20:16 / 02.04.2019
4 184

«Кўринмас қалпоқчали ҳокимият вакили». Ўрикзор бозоридаги воқеадан кейинги ҳангомалар

«Кўринмас қалпоқчали ҳокимият вакили». Ўрикзор бозоридаги воқеадан кейинги ҳангомалар
Жорий йилнинг 26 март куни Бош вазир томонидан Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди. Давлат бюджетига тушумлар масаласида қолоқликка йўл қўйилганлиги учун Миробод, Учтепа туманлари ҳокимлари ва давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари қаттиқ огоҳлантирилди.

Шундан сўнг, ўтган ҳафта давомида ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳридаги «Ўрикзор» бозори ҳудудида солиқ инспекторлари харидорларни тўхтатиб чек сўраётгани, чек бўлмаган ҳолда бозор ҳудудидан чиқармасдан ушлаб тургани ҳақидаги видео тарқалди.

Кейинроқ Солиқ қўмитаси вакили, қўмитадаги бошқарма бошлиғи Тўрабек Тўраев матбуот анжумани чоғида бу вазиятда «солиқ инспекторлари» ноҳақ бўлмаганини маълум қилди. Кўп ўтмасдан Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарида ушбу видеодаги тадбиркорлар фаолиятини текширган шахс қўмита ходими эмаслиги, Учтепа тумани ҳокимлиги вакили эканини маълум қилинди.

Воқеа юзасидан қўшимча тафсилотларни ўрганиш ва икки томондан ҳам изоҳ олиш мақсадида йўлга тушдик.
«Ўрикзор» бозори ҳудудида видеонинг асосий қаҳрамони бўлган тадбиркорни топиш қийин бўлмади. У ҳеч иккиланмай интервью беришга рози бўлди.

«2019 йил 27 март куни соат тахминан 11-00 лар атрофида мижозлар ташқаридан чек сўраяпти дейишди. Ким рахбаринг деб сўранг эдим, ташқаридаги ўша одамни айтишди. Чекни сўрашни кимни қарори билан бўляпти деб сўрадим. Бу қанақадир текширувми деб 10 мартача савол бердим. Шу саволга жавоб беришмади. Кимлигини ҳам таништирмади. «Сиз бирини ўзингизни таништиринг» деди. Ўзини таништирмади. Кимлигини сўрашим бу менинг ҳуқуқим. Кимлигини билишим керак-ку. Бирор идоранинг ходимими ёки кўчадаги безорими? Бунга ойдинлик киритиш учун мақсадида ундан сўрадим. Кимнинг қарори бўйича? Фамилиянг нима деб сўраш керак-ку бундай вақтда. Ундан сўрасам мендан ҳужжат сўради. У ерда йиғилган халқ эса ҳаммаси тадбиркорлар. Уларни мен йиғмаганман. Хоҳласангиз мана бозор маъмуриятининг видеоёзувларини кўришингиз мумкин. У ердаги халқ ўзлари йиғилди. Мен у кишига савол бердим. Мен унга ўзимни таништирдим, ҳужжатларимни кўрсатдим. У ўзини таништирмади ҳам, ҳужжатини ҳам кўрсатмади. Эшикларнинг олдида туриб мижозлардан сўраса, эртага улар фаолиятимни ноқонуний деб ўйлаб мендан товар олмай қўяди. Ундан кўра, кириб ўзимдан сўрасин. Ҳужжатларим ҳаммаси тўлиқ, 5 йилдан бери фаолиятимни юргизяпман. Бир ойда 15 марта давлат солиқ идорасидан келади. Ҳужжатларимизни кўрсатамиз. Камчилик бўлса, дарров жарима белгилайди. Бунақа сўрайверса, нафақат менга бутун бозорга келмай қўяди-ку. Солиқлар, бозор ижара пули, коммунал тўловлар тўлашим керак. Бола-чақам бор, уларни боқишим керак. Ундан ташқари, кунлик инкассация қиласан деган солиқ қўмитаси. Бу расман айтилмаган. Ундан ташқари, мижоз келса ўзимга ҳам давлатга ҳам фойда-ку. Пул тушумларидан солиқ тўлайман», дейди тадбиркор ҳаяжон билан.

