22:48 / 09.12.2018
4 109

Ўзбек олими Зоҳид Зокир Эйнштейннинг орзусини амалга оширдими?

Ўзбек олими Зоҳид Зокир Эйнштейннинг орзусини амалга оширдими?
Turon24га олим Зоҳид Зокир "юлдузлар тўғрисидаги фанда ўзгариш қилиши мумкин бўлган кашфиёт" қилгани тўғрисида хабар берди. У қора туйнуклар табиатда мавжуд эмаслигини исботлаб, Эйнштейннинг орзусини амалга оширганини иддао қилмоқда. Бу борада астрофизик олим Пўлат Тожимуродов ўз муносабатини билдирди. Унинг фикрича, Зоҳид Зокирнинг натижалари бирор-бир оламшумул хулоса қилиш учун етарли эмас.

Қора туйнук ғояси билан биринчи бор танишганда Алберт Эйнштейн "юлдузлар бундай аҳмоқона иш қилмайди" деб айтган ва қора туйнукларга шунчаки бир математик ғаройибат сифатида қараган. Лекин кейинчалик Чандрасекар, Оппенгеймер ва Волковнинг ишлари натижасида қора туйнуклар айнан қай йўл билан ва қандай шароитда вужудга келиши маълум бўлган.

Биринчи бор Зоҳид Зокир ўз ғоясини Ўзбекистон илмий ҳамжамиятига шу йилнинг биринчи чорагида, Ўзбекистон Миллий университети физика факультети ядро ва назарий физика кафедраси илмий семинарида намойиш этган. Семинар баёнида айтилишича, Зоҳид Зокирга ўз тадқиқотларида юлдузларнинг реалистик моделларидан фойдаланган ҳолда тадқиқотларини тўғрилаш ва ўз ғоясининг кузатув ёки тажриба орқали текшириш мумкин бўлган хулосаларини эълон қилиш тавсия этилган.

Зоҳид Зокирнинг ўз ғоясини илгари суриб, "Astrophysics and Space Sciences" илмий журналида эълон қилган мақоласи тўғрисида фан доктори, Университетлараро астрономия ва астрофизика маркази (Пуна, Ҳиндистон)нинг собиқ директори, профессор Нареш Дадичнинг фикрини келтириб ўтаман.

"Мен аввалги келганимда (2016 йил) Зоҳид Зокир билан учрашганман. Унинг ўз институти бор, у ўша пайт ҳам менга фрозарлар тўғрисида гапирган. У менга ўзининг ғояларига ҳаддан зиёд боғланиб қолган кишилардан биридек кўринди. "Astrophysics and Space Sciences"да чоп этилган ҳар қандай нарсага шубҳа билан қараш керак. Бу журнал ёмон ном чиқарганки, ундаги ҳар қандай мақола ўзига салбий эътиборни тортади. Иккала мақолани қараб чиқиб, ҳеч бирида наф кўрмадим. Чангнинг ўз гравитацияси таъсирида коллапсга учрашига қаршилик қилувчи ҳеч бир куч йўқлигида унинг коллапси муқаррарлигини кўриш учун хисоблашларни бажариш ё текшириш шарт эмас. Қаердадир нимадир қотиб қолишига ҳеч бир сабаб йўқ. Муаммо координаталарда. Бу жараённи айнан ҳамҳаракат кузатувчи координаталарида ўрганиш тўғри, ташқи кузатувчи эса унинг саноқ системаси коллапс жараёнини r=2M га яқин радиусларда ўрганиш учун тўғри келмаслигини билиши лозим".
Бу ерда ўз институти тўғрисидаги жумлага бир оз аниқлик киритиш керак. Гап шундаки, Зоҳид Зокир расман Астрофизика ва назарий физика маркази деб аталувчи ташкилотда ишлайди. Бироқ бу марказнинг Ўзбекистон фанлар академиясига ҳам, бирорта ОТМга ҳам алоқаси йўқ.

Энди Зоҳид Зокирнинг ғояси ҳақида фан доктори, Фудан университети (Шанхай, ХХР) собиқ илмий ходими, халқаро Назарбоев университети (Остона, Қозоғистон) профессори, гравитацион коллапс, квант гравитация, модданинг юпқа қобиқлари бўйича мутахассис Даниэле Малафаринанинг фикрини келтирсак.

