15 йилдан сўнг ноҳақ айбланган божхоначи оқланди

Фарғона вилояти божхона бошқармасига қарашли “Фарғона” божхона постида ишлаб келган собиқ инспектор А. Абдуллаев (исм-шариф ўзгартирилган) 15 йил ўтиб суд қарори билан тўлиқ оқланди.
Маълум бўлишича, у 2010 йилда пора олишда айбдор деб топилиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ҳамда божхона органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Бироқ иш кассация тартибида қайта кўриб чиқилиб, унга қўйилган айбловлар ишончли ва етарли далиллар билан тасдиқланмагани аниқланди.
Суд муҳокамаси жараёнида собиқ инспектор тергов пайтида ўзига нисбатан босим ўтказилгани ва қийноқлар сабаб айбни тан олишга мажбур бўлганини билдирган. Гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам унинг айбсиз эканини тасдиқлаган.
Шу билан бирга, текширув давомида айрим ҳолатлар бўйича айблов қўйилган вақтда А. Абдуллаев умуман мазкур божхона постида фаолият юритмагани ҳам маълум бўлди.
Натижада Фарғона вилояти суди 2010 йилда чиқарилган ҳукмни бекор қилди, собиқ инспекторни айбсиз деб топиб, тўлиқ оқлади. Шунингдек, унга етказилган моддий ва маънавий зарарни қонун доирасида ундириш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.
Маълумот ўрнида, 2025 йил давомида мамлакат судлари томонидан жами 422 нафар шахс оқланган. Бу эса суд-ҳуқуқ тизимида адолат ва мустақиллик тамойиллари изчил мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!