08:21 / 07.01.2019
3 411

Тилимизнинг келажаги​

Тилимизнинг келажаги​
Тилимизнинг келажаги ҳақида ўйласам чексиз ғамга ботиб кетаман. Чунки, унинг ҳозири инсонни қайғуга соляпти. Биз шуни билишимиз ва яхшилаб онгимизга сингдириб олишимиз керак, ҳар бир давлатнинг энг катта бойлиги бу унинг тили бўлади. Тилига соҳиб чиққан миллатгина яшайди, ривожланади ва ўзгаларни ўз ортидан эргаштира олади.

Тил ўзидан-ўзи яхшиланиб, ривожланиб қолмайди. Бу ҳам тирик жонга ўхшаган нарса, эътибор берилса, ғамхўрлик қилинса, ислоҳ қилинса, парвариш қилинса, барқ уриб яшнайди, умрбоқий бўлади. Ташлаб қўйилса, борган-сари заифлашиб, давр карвони билан ҳамқадам бўлолмай, ортга қайтади, иккинчи даражага тушиб қолади.

Тилимиз ажнабий тиллар тўфонида вайрон бўлиш арафасида. Нимадир қилиш керак, қандайдир тизимли ва ўзаро мувофиқлашган ва марказлашган шаклда уни қайта жонлантириш устида иш олиб бориш керак. Акс ҳолда жуда кўп нарсани ютқазамиз.

Нима учун инглиз, араб, немис, форс, рус тиллари ривожлангандан ривожланиб боряпти?! Негаки, улар ўз тилларини ўзларидан ўтиб, ўзгаларга ўргатиш бўйича анча илдамлаб кетишди. Хилма-хил дастурлар, видеодарслар, электрон китоблар, ўйинлар, мултфилмлар, қизиқарли нашрларнинг ҳамма-ҳаммаси жаҳон миқёсида ўз тилларини мукаммал тарзда ўргатишга сафарбар қилиб келинади. Биз эса тилимизни ўзгаларга ўргатиш тугул ўзимиз эсдан чиқармоқдамиз.

Яқин Шарқ давлатларичалик кетма-кет мустамлакачилик тўлқинларига учраган минтақани топиш қийин бўлса керак. Аммо, уларни битта нарса қутқариб қолди. Тилни сақлаб қолишга бўлган интилиш.

Деярли ҳар бир араб давлатида “араб тили академиялари“ ташкил қилинган ва улар араб тилини замон билан ҳамнафас ҳолда яшашини таъминлаш, имконият доирасини кенгайтириш ва мусаффолигини муҳофаза қилиш устида тинмай иш олиб боради. Машҳур Миср Араб тили Академияси 1932 йилда ташкил қилинган бўлса кунимизга қадар мазкур тилнинг муаммолари билан фаол равишда шуғулланиб келади.

Глобаллашув жараёнида ҳамма нарса тезлашиб, изчиллик касб этаётган бир даврда дунёда битта термин пайдо бўлса, эртаси куни унинг араб тилидаги муносиб бир муқобили пайдо бўлади ёки ҳеч бўлмаганда у сўз араб тилига ўзлашиб, унинг табиатига мос равишда бу уммонга сингиб кетади. Ярми Африка, ярми Осиё қитъасида жойлашган бунча давлатда расмий ва адабий тил ягона ва истилоҳлар борасида ҳам ҳеч қандай турлилик ва ихтилоф кўзга ташланмайди.

Мисрнинг кўзга кўринмас бойлиги бор, у ҳам бўлса, таълим соҳаси. Миср унча бой давлат эмас аммо, қаерга қараманг, қайси давлатга боқманг албатта бир маданий марказ очиб, у ерда араб тилини ўргатади. Мусобақалар уюштиради, ҳамма ёққа ўқитувчи экспорт қилади. Мисрликларнинг ўзлари ярим ифтихор, ярим ҳазил қабилида айтадиган машҳур сўзлари бор: “Миср дунёга илм берган“.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бундан мазкур давлатга нима фойда бор экан, дея?.. Қанча-қанча маблағларни сарфлашдан қандай манфаат бўлиши мумкин, дея?!..

Миср бу билан ўзининг умрини узайтиради, ҳаётийлигини таъминлайди, обрў эътиборини сақлаб туради. Бу унинг ташриф қоғози, имижи ва юзидир. Бу унга моддий бойликлардан кўпроқ нарса беради. Жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлайди. Натижада, бутун дунёдан араб тилини жонли тарзда ўрганишга қизиқувчилар шу давлатга оқиб келади. Шарқшунос ва бошқалар тажриба орттириш учун шу заминга йўл олади. Бу жуда катта стратегия, агар билсак. Ўзи умуман, дунёга устун бўламан деган давлат борки, ўз тилини ривожлантириш ва оламга ёйиш устида жиддий иш олиб бораётганлигини кўрасиз.

Ғарбий Европа давлатларини олайлик, ўн битта давлат ўзининг тўққиз хил тилини энг юқори савияда сақлаб қолишга муваффақ бўлиб келмоқда. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлиб қолмаяпти. Агар индамай қараб турилганда, Германиянинг ярми инглиз, ярми рус бўлиб қолган ва олмон тили тарих жарлигига улоқтириб юборилган бўларди. Лекин, бундай бўлмади. Олмонлар ҳар томонлама мувофиқлашган ва тизимли тарзда ҳаракат қилиб, ўз тилларини нафақат сақлаб қолдилар балки, ривожлантириб, Европадаги етакчи тиллардан бирига айлантира олдилар. Шарқшунослар олмон тили орқали Шарқни ўргана бошладилар. Бу қандайдир ақлга сиғмас ҳолат аслида.

Биз ҳам тилимизни ривожлантириш, ўз мавқейи ва қудратини тиклаш учун қайғуришимиз ва шу йўлда тартибли ва амалий ишлар олиб боришимиз керак.

Аслида, тилимиз ички имкониятлари ва рақобатбардошлиги жиҳатидан, фасоҳат-у балоғати жиҳатидан унча-мунча тиллардан ортиқ бўлса ортиқки, ҳеч кам эмас. Фақат, бироз эътибор керак унга, озгина меҳрга эҳтиёжи бор.

Мевали дарахтга озгина меҳнат ва меҳрингизни аямасангиз у сизни йиллар давомида сар ҳил мевалар билан сийлайди. Соя-салқинлик беради. Жонажон она тилимиз, энг қийматли гавҳаримиз ўзбек тили ҳам аслида шундай. У бир буюк дарахт. Уни қуритиб қўймаслигимиз керак. Агар у қаддини ростлаб, яйраб қулоч ёзса, асрлар давомида авлодларимизга ўз соясидан жой беради, битмас туганмас мевалар беради, инша Аллоҳ.
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тилимизнинг келажаги​