07:39 / 11.12.2018
3 543

Ишдан бўшатилиш инсон соғлиғига бевосита таъсир кўрсатади

Ишдан бўшатилиш инсон соғлиғига бевосита таъсир кўрсатади
Нима учун ривожланган давлатларда ўлим даражаси ортиб бормоқда? Глобаллашув жараёни инсон саломатлигига қандай таъсир кўрсатади? Боккони университетининг соғлиқни сақлаш иқтисодиёти борасидаги етакчи мутахассисларидан бири, профессор Жером Адда бу соҳадаги тадқиқот натижалари ҳақида сўзлаб берган. "Republic" нашри ушбу маърузанинг асосий мазмуни асосида мақола эълон қилди.

Дунё тез ўзгариб бормоқда. Сўнгги бир неча ўн йилликдаги асосий ўзгаришлардан бири, бу – умр кўриш давомийлигининг ортиши. Минг йил мобайнида инсоннинг ўртача умр кўриш давомийлиги 30 ёшни ташкил қилган. Бу қарийб тош асридан тортиб 20-асргача давом этган.

Жером Адда тадқиқотининг асосий мақсади – фаровонлик ва иқтисодий ўсишнинг инсон умри давомийлиги билан қандай боғлиқлиги борлигини аниқлаш эди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Хитойда умр кўриш давомийлиги жуда паст – 55 ёшдан 60 ёшгача бўлган. Таққослаб кўрадиган бўлсак, АҚШ ва Австралияда худди шу даврда ушбу кўрсаткич 65-70 ёшдан кам бўлмаган. Сўнгги 30 йил давомида, 1980-йиллардан бошлаб то ҳозирги кунгача Хитой умр кўриш давомийлиги бўйича Ғарб давлатларидан ортда қолишни тўхтатди. Ҳозир Хитойда умр кўриш давомийлигининг ўртача кўрсакичи 75 ёшни ташкил этади. Албатта, Австралия, АҚШ давлатларида ҳам бу давр мобайнида умр кўриш давомийлиги бир жойда тўхтаб қолмаган ва ўсишда давом этган. Кўп мамлакатларда бу кўрсаткич 80 ёшга етган, энди эса уни 85 ёшга етказишга ҳаракат қилинмоқда.

Агар АҚШ тарихига назар солсак, қайсидир вақтда умр кўриш давомийлиги кўрсаткичи ўсиши пасайган. Бу жараён 1960 йилдан 1980 йилгача давом этган. Бунинг сабаби нимада? Бунда АҚШнинг соғлиқни сақлаш тизимининг ўзига хослигини ҳисобга олиш лозим. Агар одам 60 ёшдан ошган бўлса, у соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда аслида иш берувчига суяниши керак, чунки соғлиқни сақлаш борасидаги режага кўра, тиббий хизмат бўйича барча харажатларни иш берувчи қоплаши керак. АҚШда тиббий хизмат жуда қиммат бўлиб, уни тўлашга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Тадқиқотчи АҚШда ўлим кўрсаткичи бўйича 2000-2014 йиллар орасидаги маълумотларни ўрганиб чиққан. У ўлим даражасини ирқий гуруҳ бўйича ўрганган: оқ танли аҳоли, афроамерикаликлар, лотин америкаликлар ва бошқалар. Лотинамерикаликларда умр кўриш давомийлиги доим юқори бўлган, шунинг учун уларнинг ўлим кўрсаткичларига таъсири унчалик ҳам катта эмас. Шу билан бирга, қора танли аҳоли орасида ўлим даражаси сезиларли даражада камайган. Агар 2000 йилда 100 минг одамга ўртача 900 та ўлим тўғри келган бўлса, 2014 йилга келиб, бу кўрсаткич ўртача 700 кишини ташкил этган. Оқ танли аҳолини олсак, ўлим кўрсаткичи бўйича уларда жиддий ўзгаришлар кузатилмаган.

Демографик сабабларни таҳлил қилганда Лотин Америкаси аҳолиси АҚШ оқ танли аҳолисига қараганда ишсизлик муаммосига кўпроқ дуч келишини ҳисобга олиш лозим. Шу билан бирга, барча гуруҳлар ўртасидаги таълим даражаси ҳали ҳам бир хил эмас. Бундан ташқари, бир хил лавозимда ишловчи оқ танли аҳоли афроамерикаликлар ёки лотин америкаси вакилларига қараганда кўпроқ пул олади. Оқ танли америкаликлар бундай кўп имкониятларга эга бўлса, нима учун уларнинг ўлим даражаси камаймасдан, аксинча, ошмоқда?

Тахминларга кўра, бу 2008 йилдаги инқироз билан боғлиқ. Лекин одатда иқтисодий инқирознинг аҳоли саломатлигига таъсири икки-уч йил давом этади, кейинчалик иқтисодиёт яна жонланади. Айни 2008 йилги инқироз даврида эса ўлим даражаси турғунликни сақлаб қолган. Демак, бунинг сабаби бошқа нарсада. Ирқий гуруҳлар бўйича маълумотларга қайтиб, ўлим ёшига эътибор берсак, 30-34, 35-39 ва 40-44 ёшда бўлган лотин америкаликлар, афроамерикаликлар ва оқ танли америкаликларнинг 60 ёшга тўлган мамлакат аҳолисига нисбатан ўлим даражаси юқори бўлган.

Бу масала моҳиятининг иккинчи томонидан халқаро савдо ўрин олди. Тадқиқотчи Хитойнинг 1990 йилдан бошлаб турли давлатларга экспортини ўрганган. Маълум бўлишича, 2015 йилга келиб, бу мамлакатнинг турли давлатларга экспорти ҳажми 25 йил давомида 30-40 баробар ошган. Хитой турли маҳсулотларни экспорт қилади: пластмасса буюмлари, электроника, машинасозлик маҳсулотлари ва ҳоказо. Буларнинг барчаси Хитой товарлари экспорт қилинадиган мамлакатлар иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Масалан, Хитой товарларини импорт қилувчи мамлакатларда 1990 йилдан бошлаб Хитой экспорти билан қисман қопланувчи ҳудудларда бандлик даражаси пасайган.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ маълумотларига кўра, импорт ҳажмининг 1 млрд долларга ортиши ўлим даражасининг 3 фоизга кўпайишига олиб келган. Италиядаги вазият бундан-да аянчли – Хитойнинг тўқимачилик ва чарм ишлаб чиқариш саноати товарларининг олиб келиниши ўлим даражасининг 5 фоизга ортишига олиб келган.

Бу эса савдонинг ривожланиши аҳоли муайян гуруҳи, яъни даромади ва таълим даражаси паст бўлган фуқароларга салбий таъсир кўрсатади, деган хулосага келишга сабаб бўлди. Агар у ишдан бўшатилса, бу унинг соғлиғига таъсир этиши муқаррар: даромад олиш манбаи, бандликни йўқотади. Ишдан бўшатилган одамларни кузатсак, уларда ишсизлик сабабли зарарли одатларга ружу қўйиш кучайганини кўриш мумкин.

Албатта, бу савдо-сотиқ ҳар қандай мамлакат аҳолиси саломатлигига фақат салбий таъсир кўрсатади, деган хулосага келишга сабаб бўлмайди. Аксинча, унинг ёрдамида бозордаги маҳсулотлар хилма-хиллиги таъминланади. Бироқ экспорт ва импорт каби ҳатто энг асосий иқтисодий жараёнлар ҳам муайян мамлакат аҳолиси соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутмаслик лозим.
Никита Соколов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ишдан бўшатилиш инсон соғлиғига бевосита таъсир кўрсатади