Пойтахтни Жиззахга кўчириш таклифини берган ёзувчи: Мирзиёевга «пахта» қўймаганман

  • 02 март 2019, 16:22
  • 5 408
  • Жамият
  • Пойтахтни Жиззахга кўчириш таклифини берган ёзувчи: Мирзиёевга «пахта» қўймаганман
    Ёзувчи Эврил Туроннинг (Мамадали Маҳмудов) пойтахтни Тошкентдан Жиззахга кўчириш таклифи ижтимоий тармоқларда турлича талқин қилинди. «Minbar.uz» ёзувчи билан боғланди ва унинг таклифи президентга «пахта қўйиш» сифатида баҳоланаётганига муносабатини сўради.

    «Биринчидан, мен ҳукумат тепасидагиларни унча яхши билмайман. Иккинчидан, 1993 йилдан бери Шавкат Мирзиёевни танийман. Лекин қамалганимдан кейин бошқа кўрмаганман. Интернетда чиққан ‘Пахта қўйибди, маддоҳ’ каби иддаоларни ўқиб беришди. Мен қандай бўлсам шундай ёзаман. Бировга маддоҳлик қилиш менинг зеҳниятимга ёт. Ислом Каримовни ёмон дедимми, ёмонлигича қамалиб чиқдим. Мирзиёевнинг ғайратли, ишчан одам эканини биламан, ўша пайтларда буни ўз кўзим билан кўрганман. Университетнинг ректори менинг синфдошим Абдураҳмон Ражаб эди. Содиқ дўстларим бор эди, шулар орқали Мирзиёевни таниганман, суҳбатлашганман. Ҳокимиятга келган вақтиданоқ Мирзиёевни юрагимдан мақтаганман, қўллаган бўлсам юрагимдан қўллаганман. Исмат Хушевга ва чет элдаги бошқа дўстларимга «бу одам 20 соатлаб ишлайди, ниҳоятда ҳаракатчан одам» деб айтганман. Ростан ҳам ишлаяпти, ҳаммамиз якдил бўлиб Президентга ёрдам беришимиз керак. Ҳаммада камчилик бўлиши мумкин, ҳеч ким қусурдан холи эмас», – дейди ёзувчи.

    Эврил Турон пойтахтни кўчириш ҳақидаги таклифига ҳам изоҳ берди:
    «Тошкентнинг пойтахтга айлантирилгани ҳақида турли версиядаги маълумотлар юради. Баъзи манбаларга кўра Тошкент Кремлнинг қутқуси билан пойтахтга айлантирилган. Пойтахтни алмаштириш таклифи менинг бир фикрим эди, бу менинг гапим тўғри дегани эмас. Кимдир бошқа фикр айтади, яна кимдир мутлақо бошқа фикр айтади. Жамият фикр алмашув билан ривожланади. Пойтахтни кўчириш масаласига тўхталсак, пойтахтни Самарқандга кўчириб бўлмайди. Чунки у ердаги ҳамма эски уйларни бузишга тўғри келади. Эски маҳаллалардаги турли тилда гаплашувчи маҳаллий аҳолини кенгликларга кўчириш керак. Самарқанд очиқ музей шаҳри бўлиши лозим.

    Тошкент шаҳри Истанбул, Олмаота, Нью-Йорк каби шаҳарлардек бир улуғвор шаҳар сифатида қолаверади. Бу унинг нуфузига, ривожланишига тўсиқ бўлмайди. Пойтахт нисбатан ўртароқда бўлиши маъқул, ўрталиқ деб Навоийни айтишимиз мумкин, лекин менинг нуқтаи назаримга кўра, балки хато қилаётгандирман, энг қулай жой Ғаллаорол билан Булунғурнинг орасидир. Шу жой ҳамма вилоят учун ўрталиқ ва қулай деб ўйлайман. У ернинг об-ҳавоси ўзга бир дунё. Помир тизмаларидан Ғўбдин тоғига қадар кенгликда қуриш мумкин. Ҳеч жой бузилмайди. Шаҳарлар шундай туғилади. Ҳозирги бузиб қурилаётган пулга буни қурса бўлади ва бу таклифни ‘Ўзбекистон иқтисодий қудрат чўққисига чиққанда’ деб айтганман. Мен ўзимни мутлақ ҳақ демайман, бор-йўғи бир нисбий фикр ташлаганман, холос. Кимдир эътироз билдирса буни ҳам тўғри қабул қиламан».

    Ёзувчи пойтахтни кўчириш таклифининг фойдали томонларига ҳам тўхталди:
    «Пойтахт кўчирилса, миллат ривожланади, давлат ривожланади, битта янги катта шаҳар пайдо бўлади. У ерда маҳаллийчилик ҳам бўлмайди. Масалан, Сирдарё вилоятида маҳаллийчилик йўқ. Биз ҳали оломонмиз, миллат сифатида шаклланмаганмиз. Олмония ёки Францияда ҳеч кимдан ‘қаерликсан, шаҳарликмисан, қишлоқимисан?’ деб сўрашмайди».

    Эврил Турон пойтахтни кўчириш таклифи ортидан бўлаётган гап-сўзларнинг сабаби таклиф моҳиятини тушунмаслик эканини урғулади:
    «Бу таклифни мен бир фикр дея берганман. Фикримнинг моҳиятини тушунмаганлар эса ижтимоий тармоқда, интернет сайтларида аравани қуруқ олиб қочишаяпти. Баъзи сайтлар эса тушуниб-тушунмасдан ‘пойтахтни кўчирмоқчи’ деб ёзишибди. Гап-сўз қилаётганлар аввал эссени тўлиқ ўқиб чиқишсин, бу таклифнинг бир фикр эканини тушуниб етишсин».

    Шунингдек, ёзувчи Ўрта Осиё бирлиги ҳақида фикрини айтди:
    «Келажакда биз Ўрта Осиё эллари бирлигини ташкил қилсак, ҳарбий бирлик, иқтисодий бирлик, ягона пул бирлиги бўлади, лекин ҳамма ўз ҳолича қолади. Бу худди Европа иттифоқига ўхшаган бирлашув бўлади».

    Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) 1943 йил 12 декабрда Фориш туманида туғилган. Қамалишидан олдин Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси котиби, Ўзбекистон маданият жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган. «Боғдон қашқири», «Туманли кунлар», «Ўлмас қоялар», «Қора дўлана» каби китоблари нашр қилинган. Хорижда «Бўз бўри», «Оқ гул» ва «Ой нури» романлари чоп этилган.

    » » Пойтахтни Жиззахга кўчириш таклифини берган ёзувчи: Мирзиёевга «пахта» қўймаганман