
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Кубаева сўнгги суҳбатларидан бирида ўз ижоди, гонорари ва ҳақиқий қадриятлари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, кўпчилик уни “энг қиммат актриса” сифатида билишига қарамай, бу гаплар ҳақиқатдан анча йироқ.
— Мени “энг қиммат гонорар оладиган актриса” дейишади. Аслида, давлат буюртмаси билан суратга олинадиган фильмларда тўловлар юқори эмас. Бир фильм учун бор-йўғи 300 минг сўмдан ортиқ ҳақ олганман. Бу ҳолат менга оғир ботганди, аммо узоқ вақт сир сақладим. Кейин Telegram’даги жонли эфирда саволлар кўп берилаверганидан кейин беихтиёр бу ҳақда айтдим, — дейди актриса.
Дилнозанинг сўзларига кўра, шу воқеадан кейин Адлия вазирлиги мутахассислари унинг ҳақ-ҳуқуқларига бефарқ бўлмаган. Бу масала учун курашиш хусусида Адлия вазирлигидан акамга қўнғироқ қилишибди. — Буни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Демак, ижодкорлар манфаатини ҳимоя қилувчилар бор экан, — деди у.
Актрисанинг таъкидлашича, жамиятда “санъаткорлар катта пул топади” деган фикр нотўғри. — Агар кинода пул зўр бўлганида, тўйдан-тўйга юрмасдим. Биз ишни пул учун эмас, меҳр билан қиламиз, — деди Кубаева.
