16:30 / 12.03.2019
3 768

Иброҳим Ҳаққул: Ўзбек адабиётидаги фалсафасизлик, ҳирсга етаклаётган қўшиқчилик ва ўқувчи диди ҳақида

Иброҳим Ҳаққул: Ўзбек адабиётидаги фалсафасизлик, ҳирсга етаклаётган қўшиқчилик ва ўқувчи диди ҳақида
Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори профессор Иброҳим Ҳаққул билан бугунги жамият ва адабиёт ҳақида суҳбатимиз очиқ ва самимий руҳда ўтди. Унда Иброҳим Ҳаққул нафақат ўзбек жамияти ва ўзбек адабиётидаги муаммолар ҳамда иллатларни танқид қилди, балки бу муаммолардан қутулиш борасида ўзи тўғри деб билган фикрларни ҳам ўртага ташлади деб ёзади Kun.uz нашри.

— Устоз, Европа, умуман жаҳон адабиётидаги барча катта асарларда маълум фалсафа ётганини кўрамиз. Қайси ёзувчи ва қайси асарларни назарда тутаётганимни сезяпсиз. Айтинг-чи, шу маънода ўзбек адабиётининг фалсафий асослари нималардан иборат, умуман ўзбек адабиётининг якдил бир фалсафаси борми?
— Мумтоз адабиётимиз Навоий, Бобурлар даврида адабиётнинг фалсафаси аниқ бўлган. У пайтнинг ижодкорлари нимага суяниб, нимани тарғиб-ташвиқ қилишни жуда яхши билган. Лекин шўро замонидан кейин ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Бу замонда яратилган адабиётни фалсафаси сиёсат ва мафкура бўлган, коммунистик мафкура. Бу мафкура ва сиёсат то мустақиллик давригачаям келди, лекин ундан кейин адабиётни фалсафаси янгилангани йўқ.

Чунки уни янгилайдиган ижодкор йўқ. Баъзи нарсалар ўзгартирилди, баъзи нарсаларга бошқача тўн кийгизилди ва бу гуманизм дейилди, фалон дейилди, лекин катта фалсафа йўқ.

Шунга ҳаракатлар бўлган. Масалан, бу йўлда Назар Эшонқул катта ишлар қилган. Афсуски, мана шундай ёзувчимиз бор, лекин “оқар сувни қадри йўқ”. Уни ёшлар билан учраштиришадими, йўқми — билмайман.

Адабиёт фалсафасини англаб ишлашга интилишни Хуршид Дўстмуҳаммадда ҳам кўриш мумкин. Аммо юқорида айтганимдек, ҳали том маънодаги янги фалсафа йўқ.

Буни яратиш керак. Бунинг учун катта ёзувчи ва шоирларимиз йиғилиб фикр алмашишлари лозим ва албатта, адабиётни кучини қайси нуқтайи назардан кўрсатиш кераклигини тушунишлари лозим.

Фалсафасиз адабиёт пароканда бўлади. Шуни ҳам айтишим керакки, бизни ёзувчилар ичида авом даражасида фикрловчилари кўп, уларга фалсафа керак эмас. Фалсафани билган тақдирда ҳам унга суяниб яхши асар ярата олишмайди.

Бу ишлар билан Ёзувчилар уюшмаси шуғулланса, тўғри бўлади, назаримда. Қанийди, Асқад Мухторга ўхшаш ёзувчилар бўлганда, бугун бу масалалар ҳақида эркин фикрлашиларди.

Яна бир нарсани айтиб қўяй, ўзини тарихи, дини, санъатини билмай туриб адабиётда фалсафа яратаман дейиш ёки адабиёт фалсафаси ҳақида фикр билдириш бу кулгили.

— Худди шу маънода бугунги ўзбек адабиёти Исломдан қанчалик сув ичяпти?
— Бу жиддий савол ва катта мулоҳаза талаб қилади. Совет давридаги адабиётимиз қарийб бир аср давомида Исломдан деярли сув ичмади. Шунинг учун у адабиёт – диндан ажралган адабиёт, даҳрийликка таянган адабиёт.

Уни айблаш ёки қоралаш эмас, бу ҳолат нега шундай бўлганини тушуниш ва тушунтириш керак. Ва адабиёт диндан ажралганда инсоният нима фожиаларга йўлиқиши ва диндан ажралган адабиётнинг одамларни тарбиялашда нақадар қўли қисқа, тили қисқа бўлишини айтиш керак.

Мустақилликдан кейинги адабиётда Исломдан сув ичишга ўхшаш ҳаракатлар бўлаяпти. Аммо уларни кўпчилигини мен самимий деб билмайман. Сабаби, диний мавзуларда ёзилаётган шеър, достон ва асарларда қандайдир иддаопарастлик бор. Ёзувчининг қон-у жонида бўлмаган, ташқаридан олиб кирилган иш билан муваффақиятга эришиб бўлмайди.

Мен Робиндранат Тагорнинг бир гапини доим ёдимда сақлайман: “Ёзувчининг дини бошқа бўлади”. Яъни ҳамма билган умумий дин билан уни алоқаси бор лекин уни Оллоҳ билан, диний моҳият билан боғланиши бошқача бўлади. У динга, Исломга юксакдан қараб, ҳамма масалаларни ўзича ҳал қилган ва қолганларга намуна бўладиган ёзувчимиз ҳали бизда йўқ. Бу келажакда бўладиган иш деб ўйлайман.

— Суҳбатлардан бирида адабиётдаги пирсизлик, устозсизликни салбий томонлари ҳақида фикр билдирган ва бугунги ўзбек адабиётида ҳам бу жараён давом этаётганлигини танқид остига олган эдингиз.
Агар шундай бўлса, ўзбек адабиётидаги пирсизлик даври қачондан бошланган эди?

— Пирсизлик, устозсизлик XIX асрларгача келган. Иккинчи жаҳон уруши, умуман 40 йиллардан кейин бу масалага нуқта қўйилган.

Тасаввуфда “пирсизни пири – шайтон” деган гап бор. Пирсизликни касофати шундаки, нафсни ҳакалак оттиради. Нафсга қарши туролмайсиз. Эзгу гапларни гапирасиз, китобий, олийжаноб тушунчаларни тарғиб қиласиз, лекин ичингиздаги бўғиқлик, барибир тураверади. Кўп айтаманки, бизни улуғ шоирларимиз Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Эркин акаларда муршид бўлганда эди, нафсга қарши тозаланганда эди, бошқа санъаткор бўлар эди. Шунда улар томонидан умрининг охирида пушаймонлик билан ёзилган шеърлар бўлмас эди.

Пайғамбаримизни бир ҳадислари бор: “Нафсини билган раббини билур”. Бу жуда тўғри гап. Айнан нафсини танимагани ва нафс ҳақида тасаввури бўлмагани учун ҳам бугунги ижодкорларнинг ёзганлари одамларнинг қалбига таъсир қилмаяпти.

— Рус файласуф адабиётшуноси Бахтинни шундай фикри бор: “Қайсидир давр адабиётини ўрганишда ўша давр маданияти кўзи билан ҳам қараш керак”. Хўш, агар шу томондан ёндашилса, сиз бугунги ўзбек маданиятини қандай баҳолайсиз?
— Ўша Бахтин “Ижодкор ўзи яшаган давр ва замоннинг маҳбуси”, — дейди. Лекин у нимага маҳбус? Сиёсатгами, мафкурагами, санъатгами, ҳақиқатгами? Ҳамма гап ана шуни аниқ белгилашда. Шу жиҳатни аниқ белгилашга уриндими ижодкор ўз-ўзидан шахс сифатида шаклланишга тушади ва бу соҳада яхши натижаларга эриша бошлайди. Хўш, натижа нима бўлади? Натижани бир жиҳати ҳозир сиз айтган санъатдан, мусиқадан, меъморчиликдан, хуллас маданиятдан у яхши хабардор бўлади. Уни фикр қараши кенг миқёсда бўлади, яъни у мусиқа ҳақидаям ўз фикрини эркин айта олади, санъат ҳақидаги фикрларини бемалол ўртага ташлай олади ва.ҳ.к.

