
Олти ярим яшар ўғлим билан таксида кетаётгандик. Бир пайт у «Дада, қаранг, анови машинага «тахи» деб ёзиб қўйибди», деди. Ҳайдовчи «тахи» эмас, «такси»-ку, деб жавоб берди мендан олдин. «Йўқ, ўғлим тўғри ўқиди. «Тахи» деб ёзилган», дедим.
Бизни қувиб ўтган «Матиз»нинг устида «TAXI» деган кўрсаткич белгиси бор эди. Ҳайдовчи билан тортишдик. У «TAXI» — такси эканини, буни ҳамма бир қарашдаёқ билишини таъкидларди. 1-синфда ўқийдиган ўғлим учун эса бу taksi эмас, taxi(тахи) эди. Яъни, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида шундай ўқилади. Ҳайдовчининг «Бу ахир инглизча ёзилган», деб куйиб-пишиши мени ўйлантириб қўйди. Шундай ҳам дейлик, унда нима учун инглизча?
1989 йил 21 октябрда қабул қилинган, 1995 йил 21 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида» қонунининг 20-моддасига эътибор беринг: «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин».
Энди такси машиналаридаги ёзув тил ҳақидаги қонунимизнинг ушбу моддаси қоидаларига зид ёки зид эмаслиги ҳақида ўйлаб кўринг.
Биринчидан, агар у лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлса, «TAXI» эмас, «TAKSI» бўлиши керак. Иккинчидан, инглиз тилида берилган бўлса, аввал давлат тилида, яъни ўзбек тилида расмийлаштирилиб, сўнгра бошқа тилда таржимаси берилиши мумкин.
Масалан, бизда кенг намойиш этилаётган корейс сериалларида баъзан кўчадаги таксилар ҳам кўриниб қолади, эътибор берсангиз, улар машина устидаги кўрсаткичнинг олд қисмида корейсча, ён тарафида эса инглизча «TAXI» деб ёзишган. Турк сериалларидан маълум, уларнинг таксиларида ҳам кўрсаткичнинг олд қисмида «TAKSI», ён томонида эса «TAXI» турибди...
Бир қарашда бу арзимасдек туюлиши мумкин. Ростдан ҳам, ҳаммамизнинг кўзимиз ўрганиб қолган: «taxi»ми, «taksi»ми, барибир «такси» деб ўқийверамиз. Аммо энди 1-синфга бораётган, миллий алифбомизни ўрганиб бошлаган, қалби ва онги Ўзбекистон меҳри, Ватан муҳаббатига лиммо-лим болакай учун ундай эмас. У «taxi»ни «taxi» (тахи) деб ўқийди ва сўрайди: «Дада, у нима дегани?»...
Бу фикрларни 8 йил олдин ёзган эканман. Шундан буён ҳеч нарса ўзгармаган – ҳамон кўчаларимизда “тахи”лар юрибди...
Ҳусан Карвонли
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар