
Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилаётган World Boxing кубогининг ҳал қилувчи босқичида тўрт нафар вакилларимиз ўз имкониятларини синашди. Мусобақанинг бу финал босқичи юқори савиядаги рақобат билан бошланди ва ҳар бир жанг курашга тўла тарзда кечди.
Баҳслар бошланди: биринчи рингга Нигина тушди
54 килограмм вазн тоифасида жанг қилган Нигина Ӯктамова мусобақа мезбони бўлган Ҳиндистоннинг иқтидорли боксчиси Преетигa қарши рингга кўтарилди. Афсуски, жамоамизнинг моҳир боксчиси қанча ҳаракат қилмасин, судьялар баҳосига кўра 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Шунга қарамай, Нигинанинг жангдаги қатъияти ва характерини таҳсинга лойиқ деб айтиш мумкин.
Азиза Зокирова ярим финалга йўл олди
70 килограмм вазнда рақобатга кирган Азиза Зокирова куннинг энг кучли чиқишларидан бирини намойиш этди. У Нигерия спортчиси Мбата Патрисиага ҳеч қандай имконият қолдирмай, 5:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди. Бу натижа билан Азиза мусобақанинг ярим финалига йўл олди ва мамлакатимиз учун яна бир медал умидини берди.
Адҳамжон Муҳиддинов ғалабали қатордa
65 килограмм вазнда рингга чиққан Адҳамжон Муҳиддинов Жанубий Корея вакили Жанг Донгванга қарши жуда ишонч билан ҳаракат қилди. У жанг давомида ташаббусни қўлдан бермади ва 5:0 ҳисобида аниқ устунлик билан зафар қучди. Унинг харакатлари мураббийлар томонидан ҳам юқори баҳоланди.
Ҳалимжон Мамасолиев супероғир вазнда ўз сўзини айтди
+90 килограмм вазн тоифасида саҳнага чиққан Ҳалимжон Мамасолиев ҳам мухлисларни хурсанд қилди. У Австрия вакили Аҳмед Ҳагагга қарши ўта ишончли тарзда жанг қилиб, 5:0 ҳисобида рақибни мағлуб этди. Ҳалимжоннинг рингдаги босими ва айёр тактик усули унинг энг катта устунлиги бўлди.
Федерация маълумоти ва кейинги босқич умидлари
Ўзбекистон бокс федерацияси расмий маълумот беришича, спортчиларимиз кейинги босқичларда ҳам максимал натижа кўрсатиш учун жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Бу финал босқичи бокс мухлислари учун жуда кўп эмоциялар улашиши кутилмоқда. Муҳими, жамоамиз ўз сўзини айта оладиган даражада эканлигини яна бир бор намойиш қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.