"Мақолага фақат тез кўз югуртириб чиқа олдим.Тушунишимча, Зокирнинг мақоласида қора туйнуклар шаклланади, Маршаллнинг танқиди эса координаталарни нотўғри алмаштиришдан келиб чиққан, дейилган. Мақола тўғри бўлиши мумкин, у қора туйнуклар пайдо бўлмайди, демаяпти. Мен тушунмаган жойим – у Маршаллнинг иддаоси нотўғрилигини кўрсатиш билан нега овора бўлди, унга (Маршаллнинг ғоясига) шундоқ ҳам ҳеч ким парво қилмаётганди. Мақоладаги мулоҳазаларни тушуниш қийин, чунки у (Зоҳид Зокир) қандай координаталардан фойдаланаётгани ва катталиклар қай йўлда аниқланганини кўрсатмаган. Унинг мақсади Маршаллнинг мақоласига жавоб бериш, шунинг учун аввал Маршаллнинг мақоласини ўқиш керак. Уни қараб чиқдим, лекин ҳисоблашларни такрорламадим. Биринчи қарашда Маршалл шунчаки маълум бир координата алмаштиришини топган ва шу координаталарда қора туйнук ҳосил бўлмайди. Зокирнинг айтишича, бу координата алмаштириш нотўғри, чунки у аввал киритилган шартни қаноатлантирмайди. Музлаган юлдуз сценарийси даставвал Оппенгеймер ва Снайдер томонидан тавсифланган, улар узоқдаги кузатувчининг координаталаридан фойдаланган. Бироқ ҳамҳаракат координаталарга ўтсангиз, ҳамҳаракат кузатувчилар сингулярликка чекли вақтда етиб боришини кўрасиз (худди Шварцшилд фазо-вақтининг марказига қулаётган синов заррача сингари). Маршалл бу нотўғри, дейди, Зокир эса Маршаллнинг гапини нотўғри дейди".

Яъни доктор Малафаринанинг айтишича, Зоҳид Зокир қора туйнуклар йўқлигини эмас, аксинча, уларнинг борлигини кўрсатган. Бунда ҳам янги, оригинал тадқиқот орқали эмас, Оппенгеймер ва Снайдернинг ишини такрорлаш орқали.

(Юқоридаги икки ҳат 2018 йилнинг январь ойида, Ўзбекистон Миллий университетидаги муҳокамадан бир оз илгари олинган).

Мақола йил бошида чоп этилганига қарамай, бирорта бошқа илмий ишда унга ҳавола берилмаган. ADS илмий мақолаларни қидириш тизими маълумотларига кўра унинг илмий ишлари орасида энг кўп ҳавола arXiv препринтлар (журналда ҳали чоп этилмаган, ёки журнал қабул қилмаган матнлар) веб-сайтида эълон қилинган "Four-Index Equations for Gravitation and the Gravitational Energy-Momentum Tensor" мақоласига берилган. Уларнинг сони учта ва ҳаммаси Зоҳид Зокирнинг бошқа препринтларидан берилган ҳаволалар, яъни ишига ўзи берган ҳаволалардир.

Асли музлаган юлдузлар ҳақидаги назария қаердан келиб чиқди? Оппенгеймер ва Снайдер ўзаро таъсирлашмайдиган чанг зарралари булутининг бутун олам тортишиш кучи, гравитация таъсирида сиқилишини (гравитацион коллапсни) ўрганган. Бунда модда зарралари орасидаги ҳар қандай бошқа ўзаро таъсир ҳисобга олинмаган ва маълум бир турдаги кузатувчи (булутдан чексиз узоқ масофада жойлашган муаллақ кузатувчи) саноқ системасида, яъни шундай кузатувчининг кўзи билан қараганда коллапс жараёни чексиз узоқ давом этиши, чанг булути ҳеч қачон охиригача сиқилиб, қора ўрага айланмаслиги кўрсатилган. Шу билан бирга, булутдан чекли узоқликда жойлашган ёки булутдаги зарралар билан бирга ҳаракатланувчи кузатувчиларнинг саноқ системасида бу жараён маълум вақт давомида тугаб, барча модда янги ҳосил бўлган қора туйнук марказидаги сингулярликка тушади.

Зоҳид Зокирнинг биринчи хатоси айнан бир саноқ системасини бошқа саноқ системаларидан устунроқ қўйиши, нисбийлик принципига эътибор қилмагани. Бундан ташқари, модда зарраларининг ўзаро таъсирини ҳисобга олмаслик йўлдан жуда қаттиқ адаштириши мумкин. Мисол учун, идеал газ назариясида ўзаро таъсир ҳисобга олинмагани сабабли газнинг суюқ, кейин эса қаттиқ ҳолатга ўтишини бу назария умуман ёрита олмайди. Табиатда гўёки фақат газлар бор, суюқлик ва қаттиқ жисмлар йўқдек бўлиб қолади. Атрофдаги жараёнларни тўғри тавсифлаш учун ҳеч бўлмаса тақрибан бўлса ҳам ўзаро таъсирни ҳисобга олиш керак. Зоҳид Зокир иддаосига кўра, агар соддалаштирилган моделда (унинг устига айни бир танланган саноқ системасида) коллапс жараёни тугалланмаса, демак, табиатда ҳам шундай бўлади. Моделни аниқлаштириш натижаларни нафақат миқдор, балки сифат жиҳатидан ҳам ўзгартириши мумкин (тартибсиз ҳаракатдаги газ заррачалари ҳарорат пасайганида ўта юқори тартибга эга бўлган кристалл панжара кўринишида жойлашиши бунга мисол бўла олади).

Баҳсли, мунозарабоп тадқиқотлар илм-фан ривожида ўзига яраша муҳим ўрин эгаллайди. Бироқ тадқиқот нафақат баҳсли, балки хатолардан холи ва холис бўлиши ҳам керак. Акс ҳолда у фанни ривожлантириш ўрнига уни эгри йўлга киргизиб юборади.
Пўлат Тожимуродов


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Ўзбек олими Зоҳид Зокир Эйнштейннинг орзусини амалга оширдими?
[/banner_pushhouse