
Навоий вилоятининг Томди туманида содир бўлган қўрқинчли ва шафқатсиз жиноят иши юзасидан суд ҳукми чиқарилди. Суд 41 ёшли маҳаллий фуқаро Салим Рустамовни уч нафар яқин қариндошини қасддан ўлдиргани учун умрбод озодликдан маҳрум этди.
Маълумотларга кўра, Рустамов собиқ турмуш ўртоғи Гулмира Эргашова ва унинг ота-онасини ҲОВО русумли юк автомобили билан босиб ўлдирган. Фожеа собиқ қайнотасига тегишли дала ҳовлиси атрофидаги мулк низоси ортидан келиб чиққан.
Суд материалларига кўра, Рустамов 2008 йилда Гулмира билан турмуш қурган, аммо 2021 йилда уларнинг никоҳи расман бекор қилинган. Кейинчалик суд қарори билан уни дала ҳовлисидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилинган. 2025 йил март ойида ижро жараёни пайтида у МИБ ходимлари иштирокида ҳовли яқинида юк машинасини ҳайдаб, собиқ хотини ва унинг ота-онасига қасддан ҳужум қилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Рустамов ҳаракатни олдиндан режалаштирган, дастлаб автомашина билан уриб, сўнгра пичоқ билан ҳам зарбалар берган. Оғир жароҳатлар натижасида жабрланганлар ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Томди туман суди уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва 219-моддаси (ҳокимият ёки фуқаровий бурчни бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича айбдор деб топди. Суд ҳукмига кўра, Салим Рустамов умрбод қамоқ жазосини махсус тартибдаги колонияда ўтайди.
Апелляция суди биринчи инстанция қарорига ўзгартириш киритмасдан, ҳукмни ўз кучида қолдирган.
Мутахассислар бу ишни “оилавий можароларнинг чуқур ижтимоий иллатлардан бири” сифатида баҳолаб, зўравонлик ҳолатларига нисбатан жамоатчиликда муросасиз муносабат шакллантириш зарурлигини таъкидлашмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!