12:55 / 03.06.2018
4 772

Мардикор ҳам одам: унинг ўз ҳуқуқи, қадр-қиммати бор

Мардикор ҳам одам: унинг ўз ҳуқуқи, қадр-қиммати бор
Кунлар исий бошлагач, кўпчилик ҳовли-жойини тартибга келтириш тараддудига тушиб қолишади. Дам олиш кунлари қўлига белгурак олиб ер чопишади, экин экишади, гул, райҳон кўчатларини ўтқазишади. Ўзига тўқроқлари эса уч-тўрт мардикор олиб келиб ишлатишади. Бир ҳисобдан яхши, дерсиз. Чунки иш излаб юрган муҳтожларнинг шу баҳона қўлига пул тушади. Уларнинг уйга қайтишини мўлтираб кутиб турган қоракўзлар хурсанд бўлишади. Аммо мени масаланинг бошқа томони қийнайди...

Яқинда бир воқеага гувоҳ бўлдим. Маҳалламизда яшовчи киши гарчи дам олиш кунлари ўзи, икки ўсмир ўғли, суқсурдай аёли уйда бўлишса ҳам бир қаричгина (кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги ҳовли қанчалигини биласиз) ерга гул экиш учун уч нафар йигитни мардикор бозоридан олиб келибди. Қишлоқдан келган онам “катакдек” уйда зериккани учунми, деразадан уларни кузатиб турарди. Иш билан банд бўлганим учун менга ҳам ҳар замонда “ахборот” беради. Онамнинг фикрича, эр йигит учун бир қарич ерни ағдариб, экин экиш нима деган гап?! Лекин улар бу ишни бамайлихотир бажаришяпти. Чунки дарров тугатиб қўйишса, “хўжайин” ҳайратга тушиб, нимадир хато топиб пулларини бермай қўйиши мумкин-да.

Кун иссиқ. Тушлик вақти бўлди. “Хўжайин” йўл ёқасидаги супермаркетдан пакетни тўлдириб бозорлик қилиб қайтди. Оқ целлофан пакетдан унинг ичидаги нарсалар кўриниб турибди — пепси ичимлиги, колбаса маҳсулотлари, тўртта нон, музқаймоқлар ва ҳоказо... Мардикорлардан 25-30 ёшлар атрофидаги икки нафари ердан кўзини узмай, ишлаб туришибди. 18-20 ёшлардаги бола эса “Хўжайин”нинг “бозорлиғ”ига қараб қолди...

Содда онам ҳам “Бу саховатли инсон мардикорларни шундай сийларкан-да”, деб хурсанд. Аммо онамнинг қувончи узоққа чўзилмади. Мардикорларнинг “кенжа”си наригиларига бир нималар дедию, катта кўча томон кетди. Бироздан сўнг қоғоз ўрамда иккитадан картошкали сомса кўтариб келгани маълум бўлди. Демак, бу йигитлар оғзаки шартнома тузишаётганда тушлик ҳақида келишишмаган. Онамнинг хафсаласи пир бўлди: “Эҳ, садқайи одам кетгурлара, ҳеч бўлмаса, бир чойнак чой дамлаб бермади-я. Мардикор ҳам одам-ку, бировнинг гулдай боласи-ку!”. Кейинроқ эса онам чой тўла чойнак ва учта пиёла кўтариб зинадан пастга тушиб кетди...

Мен бу гапларни нега ёзаяпман? Онам берган бир чойнак чойни достон қилиш ниятида эмасман, асло! Айтмоқчи бўлганим, бизнинг, ҳа, жонимизга жон қадар азиз бўлган шу халқимизнинг навқирон йигитлари оддий тушмуш харажатларига пул топиш учун, уларнинг ортидаги одамлар — болалар ва ота-оналарини боқиш учун ўзлигини намоён қилолмай яшашяпти. Ризқини чет элларда қидириб юрганлар ҳақида-ку, ҳали гапирмадим. Ҳатто ўз юртимиздаги мардикорларнинг ҳам ҳуқуқлари ҳамон таъминланмаган. Бизда ишсизлик нафақалари тўланмаслиги, майли, осмондаги гап. Аммо мардикор бозорларининг иш фаолиятини тўғри ташкиллаштириш вақти аллақачон келган. “Бандликка кўмаклашиш марказлари” деган самарасиз, фойдасиз тузилмадан бутунлай воз кечиш, бу борада Жанубий Корея, Англия ва бошқа давлатларнинг тажрибасидан фойдаланиш вақти ҳам аллақачонлар келиб бўлган.

Афсуски, бизда ҳукумат раҳбари буюрмаса, жойидан қўзғалмаслик кайфияти ҳамон бор. Балки бу борада ҳам махсус Қарор ёки Фармон эълон қилинишини кутаётгандирмиз. Мардикорлар ҳуқуқини ҳимоялаш, уларнинг иш топиши ва пулини ўз вақтида олишини таъминлашга ҳам эътибор қаратилади, деган умиддамиз.
Зуҳал РЎЗИЕВА

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мардикор ҳам одам: унинг ўз ҳуқуқи, қадр-қиммати бор