Аммо бугунги ўзбек ёзувчисига шу нуқтайи назардан қараб кўрингчи, тўғрисини айтиш керак аксариятига на меъморчилик, на мусиқа ва на бошқа соҳалардан ҳатто ибтидоий маълумот ҳам йўқ. Шунинг учун унинг ижодини кенг миқёсда, маданият нуқтайи назаридан таҳлил қилолмайсиз. Йўқ нарсани қандай таҳлил қиласиз?

Ўзбек маданиятининг бир тармоғи қўшиқчилик дейлик. Қўшиқчиликнинг бугунги аҳволи жуда чатоқ, уни таназзул сифатида баҳолаш мумкин. Қўшиқчиликдаги 2000 йилдан кейинги қарийб 15 йиллик даврни эса жуда машъум давр дейиш мумкин. Бунда қўшиқчиликдан моҳият кетди, ҳирс кирди. Ҳақиқат шу даражада ғариблашдики, у тўртта яллачиникига айланди. Бугунги оломончилик шу давргача бўлган оломончиликдан-да ёмон кўринишда намоён бўлмоқда. Бу эса тингловчи савиясини оломон савиясига тушириш учун қўлидан келганча хизмат қилмоқда.

Ҳатто бугунги энг машҳур қўшиқчилар ижоди ҳам тингловчини ҳирсиятга, нафсониятга мойиллигини кучайтириб, руҳониятга бўлган эҳтиёжини йўқотишга хизмат қилмоқда. Шунинг учун бугунги маданият масаласига жуда жиддий қараш керак.

Бугунги ёзувчида биз айтган маданият тушунчаси исталган даражада бўлганда эди, улар бепарво бўлишмаган, таназзулга қараб кетаётган йўлдан қайтаришга уринишган бўларди.

Яхши эслайман, 80 йилларда қўшиқчилик ҳақида қизғин баҳс ва тортишувлар бўларди.
Афсуски, пул ва манфаат бор жойда гап гаплигича қолмоқда.
Шунинг учун бу ерда асосий гапни Маданият вазирлиги, умуман, йўналишга масъул идоралар айтиши, ўз вазифасини бажариши керак.

— Адабиётнинг ўрни сезилиши учун уни баҳолайдиган ва қадрини биладиган закий ўқувчи ҳам бўлиши керак, албатта. Бугунги ўқувчининг адабий эстетик даражасини қандай баҳолайсиз, ўқувчилар савияси адабиётни баҳолашга етарлими? Дейлик, адабиёт, хусусан, шеъриятда кеча Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Аъзам Ўктамларни тушунган, севиб ўқиган авлод бугун катта бўлди лекин ёшлар уларни тушунишга қийналмаяптимикан?
Бунинг сабаби баъзи одамларнинг, айтиш мумкин бўлса, ижодкорларимизнинг узоқ йиллик қўштирноқ ичидаги меҳнатлари самарасими? Бадиий дид борасида фикрингиз қандай?
— Қисқа қилиб айтадиган бўлса, ўқувчини дид ва савияси аввал ҳам жуда баланд бўлмаган. 80 йилларда илгарига қараб силжиш бўлди, кейин яна пасайиб қолди. Бугун эса дид ва савия учун қайғурадиган Рауф Парфи, Шавкат Раҳмонга ўхшаш ижодкорларимиз йўқ ҳисоби. Одамлар бунга кўникиб бормоқда. Агар савия учун қайғурилса, адабий танқид қайғуриши керак, аммо адабий танқид йўқ ҳисоби. Мен кўрмаяпманки, биродарлар, сиз ёзганларингиз орқали ўқувчини дидини ерга қориштиряпсизлар, дейдиган одамни.

Иккинчидан, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмондаги изтироб, ўзига нисбатан талабчанлиги ўқувчини ўқишга, дидни юксалтиришга мажбур қиларди.

Агар менга бугун Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Тилак Жўралар чиқадими, ёки уларнинг чиқишига эҳтиёж борми, деб савол берсангиз мен йўқ деган бўлардим. Эҳтиёж йўқ.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Иброҳим Ҳаққул: Ўзбек адабиётидаги фалсафасизлик, ҳирсга етаклаётган қўшиқчилик ва ўқувчи диди ҳақида

Жамият янгиликлари