11:27 / 02.06.2019
3 646

Суриядан қайтганлар: Уларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида нималар маълум? (видео)

Суриядан қайтганлар: Уларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида нималар маълум? (видео)
Фото: Президент матбуот-хизмати
30 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан 156 нафар ўзбекистонлик Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан ватанга қайтарилди.
Республика махсус хизматлари томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилган «Меҳр» номли мазкур амалиёт доирасида ватанга қайтарилганлар Тошкент аэропортида кутиб олинди.

Бугунги кунда адашиб ўзга юртга бориб қолган, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган инсонларга эндиликда ҳукумат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратилди.

31 май куни Kun.uz мухбири Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаториясида бўлиб, Ўзбекистонга қайтарилган ватандошлар учун яратилган шароитлар билан танишди ҳамда улар билан суҳбатлашди.

Мазкур сиҳатгоҳ Тошкент шаҳридан 30 км узоқликда «Зах» канали соҳилида, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган. Бу ерга Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ўзбекистонга қайтарилган 156 нафар ватандошимиздан 154 нафари вақтинча жойлаштирилган. Сил касаллиги билан оғриган бир киши касалхонага жойлаштирилган бўлса, Сурия қамоқхонасидан олиб келинган яна бир киши суриштирув ва тергов ишларига жалб қилинган.

«Биз жанг овозини Сурияга борганимизнинг иккинчи йилида эшитдик...»
(Жамила Исаева, Наманган вилояти)

— Жамила, аввало ватанга қайтганингиз билан табриклайман. Келинг, суҳбатимиз бошида Сурияда кечирган кунларингизни эсласак.
— Дастлаб ишлаш учун Қозоғистонга боргандим. Ундан Туркияга ўтдим. Туркияда «Ислом давлати» тузилибди, яшаш ҳам яхши экан» деган гапларни эшитардим. Шу гапларга ишониб, қолаверса, ўзим қизиққан диний илмларни эгаллашни мақсад қилиб Сурияга йўл олдим.

Суриядаги дастлабки ҳаётимиз тинч ўтди. Бизни алоҳида уйларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб туришди. Уруш ҳаракатлари сезилмасди. Бир йилча шундай ҳаёт кечирдик. Урушга эркакларни юборишганди. Аёллар эса уйда, болалар билан бўлардик. Аммо охирги икки йилдаги ҳаётимиз жанг майдонида кечди.

— Қўлингизда ёш фарзандингиз бор экан. Демак, Сурияда турмушга чиқибсиз-да?
— Сурияга борганимдан кейин бир ойча мени ҳам умумий келганлар ичида сақлашди. Бир ойдан кейин янги келганларнинг ҳар бирини ўз миллатдошлари қаторига юборишди, мен ҳам Ироқдаги ўзбеклар жойлашган бир қишлоққа кетдим. Ўша қишлоқда яшай бошлаганимнинг иккинчи ойида мени андижонлик Муҳаммад исмли бир йигитга унаштириб қўйишди, қизимнинг отаси у. У киши кўп ўтмай самолёт ҳужумига учраб ҳалок бўлди.

— Қайтиб келишингизга нима сабаб бўлди? Эшитишимизча, Суриядаги ўзбеклар орасида ватанига қайтишни истамайдиган, аниқроғи қамалишдан қўрқадиганлар ҳам бор экан.
— Айтганимдай, аввалига аслида қаерга борганимни тушунмаганман. Уруш бошлангачгина бунинг нималигини тушундим. Қайтиш фикри шунда бошланган.
Афсуски, менда қайтиш учун имкон бўлмади, бунга кўп пул керак эди. Қочишга уринганлар ҳам кўп эди. Аммо қочоқларни тутиб олишса уларни ўша ернинг ўзида отиб ташлашар ёки қишлоқларига қайтаришарди, фарзанди бор инсонларни тутиб олишса, фарзандларини тирик қолдириб, ўзини отиб ташлашарди.

Охирги пайтларда кетишга уринганларни ҳеч ким отмади, биз ҳам шу имкониятдан фойдаланиб чиқиб кетдик. Суриянинг курдлар яшайдиган Жазира деб номланадиган ҳудудига, сўнгра Ҳасака худудига бориб жойлашдик. У ерда курдлар ва «Қизил ярим ой» жамияти қаровида бўлдик. Ҳали Сурияда ватандошларимиз жуда кўп.

— Қайтганингиздан хурсандмисиз?
— Ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз.

— Ҳозирги шароитлар ҳақида айтсангиз. Махсус хизматлар томонидан босимлар, куч ишлатишлар бўлмаяптими?
— Текширувлар, сўроқлар бўлиб турибди. Шароитлар, ўзимиз, фарзандларимизга бўлган муносабат яхши. Тоза жой, иссиқ овқат беришди, тиббий хизмат кўрсатиляпти.

Видеолавҳада Суриядан қайтган болаларга яратилган шароитлар, улар билан суҳбатлар, шунингдек, укасининг қистови билан Сурияга бориб қолган, у ерда отаси ва икки укасидан ажралган, ўзи эса бомба портлаши натижасида бир қўлидан деярли ажралган Мастура исмли наманганлик аёл билан суҳбатни томоша қилишингиз мумкин.

«Бўстон» санаториясидаги болалар аҳволи билан ҳам қизиқдик. Бу ерда янги олиб келинган болалар учун тарбиячи, болалар шифокори ва психологлар жалб қилинган бўлиб, улар болаларнинг дастлабки тиббий ва психологик аҳволини ўрганиб, шу асосда иш кўришмоқда.

Тиббий ва бошқа жиҳатдан соғлом болалар эса мусиқа, рассомчилик каби бир нечта санъат йўналишидаги тўгаракларга жалб қилинган.

Болалар билан суҳбатлашар эканмиз, афсуски, уларнинг ёшига мос бўлмаган тарзда билимсиз бўлиб қолганига гувоҳ бўлдик. Жумладан, 10-12 ёшли болалар ҳам Сурияда мактаб илмидан четда қолгани боис ҳарф танимайди, қўшиш, ҳисоб-китоб илмидан эса мутлақо бехабар.

Юқоридаги видеолавҳа давомида сиз Сурияда отаси ва икки укасидан ажралган аёл қисмати, Суриядан қайтарилган болаларнинг ҳозирги аҳволи, шунингдек, айрим ижтимоий тармоқларда Суриядан қайтарилган болалар, аёлларни олиб келишга кўмаклашиш учун UNICEF Ўзбекистон ҳукуматига 3 миллион доллар ёрдам пули ажратгани ҳақидаги тарқалган маълумот бўйича Давлат хавфсизлик хизматининг сиҳатгоҳдаги хавфсизлик масалаларига жавобгар ходимининг изоҳи билан танишишингиз мумкин.

Мақоладаги айрим шахсларнинг маълумотлари ўзгартирилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Суриядан қайтганлар: Уларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида нималар маълум? (видео)