Энди видеодаги иккинчи томон, солиқ қўмитаси маълумотида келтирилган ҳокимият вакилини топишимиз керак эди. Учтепа туман ҳокимиятига бордик. Ҳокимият вакиллари бу шахсни туман солиқ инспекциясидан топишимиз мумкинлигини айтишди.

Солиқ инспекциясига борган вақтимизда бу ерда штаб тузилгани, ҳокимият вакиллари ҳам, прокурорлар ҳам шу ердалигини айтишди. Учтепа туман ҳокимияти иқтисодий бўлими ходими Муроджон Эгамбердиев ҳам шу ерда экан. Унинг йиғилишдан чиқишини кутдик. Аммо, йиғилиш тугагач ҳам уни тополмадик, у худди кўринмас қалпоқча кийиб олгандек ғойиб бўлди.

Солиқ инспекцияси раҳбари ўринбосари Шерзод Рўзиевдан изоҳ сўрадик.

«Жорий йилнинг март ойи учун бюджет кўрсаткичлари бўйича режамиз бор. Ўша режани бажариш учун бутун тумандаги иқтисодий комплекс бу насага жалб этилган. Шу жумладан, ҳокимият иқтисодий бўлими ҳам. Асосий манба бозорлардаги тадбиркорлик субъектларидир. Юридик ва жисмоний шахслар. Нақд пул тушуми ҳам шу бозорлардан бўлади. Бизнинг туманда «Ўрикзор» бозоридан бўлади. Кимдир кам топширади, кимлир ыисман топширади. Мониторинг вақтларида буни гувоҳи бўлганмиз. Шунинг учун, иқтисодий комплекс, яъни банк, молия, солиқ, ҳокимият иқтисодий бўлими ҳамкорликда бозорларда тадбирлар амалга оширилди. Бу текширувмас, мониторинг эмас. Текширув тадбири алоҳида буйруқ асосида бўлади. Натижасига қараб таъсир чораси қўлланилади. Ўша кунги бозордаги ҳолатда ҳеч қандай мониторинг ҳам бўлмаган. Иқтисодий комплекс ходимлари нақд пул тушумини топшириш бўйича ишлар амалга оширилган. Вақти келганда хронометраж ўтказганимизда тўлиқ пул топшириш бўлмаган. Чекни текшириш мақсади шуки, тадбиркор ҳам масъулиятни озроқ ҳис қилсин.

Касса аппаратини ўрнатиб қўйиш қонуний дегани эмас. Товар айланмасидан пул тўлаши лозим. Қанчалик пулни кам кирим қилса, солиқ шунча кам тўланади. Бу тадбирда моддий ёки бошқача таъсир чораси қўлланмайди. Фақат тадбиркорга тушунтирилади. Ўша ҳолатда иқтисодий комплекс ходимлари жалб қилинган. Тушунтириш ишлари олиб борилган. Тадбиркорлар томонидан озроқ тушунмовчиликлар бўлган», дейди у.

Қизиқ ҳолат. Ўзининг ҳақлигига қатъий ишончи бўлгани сабабли тадбиркор мухбир билан суҳбатлашишдан қочмади. Аммо, ҳокимият вакили ўзининг ноҳақ эмаслигини исботлаш ўрнига, «кўринмас одам»га айланди қолди.

Бу турдаги текшир-текширлар, тадбиркор қолиб мижозларни сўроқ қилиш тарихий тажрибаларда доимо салбий оқибатларга олиб келиши кўплаб мисолларда мавжуд. Балким, маълум бир тадбиркорлар солиқ ва тушумларда виждонсизлик билан иш тутар. Лекин, виждонли солиқ тўловчилар фаолиятига аралашиш бозор муносабатларига номувофиқ харакат эмасми?
Баҳодир Аҳмедов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Кўринмас қалпоқчали ҳокимият вакили». Ўрикзор бозоридаги воқеадан кейинги ҳангомалар