date

Тошкентда ноқонуний қурилган “Адрас” меҳмонхонаси бузилди

Тошкентда ноқонуний қурилган “Адрас” меҳмонхонаси бузилди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган “Адрас” меҳмонхонаси шаҳарсозлик меъёрларига мос келмагани ва рухсатсиз қурилгани сабабли бузиб ташланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Гавҳар кўчасида қурилган мазкур бино тегишли идоралар томонидан ўтказилган текширувлар натижасида ноқонуний қурилма сифатида аниқланган. Текширув жараёнида қурилиш учун зарур бўлган ҳеч қандай рухсатнома ёки лойиҳа ҳужжатлари мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Шу сабабли амалдаги тартиб асосида бино бузиб ташланди.

Ҳокимлик тадбиркорлар ва аҳолига мурожаат қилиб, ҳар қандай қурилиш ишларини бошлашдан олдин тегишли рухсатномаларни расмий тарзда олиш зарурлигини эслатди. Акс ҳолда, бундай қурилишлар ноқонуний деб топилиб, белгиланган тартибда бартараф этилади.

Маълумот учун, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги инспекция томонидан ҳозирда 28 мингдан ортиқ объект давлат назоратига олинган. Фақат жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 317 мингга яқин текширув ўтказилиб, 154 мингдан ортиқ ёзма кўрсатма берилган. Шунингдек, 7 мингдан зиёд ҳолатда масъул шахсларга маъмурий жарима қўлланилган.

Шу билан бирга, лойиҳа талаблари бузилганлиги учун 3 мингга яқин қурилиш объекти бузиб ташланган. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларнинг техник ҳолати ўрганилиши натижасида 5 мингдан зиёд қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Ичимлик суви ва оқова тизимларидаги текширувлар вақтида эса 4,6 мингдан ортиқ қоидабузарликлар қайд этилган ва улар бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда ноқонуний қурилган “Адрас” меҳмонхонаси бузилди