date

Санкт-Петербургда хорижий курьерлар фаолияти чекланди

Санкт-Петербургда хорижий курьерлар фаолияти чекланди

3 ноябрдан бошлаб Санкт-Петербург шаҳрида етказиб бериш соҳасида ишлаётган бир қатор мигрантлар учун янги тақиқ кучга кирди. “Аргументы и факты” нашри ёзишича, “Самокат” ва “Яндекс Еда” каби йирик сервислар эндиликда хорижий фуқароларга сменага чиқиш ва буюртма қабул қилиш имконини бермайди.

Яъни, илова орқали фаолият юритган Озарбойжон, Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова ва Украина фуқаролари энди бу платформаларда ишлай олмайди. Аммо бу чеклов Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо давлатлар фуқароларига тааллуқли эмас — улар аввалгидек патентсиз ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу қарор илк бор август ойида Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов томонидан имзоланган эди. Унга кўра, шаҳарда мигрантларнинг курьерлик ва такси хизматларида ишлаши чекланади, компанияларга эса кадрлар сиёсати ва ички тизимни янгилаш учун уч ой муддат берилган.

Шаҳар маъмурияти бу чорани яширин иш билан таъминланганликни камайтириш, хизматлар сифати ҳамда хавфсизлигини ошириш ва маҳаллий аҳоли — айниқса ёшлар ҳамда талабалар учун қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида жорий этганини таъкидлади.

Муттахассислар фикрича, янги тизим мигрантлар оқимини қисқартиради, бироқ бу етишмаётган кадрлар муаммосини янада кучайтиради. Чунки курьерлик соҳаси Санкт-Петербургдаги тез ривожланаётган хизматлар тармоғининг асосий қисми ҳисобланади.

Айни пайтда, маҳаллий расмийлар бу чеклов вақтинча эканини ва янги иш тизими муваффақиятли йўлга қўйилгандан кейин шартлар қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Санкт-Петербургда хорижий курьерлар фаолияти чекланди