Нотўғри тўхташ ёки тўхтаб туриш муаммоси, яъни белгиланмаган ёки рухсат этилмаган жойларда автомобилларни қолдириб кетиш, умуман олганда, автомобиллар сони тез суръатларда ортиб бораётган барча ривожланган давлатларда долзарбдир. Унинг самарали ечимини ҳозирда ҳамма изламоқда. Транспорт воситаларининг дуч келган жойда тўхтаб туриши шаҳардаги аксарият кўчаларнинг қатнов қисмидан фойдаланиш имкониятини камайтиради ва йўлларда тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлади. Кўчалардаги тирбандликлар қимматли иш вақтининг бой берилишига, ёғилғининг ортиқча сарфланишига, транспорт аварияларига ва ниҳоят, ҳавонинг ифлосланишига олиб келади. Бу эса иқтисодий зиён етади, дегани, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Алишер Абдуқодиров.
Нотўғри тўхтаб турган автомобиль бошқа транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатига халал беради. Демакки, йўл-транспорт ҳодисаси юзага келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда автомобилсозликнинг жадал ривожланиши ва шунга мувофиқ машиналарнинг сони ортиши сабабли сўнгги пайтларда, афсуски, уларнинг белгиланмаган жойда тўхтаб туриш муаммоси Ўзбекистонда ҳам долзарблик касб этмоқда. Бу муаммо, айниқса, пойтахтимизда жиддий тус олган. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида юқорида қайд этилган қоидабузарликларни содир этгани учун 2627 нафар ҳайдовчи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1286-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилди.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари транспорт воситаларида тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан қонунга мувофиқ чора кўрмоқдалар.
Фото: mvd.uz
Келинг, тўхтаб туришнинг умумий қабул қилинган тушунчасидан бошлайлик. Тўхтаб туриш, яъни парковка («паркинг» – инглиз тилида «рarking») – техник термин бўлиб, механизм, транспорт воситасининг белгиланган хавфсиз жойда ишсиз, ҳаракатсиз турган ҳолатининг штатли таржимасини англатади. Ушбу термин кўп ҳолларда автотранспорт воситалари ҳақида гап кетганда қўлланилади.
Мамлакатда амалда бўлган Йўл ҳаракати қоидаларининг «Тўхташ ва тўхтаб туриш» бўлимида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари, шунингдек, транспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туриши ман этилган жойлар қайд этилган. Транспорт воситалари ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларини яхши билиши ва уларга қатъий амал қилиши лозим. «Тўхташ» ва «тўхтаб туриш» тушунчалари нимани англатишини эслатиб ўтсак.
Қоидаларда айтилишича, тўхташ – транспорт воситасининг ҳаракатини 10 дақиқадан кам вақтга тўхтатиш (ҳаракатсиз ҳолатга келтириш). Тўхтаб туриш – транспорт воситасининг, унга йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатини 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш.
Жумладан, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидасини бузган ҳайдовчиларга нисбатан жойида ЙПХ инспекторлари томонидан маъмурий баённомалар расмийлаштириб келинмоқда. Агарда транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларига риоя қилинмаганлиги оқибатида мазкур транспорт воситаси йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 291-моддасига асосан транспорт воситаси махсус тўхташ жойлари (жарима майдони)га эвакуация қилинмоқда. Бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ушбу моддаси қонуннинг қуйидаги нормаларида акс этади:
эвакуация қилиниш тартиби белгиланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 149-сонли қарори;
транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши (ҳозирги кунда 516 720 сўмни ташкил этади) айтиб ўтилган Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 1286-моддаси. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш эса энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (бугунги кунда 861 200 сўмни ташкил этади). Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (1 722 400 сўмни ташкил этади). Ва ниҳоят, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (2 583 600 сўмни ташкил этади).
Давлат раҳбарияти томонидан, ўз ўрнида, транспорт воситалари оқимини янада самарали бошқариш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги даражасини сифат жиҳатдан кўтариш мақсадида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 август кунидаги “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3245-сонли Қарорида “Хавфсиз шаҳар” ягона аппарат-дастурий мажмуасини яратиш мақсадида илғор аниқлаш технологиялари, зарур объектларни қўллаш орқали автотранспорт учун жамоат интеллектуал тўхташ жойининг аппарат-дастурий ечимини жорий этиш ҳамда “Хавфсиз шаҳар” мажмуасини янада ривожлантириш доирасида онлайн-тўловни ташкил қилиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-3528-сонли Қарорининг 25-бандида эса, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Тошкент шаҳрида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш, бунда ҳайдовчиси бўлмаганда ҳам нотўғри тўхтаб туриш ҳолатини қайд этиш ва баённомалар тузилиши назарда тутилган.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ходимлари бир қатор давлатларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида инновацион технологиялардан фойдаланиш, шунингдек тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик қўллаш амалиёти борасидаги тажрибасини ўрганиб, ўз таклифларини тайёрлашмоқда.
Бугунги кунда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан республикамиз ҳудудидаги автомобиль йўллари ва кўчаларга ўрнатилган 3.27 “Тўхташ тақиқланган” ва 3.28 “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгилари хатловдан ўтказилди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида тўхташни тақиқловчи 107та белги олиб ташланди, улардан 28таси “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгисига алмаштирилди.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади