бинонинг нечанчидир қаватидан тушиб кетгани боис, ўзбекларнинг ўлиги қайтаётир. Уларнинг сони афғонда нобуд бўлган йигитларимиздан неча баравар кўп.

Аммо булар ҳам хамир учидан патир. Миллионлаб ўзбекларнинг ҳаётини барбод этган, орзу-умидларини чилпарчин қилган бу меҳнат миграцияси деган бало биз билмаган, ёки ўзимизни алдаб, пайқамаётганга солиб турган, аммо кейинроқ юзага чиқадиган яна бир талай жиноят ва гуноҳ ишларнинг боши экани ҳам аниқ. Чунки уларнинг болалари ҳаёти ҳам бор:

- ишлайман деб Россияга кетган йигит олти ой ўтиб-ўтмай, уйдаги бола-чақаю ота-онасини унутиб, бирон марусяга уйланиб, йўқолиб кетгани;

- ота-онаси умид билан ўстирган қиз аллақайси, отини биз ҳатто эшитмаган ҳам юртларга етиб бориб, исловотхоналарни “обод” қила-қила, касаллик юқтириб, не аҳволга тушгач, “алданган шўрлик” бўлиб қайтиб келиб, энди одамларга одоб ва ҳаё борасида насиҳат ўқиётгани;

- институтни тамомлаб, ишга киргач, ойлиги йўлкирага ҳам етмай, ноилож тил ўрганаётган, имтиҳондан ўтсам, Кореяга бориб ишлардим, деган ниятда юрган йигитлар... Уларнинг турмуш қуриши кечикиши;

- ишлаб топган пулини зўравонларга олдириб, қайтиш учун йўлкирани ҳам қарзга олиб келиб, бўйни қисилиб, иш топа олмай юрганлар;

- шайтон васваса қилиб, ё шайтонга ҳам дарс берадиган маккораларнинг тузоғига илиниб, ҳирсини тиёлмай, қўлга тушиб қамалиб кетаётганлар;

- эри неча йиллаб қорасини ҳам кўрсатмай, охирида, тирик жон экан, йўлдан озиб, одоб-ахлоқни унутган жувонлар...

Яна қайси бир нохуш ҳолатларни санайлик? Адоғи борми уларнинг?

Ўзбекистон телевидениесининг “Меҳр кўзда” деган кўрсатуви бўларди, ёдингиздадир? Ҳозир ёпилган. Чунки ҳар ҳафта юзлаб одамлар ТВ эшиги тагига келиб ётиб олишар экан. “Болам Россияга кетган, олти йил бўлди, дараги йўқ, топиб беринглар”, “Эрим Қозоғистонда, пул юбормайди, телефон ҳам қилмайди, тирик бормикин?” ва ҳоказо. Ҳали минглаб одамлар бор, ҳеч кимга овоза қилмай, унсиз кутаётган, дардини ичига ютаётган.

Баъзилар кулади, ҳозир ўзбеклар дунёнинг исталган мамлакатида бор, деб. Аслида, сочилиб кетишдан ҳам катта фожиа борми миллат учун?

Кечаги ногаҳоний балода қазо топган ватандошлар қисматига куйинган бир дўстимиз бунга аввало таълим сифатининг пастлиги, шу сабабли ёшларимизнинг савияси қора меҳнатдан бошқасига ярамаётганини сабаб қилиб кўрсатса, бошқа адибимиз авиабилетлар нархи Ўзбекистонда ҳаддан ташқари қиммат бўлгани учун аксар одамлар Россияга шалоғи чиқиб кетган автобусларда йўл олишга мажбур эканини айтади. Рост, ана шу йигитлар Тошкентнинг ўзида самолётга ўтирганларида бу фожиа юз бермаган бўлар эди-ку! Темир йўлдан ўтишда мотори ўчиб қоладиган, трассада ағанаб кетадиган, йўлда бузилиб, 57 одамнинг куни битта кавшарлагич лампанинг илиғига қоладиган автобуслар ҳам ана шу фожиага сабаб бўлгани бор гап.

Албатта, мардикорликка кетаётган йигитларнинг бехатар йўл юришини таъминлаш бўйича нимаики чоралар бўлса, қилиш керак. Аммо бундан ҳам аввал нега бизнинг ватандошлар хорижга чиқиб ишлашга маҳкумлиги сабабини топиш керак. Ахир беш йил, боринг ана ўн йил йигитларимиз четда ишлаб пул топишга мажбур бўлганликларини тушунса бўлади – иқтисодий турмуш тарзи янгилангани, эски хўжалик механизмлари ишдан чиқиб, янгиси тиклангунча – аммо бу абадий давом этувчи, шундай бўлиши муқаррар ҳолми? Ҳозир шундай бўляптики, мардикорчилик механизмларини янада такомиллаштириш, мигрантларининг ҳуқуқини яхшироқ ҳимоя қилиш, уларнинг иш шароитини яхшилаш каби тадбирлар устида кўпроқ ўйлаяпмиз.

Улар хорижга чиқиб кетмаса, ўзимизда иш топилмайдими? Ахир Ўзбекистон – шу ўттиз уч миллион табаани боқишга етадиган юрт-ку? Уларни “ношукур”, “ишёқмас” деб айблаш ҳам етарли бўлди, чамаси. Четга жўнаётган йигитларнинг умри ҳам, худди бизники каби, азиз-ку? Нега уларнинг жони бу машъум “тирикчилик” учун қурбон бўлаверади?

Андижонлик шифокор жияним бир қишлоққа касал кўргани борса, икки ҳовли нарида биров қазо қилган экан, беморни кўриб бўлгач, жанозада қатнашибди. Қараса, эллик-олтмиш яшар одамлар тобут кўтаришга уннаб ётишган экан. “Ҳой тоға, ёшларни чақиринг, нимага сиз кўтарасиз?” деб сўраган экан, у одам: “Ҳе, духтур, қишлоғимизда ёшлар қолмади, бари Россияда, – деб уф тортибди. – Ҳали кўрасиз, майитни қабристонга олиб бораётганда ялинамиз одамларга, барака топкурлар, кўтаришиб юборинглар, савоб бўлади, деб. Ҳатто ўликни мозорга элтишга ҳам ёшлар керак экан. Ҳеч ким қолмай, бари ишлагани кетган, тобутни бир амаллаб кўтарамиз-да!”

Шаҳарда унча билинмайди, аммо қишлоқларимиздаги йигирма билан қирқ ёшнинг ўртасидаги – авж йигитлар ўзга юртларда экани яққол сезилади. Ахир бу инсон умрининг гуллаган, юртини ҳам яшнатадиган энг навқирон чоғи-ку? Аммо бизнинг ёшлар бу кунда Россияни обод қиляпти, мол боқяпти Қозоғистонда, қизлар эса Амирликда канизлик... каби ишлар билан машғул.

“Кечаги бўлган фалокат одамга кўп нарсадан далолат беради, – деди Президентимиз. – ...Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юришибди... бу – энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида ҳал қилмаганимиздан далолат. Шунинг учун улар бегона юртларда сарсон-саргардон”.

Биз йигитларимизни асрай олмаяпмиз, йигит дегани миллатнинг гули эди-ку. Ўзбек генофондининг олтин захираси хорижда хор бўляпти бу кунда.

Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ,
Қалқон бор, қалъа бут, қўрғон саломат.
Қизлар кулгусида авжу даромад,
Чоллар уйқусида жаннат, фароғат, – деб ёзганида Ғафур Ғулом нақадар ҳақ эди!

Бир замонларда вабо, ўлат каби эпидемик касалликлар юртга ёпирилиб келиб, беҳисоб одамларнинг ёстиғини қуритган. Қарийб чорак асрдан бери қишлоқларимиздан ўзга юртларга жўнаб, ҳануз қайтмаган ёки қайта олмаган, шу кўйи ўлган, майиб-мажруҳ бўлиб қолган, оиласидан ажралган юртдошларимизнинг саноғи қанча экан, хабарим йўқ. Аммо бир ўлат келтирган балодан ўн чандон кўп, десангиз ҳам ишонаман. Гўё, қишлоқларимизга вабо келиб, энг бақувват йигитларни олиб кетаётгандай.

Эҳтимол кимдир, ҳа энди, беш-олти йил бориб ишлаб, пул топиб келса, уй қурса, машина олиб минса, яхши-ку, деяр. Аммо бир йигит қайтиб келиб-келмай туриб укаси, ё жияни йўлга отланяпти-да! Яъни, камида уч миллион нафар энг сара меҳнат кишиси доимо четда. Ҳозир Россиянинг ўзида (расмий маълумот бўйича) 2 миллион 834 минг 848 киши “гастрбайтер”лик қилиб юрган экан. Миграция қонунларини бузиб бўлса ҳам бориб ишлаётган, ертулаларда жон сақлаб, пул топишга уринаётганлар кирмаган бу ҳисобга! Қозоғистон, Корея, Польша...га кетиб ишлаётганларни ҳам қўшинг-чи бунга!

Ўртача бир мамлакат аҳолисига тенг келади бу рақам. Аммо қари-қартанг, хотин-халаж, гўдак болалари бор бўлган “умуман” аҳоли эмас, энг сара, бақувват, ишга яроқли йигит дегани бу. Агар шунча меҳнат қилишга қодир одам ўзимизда ишлаб ётган бўлса борми! Аммо бу ҳозир армон, холос.

Мен боя четга ишлаш учун асосан қишлоқларимиздаги йигитлар йўл олишаётганини айтгандим. Шаҳардан кетаётганлар ҳам бор, аммо анча кам.

