30 июлдан 12 августга қадар Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтаётган ёшлар ва 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин паллага кирди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистоннинг У-19 терма жамоаси аъзолари ҳам майдонда ўз салоҳиятини намоён этмоқда деб хабар берди Ўзбекистон бокс федерацияси.
Бугунги кун давомида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган 12 нафар боксчимиз финалга йўл олиш учун кураш олиб боришди. Улар ҳар бири рингда фидокорона ҳаракат қилиб, мухлисларга фахр ва ғурур бағишлайдиган натижаларни қайд этишди.
— Мафтуна Мусурмонова -48 кг вазн тоифасида Вьетнам вакили Тҳао Тҳан Лусни маҳорат билан енгиб, рақибасини 5:0 ҳисобида таслим этди. Унинг ҳаракатлари ёшлар ўртасидаги боксда юксак даражани намоён этди.
— Севара Маматова эса -60 кг вазнда қозоғистонлик Алина Кудаигеновага қарши жуда ишончли тарзда ғалаба қозонди. Жанг давомида у рақибасини нокдаун ҳолатига ҳам тушириб, ҳакамлар томонидан 5:0 ҳисобида ғалабага муносиб деб топилди.
— Райҳона Қурбонбоева ўз ярим финал баҳсини -70 кг вазнда Қирғизистон вакили Зарина Асановага қарши ўтказди ва иккинчи раундда техник нокаут билан ғалаба қозонди.
— -75 кг вазн тоифасида Мафтуна Янгиева хитойлик Тонгтонг Гу билан ўта муросасиз жанг олиб борди, аммо ҳакамлар қарорига кўра 2:3 ҳисобида мағлуб деб топилди. У мусобақани бронза медали билан якунлади.
— Рухшона Парпиева ҳам -80 кг вазнда рингга чиқиб, қозоғистонлик Куралай Егинбайкизидан 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди ва учинчи ўрин билан чемпионатни якунлади.
— Абдураҳмон Маҳмуджонов -60 кг вазндаги жангда қозоғистонлик Тортубек Адилетга қарши баҳс олиб борди, аммо 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
— Жаҳонгир Зайниддинов эса -65 кг вазн тоифасида хитойлик Юҳенг Лини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва финалга йўл очди.
— Абдулазиз Жўрақулов эса эронлик Салеҳ Роозбаҳанини 5:0 ҳисобида енгиб, ўз номини финалчилар қаторига қўшди.
— Муҳаммаджон Яқупбоев -75 кг вазнда қирғизистонлик Усман Капаровга қарши жангда устунликни қўлга киритиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
— Норбек Абдуллаев эса -80 кг вазнда Жанубий Корея вакили Ҳеон-Сеунг Жеонг устидан 5:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.
— Самир Собиров ҳам финал йўлланмасини қўлга киритди. У -85 кг вазн тоифасида Жанубий Корея вакили Дамҳеон Паркни бир томонлама жангда 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
— +90 кг вазнда эса Ислам Салиҳов эронлик Аббас Гаршасби билан бўлган баҳсда очколар ҳисобига кўра устунликни қўлга киритди ва финалга йўл олди.
— Қувонарлиси, +80 кг вазнда иштирок этаётган Собирахон Шахобиддинова қуръа натижасига кўра тўғридан-тўғри финалга йўл олган.
Бу натижалар нафақат боксчилар, балки уларга ишонч билдирган юртдошларимиз учун ҳам ифтихорли лаҳзалар бўлди. Олдиндаги финал жангларида ҳам ғалаба тантанаси давом этишига умид қилиб қоламиз.