Ҳар бир миллатнинг ўз маданияти, урф-одатлари, турмуш тарзи бўлгани каби, ўзбек миллатининг маданияти бутун дунё ҳавас қиладиган даражада буюк ва мозий сарҳадлари ҳам беқиёсlир. Азал-азалдан ўзбеклар қалбида бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик каби ўлмас хислатлар куртак отиб келган. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмагани каби бизнинг орамизда ҳам одамни уялтириб қўядиган вазиятлар содир бўлаётгани ачинарли ҳол. Кўча-кўйда, чорраҳаларда, одам гавжум бозорларда, одамнинг кайфиятини тирриқ қилиб, пойтахтимиз кўркини бузиб, миллатимиз шаънини букиб тиланчилик қилиб ўтирган эркагу аёллар, баъзан норасида гўдакларга кўзингиз тушганми? Тўғри, ҳозирга келиб, улар анча камайган. Аммо ора-сира учраб туради.
Тиланчилик ва садақа сўраш лўли миллати вакилларига хос бўлиб, аждодларидан мерос қолган бу одат уларнинг тирикчилик манбаига айланган. Кўп жойларда бу ҳақда эшитганмиз, кўрганмиз. Аммо бугунги кунда баъзи тўрт мучаси соғ бўлган ўзбек аёлларининг машина серқатнов йўлларда, катта чорраҳаларда машина ҳайдовчиларидан пул сўраб туришлари, автобус бекатларида садақа сўраб кезишлари кўнгилни хижил қилади. Уларни кўриб, бир ғазабингиз тошади, “нега?” деган савол туғилади.
Бировнинг қўлига қарашдан ёмони йўқ
— Эримдан айрилиб тўрт бола билан бева бўлиб қолдим. Иккинчи бор турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим болаларимни сиғдирмади. Ёлғиз онаман, болаларимга раҳмим келиб, иккинчи эрим билан ҳам ажрашдим. Ҳозир Тошкент вилоятидаги бир тадбиркор фермернинг ерида ишлаяпман, — дейди сурхондарёлик Г. исмли аёл. — Фарзандларим менга ҳар жиҳатдан суянчиқ, аёл бошим билан тунда далага сув қўяман, кундузи чопиқ қиламан. Худога шукр, меҳнатимнинг ортидан кам бўлмадим. Мени қадрлашади, ҳурмат қилишади. Энг муҳими, фарзандларимга ҳалол луқма едираяпман, насиб қилса, тўйлар қилиш ниятим бор.
Кўчадаги тиланчи аёлларга муносабатим ҳақида гапирадиган бўлсам, меҳнат қилмасдан тамагирлик билан бировнинг қўлига қараган одамнинг ҳеч қачон косаси оқармайди. Эртага унинг фарзандлари ҳам жамият учун кераксиз киши бўлиб вояга етади. Ахир аёлмиз, ҳалол меҳнат қилсак, ўқисак, келажакда бирорта фаолият билан шуғуллансак, албатта, эъзоз топамиз.
Топган пулига ароқ олиб ичди…
— Бозорда ишлаганим боис тиланчи аёлларни ҳар куни кўраман. Уларнинг ҳолатидан жаҳлим чиқади. Уларга қарата: “Мана, мен ҳам ишлаяпман, сенга ўхшаган аёлман, ҳеч ерим камайиб қолгани йўқ, тани-жонинг соғ, ишлаб пул топ”, дея бот-бот таъкидлайман. Аммо бу уринишларим кўпинча самарасиз кечади. Бир куни шундай аёллардан бири кеч пайти, тиланиб топган пулига ароқ сотиб олиб ичаётганини кўрдим. Атрофида кичик ёшли ўғли мўлтираб нима қилишини билмай, сарсон тентирарди. Ёнига бориб бир-икки дўқ урдим. “Нима қилай, эрим пул топмайди, ҳар куни уради, юрагим сиқилиб кетди”, деб йиғлади.
“Шунақа қилиб юраверсанг баттар қашшоқлашиб кетасан, ҳеч қачон кўкармайсан, ундан кўра бориб эринг билан жиддий гаплаш, бирорта иш билан шуғулланинглар”, дедим. Ўша аёлни бошқа кўрмадим. Атрофга назар солсак, ҳалол меҳнат қилиб пул топаётганлар қанча? Демак, кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ.
Муҳиба Солиева, тадбиркор.
“Туппа-тузук аёл…”
— Буларга тўғри йўлни кўрсатсанг дарров юзингга сапчийди. Бел оғритмасдан нон топишга ёмон ўрганишди. Энг ёмони, кўпчилигининг бети қотиб кетган. Билсангиз, баъзи лўлилар бозорда гул, мева-чева, сабзавотлар сотиб ўтиришибди. Ўзимизнинг ўзбек аёллар тиланчилик қилиб ўтирганини кўриб, ичим куйиб кетади. Бир куни светофорда турсам, бир аёл келиб, қўлини чўзди. Тўрт мучаси соғлом, туппа-тузук аёл, ишласа ҳаммаёқни гуллатади, атай пул бермадим, кутилмаганда юзимга безрайиб қараб, “Пул бермасанг, бетингга туфлайман”, деди. Мана, сизга “маданият”. Шундайлари борки, танбеҳ берсанг, калтаклаб кетишдан ҳам тап тортмайди. Бундайларга нисбатан чора кўриш лозим, деб ўйлайман.
Фарруҳ Турдиев, ҳайдовчи.
Эркакларга боғлиқ
— Аёл кишининг кўчага чиқиб тиланчилик қилишига, садақа сўраб кун ўтказишига энг биринчи айбдор — бу унинг эри деб ўйлайман. Сабаби аёл оилада биринчи навбатда турмуш ўртоғига суянади, ундан меҳр, эътибор кутиб яшайди. Турмушда етишмовчилик бўлгандан сўнг мажбур кўчага чиқиб тиланчилик қилади. Истаймизми-йўқми, ўзбек оилаларида қиз боланинг бахтли бўлиб кетиши атрофдагиларга ҳар жиҳатдан боғлиқ. Осон йўл билан тиланчи бўлиб пул топган аёл эртага янаям кўпроқ топишни истайди. (Афсуски, бошқа йўлларга ҳам кириб кетиши мумкин!) Бора-бора бунга кўникиб қолади. Назаримда бундай иллатга қарши курашишда энг аввал эркакларимизнинг маънавий онгини ўстиришимиз лозим.
Юлдуз Алиева, ҳамшира.
“Садақа радди бало”ми?
Ўзимизга хос урф-одатларимиз борки, уларни ҳар доим кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаймиз. Айниқса, хонадонимиз эшигини бирон-бир инсон тақиллатиб келса, албатта, қаршисига чиройли салом-алик, ҳурмат-эътибор билан пешвоз чиқамиз. Болалигимизда маҳалламизга Сўфи девона келса, унинг атрофида биз бола-бақралар парвона бўлиб, бобомиз, бувимизга дарҳол келганини етказардик. Ёши катталар: “Садақа радди бало” дея, атаган назирларини савоб йўлида хайр-садақа қилиб, дуолар қилишарди. Шу-шу, бу ҳаётий манзара менинг ҳаётимда ҳам яхши фазилатга айланиб борди.
Бир куни уйимизга тўлачадан келган барваста бўйли, кўриниши туппа-тузук бир аёл хайр-эҳсон қилишимизни сўраб келди. Аёлга раҳмимиз келиб, пул бериб юбордик. Бора-бора ўша аёлнинг бунга ўхшаш ташрифининг кети узилмай қолди. Кейин бу аёлни бошқа жойларда ҳам кўп учратадиган бўлиб қолдим. Аёл бу ишни ўзига касб қилиб, садақа сўраб пул топиш йўлини излаганлардан экан. Тўғри, кўча-куйда, жамоат жойларда баъзан шундай аёлларни учратиб қолсак, жисми-тани соғ бўла туриб, нега тиланчилик қилишдан уялмасикин, дея муносабат билдирамиз. Эҳтимол, тоғни толқон қилгувчи барзангидай эри уйда пойлаб қолгандир, деган фикр ҳам миямизда чақмоқдек чақнайди. Оиласини, бола-чақасини шу йўсинда боқаётган, хотинининг ортидан кун кўраётган эркакни ким деб аташ мумкин?! Бу шармисорликдан кўра, имон-инсоф билан яшашса бўларди.
Бизнинг Шарқ аёллари азалдан ибо-ҳаё, андишалилиги билан ажралиб туришади. Аёлларимиз умримиз нурафшони экан, уларнинг шаънини ҳамиша улуғлаб, қадрлаб, эъзоз этаверайлик.
Шерзод Деҳқонов, журналист.
Имкониятлар эшиги очиқ
Тиланчилик — бизнинг миллатимизга хос бўлмаган иллат деб ўйлайман. Уч болам ва носоғлом эрим билан тошдек қаттиқ турмушнинг оғир кунларида ҳам ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол ризқ топиб яшаганмиз. Аёлларнинг тиланчилик қилишига асосий сабаб, умидсизлик, хафсаласизлик ва меҳнатдан қочиш бўлса керак. Фаровон турмушни ният қилган, келажакдан орзу-умидлари катта бўлган инсон ҳеч қачон бундай йўлга кирмайди. Тиланчи онадан тарбия топган фарзандлар эртага бировларнинг кўмагисиз ўз йўлини тополмайдиган ношуд, нотавон бўлиб улғаяди. Ноҳалол йўл билан топилган пулнинг баракаси ҳам бўлмайди. Аёлларимиз улкан имкониятлар асрида фаолликни қўлдан бой бермай, яхши жойларда ишлашларини истардим. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлови кучли, имкониятлар эшиги эса доимо очиқ.
Дилфуза опа, ишчи.
Ҳалолидан қўймасин
— Мен ишонч билан айтаманки, садақа сўрашнинг ўзи аёлларга хос бўлмаган одат, ўта тубан иллат. Бу Оллоҳнинг синовлари қаршисида осонгина енгилиш, нотўғри сўқмоқдан юриш деб ўйлайман. Соғлиқ ва хотиржамлик — энг катта бойлик. Ана шу бойлигини йўқотганлар кўчага чиқиб ўз танасини сотишдан ҳам қўрқмайди. Номусини пулга сотиш ҳам тиланчилик билан баробар, садақа сўраш иллати иффатини оёқости қилиш билан тенг. Негадир кўпчилик бунга бефарқ бўлиб боряпти. Менимча, бунга ҳаммамиз қарши курашишимиз керак.
Гулсара опа, ошпаз.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Ҳазрати инсон” номига сазовор бўлиб яшаш ҳаммага насиб этсин. Ҳаётда “умид” дея аталмиш улкан қалб амрини ўзгалар қўлидан келадиган миннатли садақага тиккан умидсиз, чорасиз аёлларга йўл кўрсатайлик. Атайлаб шу йўлдан кетаётганларга эса жазоли мусибатлар шахд турибди. Зеро, инсон ҳаракатда бўлиш, меҳнат қилиш учун яратилган. Зоҳиран ва ботинан улуғ қадриятларимиз комиллиги учун бирлашайлик!
Мансурбек РЎЗИЕВ,
Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ.
Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ.
Манба: Tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин