
Саудия Арабистони ва бир қатор давлатларда 4 июнь куни Рамазон ҳайити деб эълон қилингач, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бу борадаги фикрларини тақдим этди.
«Бугун биз рўза тутамиз. Чунки бизнинг минтақамиздан ғарброқда жойлашган араб давлатларига ой кўринган бўлиши мумкин. Чунки Янги ҳилол Ғарб томондан кўриниб бошлайди. Аммо мусулмон давлатларнинг 70 фоизида ҳайит 5 июнь куни бўлади.
Бу борада Саудия Арабистонига эргашиш вожиб амал эмас. Чунки ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида Ойнинг кўринишини кузатиши керак. Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг «Ҳилолга қараб рўза тутинглар, ҳилолга қараб очинглар», деган ҳадисига амал қилинади. «Маккага қараб тутинглар ёки очинглар», деган буйруқ йўқ.
Мана шундай ҳолатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик мусулмонларнинг орасига фитна солишга уринаётганлар топилади. Ундай фитналарга учмаслигимиз керак. Бу борада фатвони диний идора чиқарган. Ўзбекистон мусулмонлари ўзини ҳурмат қиладиган бўлса — Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг раиси муфтий ҳазратларининг фатвосига бўйсуниши вожиб ҳисобланади.
Қолаверса, бизда азалдан фалакиётшунослик фани тараққий этган. Осмон жисмларини кузатувчи обсерваторияларимиз фаолият кўрсатмоқда. Бу жойда янги ойнинг туғилиш фазасини ҳисоб-китоб қилиш ва кузатишнинг техник имконияти борлигига ишонган ҳолда, ён атрофимиздаги давлатлар ҳам бизга иқтидо қилишган», — деди Нуриймон Абулҳасан.
Осмонда ойни кузатиб, ҳижрий-қамарий ойларнинг бошланиш кунини белгилаш билан шуғулланувчи moonsighting.com сайтида 2 июнь куни тонгда Индонезияда туширилган Ойнинг фотосурати келтирилган.
Суратдан кўриниб турибдики, ҳали Рамазон ойинг эски ҳилоли тўлиқ тугамаган. Бир кун (3 июнь) давомида янги ой туғилиб, кейин (4 июнь куни) Шаввол ойининг ҳилоли кўриниш беради.
Шу сайтда 3 июнь куни ойнинг кўриниш харитаси ҳам келтирилган.
Харитага кўра, 3 июнь куни шомда Евроосиё материги ва Африкада янги ҳилол кўриниш бермаслиги керак бўлган. Сайт ходимлари ҳам янги ой кўринмагани ва унинг кўриниши кутишаётганини ёзишган.
4 июнь куни ой кўплаб минтақаларда қуролланмаган кўз билан ҳам яққол кўзга ташланиши тасвирланган.
Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу борадаги саволларга жавоб берар экан, шундай деган эди:
«Илгари, алоқа воситалари ривожланмаган чоғларда ҳам бундай вазиятлар бўлган, бироқ ҳайит ва рўзанинг бошланиши орасидаги фарқлар кўп билинмас эди. Кейинги пайтларда интернетнинг ривожланиши билан бу масала кўтарилмоқда.
Аслида, бу нарсалар Ой кўриш амалиёти билан бажарилади. Пайғамбаримиз (саллолоҳу алайҳи васаллам) «Сувму ли руятиҳи ва афтиру ли руятиҳи» (ойни кўриб рўза тутинглар, ойни кўриб оғзингизни очинглар), деганлар.
Агар бир юртда кўринса, иккинчи юртда кўринмаса ва фарқ юз берса, ҳар ким ўзи турган юртга қараши керак. Ўзи қайси юртда турса, шунинг эътиборидан рўза тутишни бошлайди ва тугатади, ҳайитини нишонлайди.
Уламоларимизнинг бир ерда ҳилолнинг кўрингани бошқа ерга ўтадими, деган масаладаги фикрлари ҳам ихтилофли. Бирлари «ҳа», бирлари «йўқ», дейишган. Биз шунинг «йўқ» деган тарафини эътиборга олишимиз, бир юрт бутун боши билан, ўзларининг раҳбарлари билан, шу ишда масъуллари билан белгилаб, «фалон куни» деб айтиб турган бўлса, бошқа ердагиларнинг тутганини ёки очганини ҳужжат қилиб, орада ихтилоф чиқармаслик керак. Улар кўрибди, улар қарор қилибди, ўзларининг бошлиқлари фатвони берибди, белгилабди — демак, улар учун ҳайит. Буёғдагилар «биз ҳали кўрмадик, бизда собит бўлмади», деб туришибдими — демак, ҳайит бир кундан кейин бўлади.
Шунинг учун ҳар ким ўзича бир ҳаракат қилиб, «фалон ерда очишибди, биз очиб юбордик, сен ҳам оч», деб, одамларнинг олдига бориб, уларнинг ҳам рўзасини очишни талаб қилиш ёки аксинча ҳолатлардан четланишимиз керак», — деган эди Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ.
Azon.uz сайтида диний уламоларимиздан Мубашшир Аҳмаднинг бу борадаги фикрлари эълон қилинди:
«Ой кўриш масаласи — ихтилофли масала. Масалан, Қатарнинг «Ал-Жазийра» телеканалининг бу мавзудаги тадқиқотига кўра, телескоп билан қараганда бугун Шаввол ҳилоли кўринади. Аммо оддий кўз билан қараганда, Рамазоннинг ўттизинчиси бўлади. Бу нуқтаи назардан «Ойга қараб рўза тутиш ва оғиз очиш» ҳақидаги ҳадисни ҳам икки хил тушуниш мумкин. Демак, масала ихтилофли. Бундай ҳолларда қозининг ҳукми ихтилофни кесади. Фиқҳда шундай уқтирилади.
Мен ҳозир Туркиядаман. Эртага — ҳайит. Уларда буни фалакий ҳисобда олдиндан маълум қилиб қўйилган. Ўзбекистонда эртага Рамазоннинг охири. У ҳам олдиндан маълум қилинган. Ҳилолни кўрганлар ҳам иккига ажраган: телескоп ва оддий кўз билан кўрадиганларга. Бирида — эртага ҳайит, бошқасида — индинга. Демак, бу ўринда якдил сўз йўқ, муфтийнинг сўзи ҳал қилувчи бўлади. Шунга кўра, Ўзбекистонда ҳайит — чоршанба куни. Қолган гаплар шов-шув кўтаришни ёки ихтилофни севиш. Ҳарна шу билан машҳур ва диққат марказида бўлиш мумкин».
Саудияда бўлиб турган уламоларимиздан Сайфуллоҳ Носир ҳам ўз фикрини билдирган:
«Муҳтарам биродарлар!
Саудияда ой кўринибди, эртага ҳайит деб эълон қилинди.
Юртларида эртага ҳайит бўлмаган мусулмонлар барча билан биргаликда улар қачон ҳайит қилсалар, ўша куни ҳайит ўқисинлар, ўша кунни байрам қилсинлар.
Ой кўринган минтақаларга эргашиб, оғзини очган кишилар бўлса — ул муҳтарамлар ҳам одамларга кўрсатиб еб юрмасинлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Минода тўрт ракат ўқишни нотўғри деб билсалар-да, фитна бўлмасин, деб имомга эргашган эдилар.
Бу ерда ҳам шундай. Ҳайитни эртага деб билмаган биродарлардан илтимос ва ражоимиз шуки, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг тасарруфларини ёдда тутсинлар, турли гап-сўзларни гапириб байрам кайфиятига раҳна солмасинлар.
Қадимдан мусулмонлар диёрида турли иқлимларда ҳайит кунини тайинлашда ихтилофлар учраб турган. Бу нарса мусулмонлар бирлигига соя солмаслиги лозим». «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар