21:25 / 28.03.2018
4 302

Аҳмадбой ва Мавроди: қай бири кучли?

Аҳмадбой ва Мавроди: қай бири кучли?
Мавроди президентликка номзодини қўйишдан ҳам тоймади. Аҳмадбой эса Чиноздан чиқмай пул қилган «бизнесмен» эди.
Фото: «xabar.uz»

Москвада олтмиш икки яшар Сергей Мавроди вафот этди. Ҳазилнинг ўрни бўлмаса-да, кўпчилик «русларнинг Аҳмадбойи ўлди» деб луқма ташлади. Аслида Мавроди яратган молиявий эҳром кўлами Аҳмадбойникидан минглаб марта каттароқ эди.

1990-йиллар... Бир вақтлар қудратли ҳисобланган СССР деган давлат титилиб адо бўлган, ҳамма республикалар мустақиллик эълон қилган, федерация мақомини сақлаб қолган Россия чуқур инқирозни бошдан кечирмоқда. Иқтисод чўккан, уюшган жиноятчилик авжида, шу пайтга қадар фақат иш ва маошдан ўзгасини билмаган халқ очлик ёқасида.

Шундай кунларда «Қандай қилиб тез ва осон бойиб кетиш мумкин?» деган мавзу ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Табиийки, бундан фойдаланиб қолиш истагида бўлган устомонлар ҳам топилади. Ана шундай олғирлардан бири ва энг машҳури Сергей Мавроди бўлган.

1955 йилда уста ва иқтисодчи оиласида туғилган Сергейнинг юрагида икки томонлама порок аниқланган. Шунга қарамай яшаб кетган болакай жуда кучли хотираси билан атрофдагиларни лол қолдирарди. Математика факультетида ўқиб юрган чоғларидаёқ у аудио ва видеомаҳсулотлар сотувчини йўлга қўяди ва дастлабки маблағини ишлаб топади.

1989 йилда Мавроди «МММ» кооперативига асос солади. Бу ташкилот сафида ўнлаб молиявий фирмалар жамланганди. 1994 йилнинг 1 февралида «МММ» ўзининг дастлабки акцияларини сотувга чиқаради.

Ярим йилдаёқ «МММ» оламшумул натижаларга эришади: пул тикканлар сони 15 миллион кишига етади, акциялар баҳоси 127 баробар кўтарилиб кетади, молиявий эҳром бутун бир давлат бюджетининг учдан бири қисмини ўз домига тортади!

Турли маълумотларга қараганда ўша пайтларда Мавроди кунига ўртача 50 миллион доллардан фойда олган (қиёслаш учун: ўша пайтларда Тошкентдаги ўртача квартиралар нархи 2-3 минг доллар бўлган).


«МММ» ўз фаолиятини очиқдан-очиқ реклама қилар, шундай йирик реклама роликларидан бирида мексикалик актриса Виктория Руффо («Оддий Мария») ҳам иштирок этганди. Бундан ташқари фирма қатор акциялар ўтказган, хусусан Москва метросини бир неча бор бепул қилиб қўйганди.

Одамлар «Маврик» ёки «Мавродик» деб аталувчи акциялар – амалда ҳеч бир молиявий кафолати бўлмаган қоғозлар учун бор-будини тика бошлайдилар. Кимдир уйини сотади, кимдир ўша давр учун камёб бўлган автомобилидан воз кечади. Банклардаги пулларини олиб «МММ» ихтиёрига топширувчиларнинг эса ҳисоби йўқ эди.

Давлат бунга жим қараб тура олмасди албатта. Чунки «МММ» фаолияти шундоқ ҳам мураккаб вазиятни баттар қийинлаштирарди. 1994 йилнинг 4 августида Мавроди солиқлардан бўйин товлашда айбланиб ҳибсга олинади. Аммо унинг тарафдорлари, тўғрироғи, пулига куйиш хавфидан қўрққанлар шу даражада кўп эдики, бу одамлар катта шаҳарларда митинглар уюштирдилар, оммавий тарзда ҳукуматни халқни талашда айблай бошладилар. Мавродининг адвокатлари ва ҳамтовоқлари ҳам жим туришмади: барча оммабоп газеталарда уни ёқлаб мақолалар чиқаришди, кўрсатувлар уюштиришди.

Буюк қаллобнинг ўзи ҳибсда ҳам тинч ўтирмади. У депутатликка сайланиш учун имзолар тўплай бошлади ва номзоди рўйхатга олинди. Натижа маълум эди. 1994 йилнинг 30 октябрида Мавроди Россия парламенти депутатлигига сайланди ва, табиийки, озодликка чиқарилди. Депутатлик қаллобга нафақат жазодан, балки келгусида жиноий жавобгарликка тортилишдан ҳам қутулиб қолиш имкониятини берди.

Депутатлиги давомида у «МММ» фаолиятини давом эттирди. Бу буюк қаллоблик шу даражада оммалашиб кетдики, Россиянинг ўзида 1700 дан ортиқ молиявий эҳром пайдо бўлди. «Хопёр-Инвест», «Русский дом Селенга», «Властилина», «Телемаркет», «Гермес-финанс», «Тибет», «Русская недвижимость» кабилар шулар жумласидан бўлиб, айримларига юртдошларимиз ҳам пул тикишган ва анча маблағларидан ажралишган.

Барча молиявий эҳромлар сингари «МММ» ҳам пуфакдек ёрилди ва деярли барча омонатчиларини хонавайрон қилди. Одамлар дод солиб кўчаларга чиқди ва ҳаммаси учун Мавроди билан бирга ҳукуматни ҳам лаънатлай бошлади. Бор-будидан айрилгани учун эллик кишидан ортиқ киши ўз жонига қасд қилди.

1997 йилда «МММ» банкрот деб эълон қилингач, Мавроди яна панжара ортига равона бўлди. Қамоқдан чиққанидан кейин қаллоб МДҲ давлатлари аҳолиси учун «МММ-2011», кейин «МММ-2012» лойиҳаларини йўлга қўйди. Аммо бу ҳудудда унга ҳеч ким ишонмади.

Шундан кейин Мавроди эътиборини Африка давлатларига қаратди ва 2014 йилда «MMM-Global» кампаниясини бошлади. Янги лойиҳага кўра молиявий эҳром Индонезия, Малайзия, Бангладеш, Филиппин, Япония, Тайланд, Ҳиндистон ва Хитойда ҳам қурила бошланди. Кейинчалик АҚШ, Исроил, Италия ва Франция, жами 107 давлатда Мавроди омонатчиларни алдашга уринди.

Сергей Мавродининг охирги лойиҳаси 2017 йилнинг декабрида эълон қилинган «Mavro» криптовалютаси эди.

Мақола бошида Аҳмадбой ва Мавродини ёнма-ён қўйгандик. Аммо ўхшаш жиҳатлари бўлса-да, бу икки қаллобни кўп ҳам солиштириб бўлмайди.

1. Мавродининг молиявий эҳроми Аҳмадбойникидан минглаб, пул ҳажми миллионлаб баробар катта бўлган, омонатчилари сони 15 миллионтага етган. Аҳмадбойнинг нари борса эллик минглик омонатчилари дардларини ичларига ютиб кетдилар.

2. «МММ» ўз фаолиятини очиқдан-очиқ тарғиб қилган ва ҳатто ҳукуматга ҳам ўз сўзини ўтказиб, фирма фаолияти чекланадиган бўлса бутун давлат миқёсида ишончсизлик бўйича референдум уюштириши билан таҳдид қилган. Аҳмадбой эса каттагина пул ишласа-да, сиёсатга аралашишни ўзига эп кўрмасди.

3. Мавроди шу даражада «қутургандики», президентликка номзодини қўйишдан ҳам тоймади. Бундан ташқари у АҚШ фонд биржаларини кузатиш ва акциялар олди-сотдисини йўлга қўйишни мўлжаллайди. Аҳмадбой эса Чиноздан чиқмай пул қилган «бизнесмен» эди.

4. Энг қизиғи, Мавроди қўлга олинганда давлат нари борса бир миллион долларни мусодара қила олди. Аҳмадбой бир жиҳатдан «кучли» чиқди: Мавродига нисбатан анча кичкина эҳром қурган бўлса-да, мусодара вақтида унинг офисидан, сўм ва бошқа валюталардан ташқари, 15 миллионга яқин АҚШ доллари чиққанди.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аҳмадбой ва Мавроди: қай бири кучли?