13:01 / 05.03.2018
48 543

Қуёнчилик: Осон, камхарж ва сердаромад бизнес

Қуёнчилик: Осон, камхарж ва сердаромад бизнес
Қуёнчилик сердаромад соҳалардан бирига айланмоқда. Гўшти ва териси харидоргир, боқиш осон ва катта харажат талаб қилмаслиги қуёнчилик билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун айни муддао.

Тадбиркорларнинг ҳам бу фойда келтирувчи тармоққа қизиқиши ортган. Єулай иқлим шароити, табиий ер майдонларининг етарли экани қуёнчиликни ривожлантириш имконини беради.

Қуёнчилик олинадиган маҳсулотга қараб икки гуруҳга ажратилади: гўшт ва тери берадиган қуёнлар. Юртимизда ҳозир уй шароитида қуёнбоқарлар кўпроқ «Оқ великан», «Кулранг великан», «Оқ момиқ» ва «Ангор» зотли қуёнлар кўпайтирмоқда.

— Фаолиятимни 2017 йилда бошлаганман, — дейди Оҳангарон туманидаги «Зайнабхон онам» қуёнчилик фермер хўжалиги раҳбари Саломат ЎЛМАСОВА. — Унгача ҳам қизиқиб уй шароитида қуён боққанман, албатта. Ҳаммасини 2 бош қуёндан кўпайтирганман. Ҳозир қуёнлар сони 400 бошга етган. Қуён жуда тез кўпаяди, йилига 4-6 марта болалайди. Бўғозлик даври 28-30 кун, 8-12 тагача туғади. Ҳозир қуённинг «Оқ великан», маҳаллий «Қора жайдари» зотларини боқяпмиз. Хўжалигимизда 3 киши доимий иш билан банд.

Жониворлар боқувга инжиқ эмас. Асосан, сабзи, беда, арпа, буғдой бериб парваришлаймиз. Вақтида профилактика қилиб турилса, турли касалликларга чалинмайди. Йўқса, ўлатга чалиниши, шамоллаб қолиши мумкин. Шунингдек, улар ичкетар касаллигига тез чалинади, қорни шишиб кетади ва ҳоказо.

Яхши боқилса, урғочиси тўрт ойда 4,5 килограмм, эркаги 8 килограммгача тош босади. Бундан даромадни чамалаш қийин эмас. 1 килограмм қуён гўшти бозорда 30 минг атрофида туради. Масалан, 100 бош эркаги ўртача 800 килограмм гўшт қилади. Бу ўртача 24 миллион сўм, дегани. Эндиликда уларнинг терисини ошлаш, қайта ишлашни ўзлаштиряпман. Очиғи, ҳозирча фойда ҳақида гапиришга эрта. Шу пайтгача тушган даромадни фаолиятни ривожлантиришга, такомиллаштиришга йўналтир­япмиз. Энг муҳими, қуён гўшти ҳамиша харидоргир.

Энди қуёнларни янгича, илғор технологияга асосланган шароитда боқишни йўлга қўйиш ниятидаман. Бу борада ўйлаб қўйган режам, лойиҳам ҳам бор. Янги қуён боқиладиган жой Европа стандартларига мос бўлади. Шунингдек, 10 та янги доимий иш ўрни яратилади. Экспорт ҳақида ҳали ўйлаганим йўқ. Тўғри, Мўғулистон, Қозоғистон ва Хитойдан қизиқиш бўлди. Аммо улар билан ҳозирча ҳамкорлик қилганим йўқ. Олдин замонавий қуён боқиладиган жойни ишга тушириб, фаолиятни рисоладагидек йўлга қўйиб олишни кўзлаяпман.

Ҳа, ғайрати тўлиб-тошган тадбиркорнинг ўз шиори бор: «Руҳан тушкунликка тушмаслик, фақат олға интилиш». Саломат опанинг айтишича, қуён боқиш учун сарфланган харажатлар ўзини бемалол оқлайди. Қуёнчилик сирларини Бекобод ва Янгийўлдан келиб ўрганиб кетишибди. Жониворлар учун ем-озуқа эса фермер хўжалигининг ўз ер майдонидан чиқади. Келгусида тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш ниятида. Ўғли ҳам уй шароитида 2 мингта ўрдак жўжасини боқа бошлабди. Суҳбат асносида тадбиркор опа бир қизиқ маълумотни айтиб қолди:

— Илгари бир биолог мутахассисдан урғочи қуённинг бачадони иккита бўлади, деб эшитгандим. Буни ўзим қуённинг бачадонини ёриб текшириб кўрдим, тўғри экан. Биринчиси уруғлангач, 5 кун ичида иккинчи бачадон ҳам уруғланиши мумкин. Шунда урғочи қуён 10-12 эмас, 16 тагача бола туғиши мумкин. Урғочи қуён 28-31 кун ичида туғади, яъни бугун туғса, эртага ёки индинга ҳам туғиши мумкин. Яна бир шахсий кузатувим: боласига қарамай қўйган она қуённи яна эркагининг олдига қўйиб қочириш керак экан. Бўғоз бўлгач, оналик меҳри қайта уйғониб, яна боласига қарай бошлайди.

Қиймати ва хусусиятлари
Қуён гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддаси камлиги сабаб тиббиётда аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар касалликларини даволашда фойдали. Момиғидан тайёрланган буюмлар неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия этилади. Момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан 10 баробар устун.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қуёнчилик: Осон, камхарж ва сердаромад бизнес