Биласизми нимага шунақа? Чунки қишлоқда иш қолмади. Одам меҳнат қилиб ўзи ва оиласини боқиши мумкин бўлган иш йўқ. Барча ер бойларга, американча қилиб “фермер” деб аталадиган кишиларга берилган. Шу қишлоқда туғилиб-ўсган, яшаётган, аммо фермер бўлиш учун талаб этилган трактори, юк ё енгил автомашинаси, олий маълумоти ва ҳоказолари йўқ, қисқаси, қўли юпқа одамларга фермерлик тегмай, ердан чиқариб юборилган. Шахсий трактор, юк ё енгил автомашинаси кимда бўларди, дейсиз? Албатта, раис бувада, бош агрономда, бош инженерда, туманнинг аввалги “катта”ларида! Олий маълумотни ҳам ана ўшаларнинг фарзандлари олишар, кетмончининг болалари эса муштдайлигидан далага чиқиб ишларди, камбағалда диплом нима қилсин? Ҳолбуки, ўтган аср бошида ўтказилган ер ислоҳотида ҳамма ерли бўлган, сўнг эса “колхозлаштириш” зуғуми билан ерларини давлатга топширган эди ана шу ери фермерларга ўтиб кетган шўрликларнинг ота-боболари. Бу ер уларнинг ҳам ери эди. Энди шапалоқдай уйи бор, аммо деқончилиқ қилишга ери йўқ одам қишлоқда нимани тишига босади? Фермер эса ҳаммани ишга ололмайди, ўз яқинларини, қолаверса, ҳаққини ҳадеб сўрамайдиган бўш-баёв кишиларни ишлатиш пайидан бўлади.

Одамлар тирикчилик манбаисиз қолгач, иш излаб шаҳарга ёпирилди, эркакларгина эмас, хотинлар ҳам мардикорликка чиқа бошлади, ҳатто хотин мардикорлар бозорлари очилиб кетди. Яна шунчадан кейин, “олам бизга маҳлиё!” қабилидаги қўшиқлар кўпайганини айтмайсизми.

Бунинг бари қишлоқ одамларининг кўпчилигини боқиб турган ер улардан олиб қўйилиб, бир неча фермерга хатлаб берилгани оқибати бўлди (албатта, фермерларга ҳам осон бўлмади, аммо бу энди бошқа мавзу).

Қирғизистонда худди шу жараён бошқача кечган. У ерда бирон колхоз тугатилган бўлса, унинг ҳудудида 1994 йилгача қанча одам яшаганига қараб экин ери улуш сифатида тақсимлаб берилди. Айтайлик, бир минг икки юз гектар экин ери бор қишлоқда ўн минг нафар одам яшаса, киши бошига 12 сотихдан ер тўғри келади. Ана марҳамат, оилада беш жон бўлса, ярим гектар ер олган, саккиз киши бўлса, 96 сотих ер ўлчаб берилган. Албатта, бу ерга уй-жой қуриш мумкин эмас, алоҳида ўраб олишга ҳам йўл қўйилмайди, ўқ ариқлар – чегара. Шу ер шу оиланики, нима экса, ўзи билади, ўзи сотади. Ҳоким ҳам ўз ишини қилади, фермер хўжалигига бириктирилмаган райздрав бошлиғи ҳам тунлари тракторга солярка қидирмай, духтурлиги билан банд. Қаранг, одамлар пахта ҳам экяпти, чунки меҳнати оғирроқ, аммо даромади яхши экан, ўзи териб олиб, уйига опкетади, қишда ё баҳорда келадиган турнақатор харидорлар билан баҳосини келишиб, сота беради.

Албатта, ҳар ернинг ўз тоши, ўз тарозиси бор. Бироқ бир нарса аниқ: ёппасига колхозлаштириш ва пахта эктириш ўзбек деҳқончилиги учун офат бўлган эди, ёппа фермерлаштириш ҳам ўшанақа бир кампания бўлди. Бунақа катта ижтимоий ислоҳотларни аввал бир вилоят миқёсида синаб кўриб, яхши натижа бергачгина бошқаларида ҳам жорий этиш керакмикан, дейман.

Демак, хулоса ҳам шунга яраша: бирон вилоятда фермер хўжалиги деган нарсага барҳам бериб, ерни киши бошига қараб оилаларга тақсимлаш ё бошқача тарзда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзгариш ўтказиб кўриш керак. Мен аминман: қишлоқ оиласида лоақал ярим гектар ер бўлса, у ҳолда шу оиланинг энг девкор йигитлари иш излаб четда сарсон бўлмайди, оиласи бағрида боғу экинзорини гуллатади, тирикчилигини бемалол ўтказади, минг хил жиноятларнинг ҳам илдизи қирқилади, болалар эса ота назоратида, ота меҳрини кўриб улғаяди. Йигитларимиз йўлларда нобуд бўлмайди, куйган жасадлари келмайди уларнинг. Чол-кампирлар уйқусида ҳаловат туяди. Ишлаш учун хорижга кетган аёллар ҳам уйига қайтади, эри эркакдай бўлиб кўчага чиқади. Бозорларда картошка-пиёз ҳам, бошқаси хийла арзонлашади.

Ўшанда ўзбек ўзига бек бўлади, иншоолло. Аммо ҳозир, ҳозир эса...
Зуҳриддин Исомиддинов

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ақтўбе фожиаси ўз-ўзидан бўлгани йўқ... Қишлоқда ер йўқ, иш ҳам...