20:12 / 26.06.2019
2 135

ОТМларда дарслар зерикарли, бюрократия жуда кучли, ректорлар мустақил эмас

ОТМларда дарслар зерикарли, бюрократия жуда кучли, ректорлар мустақил эмас
Бугун, 26 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистонда олий таълим соҳасига бағишланган бир ойлик сайёр сессиялари хулосалари юзасидан якуний муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда соҳага масъул ҳукумат мулозимлари ва аксарият ОТМларнинг ректорлари иштирок этди.

Фото: Халқаро пресс-клуб
Kun.uz нашрининг хабар беришича, сессия аввалида ХПК томонидан бир ой давомида сайёр сессияларда ОТМ талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ректорлари томонидан кўрсатилган муаммоли ҳолатлар умумлаштирилган ҳолда санаб ўтилди.

Талабалар таъкидлаган муаммолар:
- Олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида ҳамкорлик йўқ. Шу сабабли амалиётнинг самараси бугунги истеъмолчилар талабига жавоб бермайди. - Ёзги амалиёт эса коррупция ҳолатларини келтириб чиқаради.
- Талабанинг билимини жорий баҳолаш тизими талабга жавоб бермайди, талабанинг асл салоҳиятини кўрсатиб бермайди. Бу эса таъмагирликка асосий сабаб бўлмоқда.
- Ахборот-ресурс марказларининг моддий-техник базаси талаб даражасида эмас, уларнинг сиғими ўсиб бораётган талабалар контингентига мос келмайди.
- Айрим университетларда ҳатто интернет йўқ ёки тезлиги жуда паст.
- Замонавий ўқув-лаборатория ва ўқитишнинг техник воситалари етарли эмас.
- Айрим ўқитувчилар ўз устида ишламайди, мутахассислиги бўйича замонавий билимларга эга эмас.
- Дарслар қизиқарли бўлмайди. Етарлича билим берилмайди.
- Ўқув дарсликлари эскирган. Замонавий чет эл дарсликлари эса ўзбек тилида эмас. Электрон кутубхона тўлақонли шакллантирилмаган.
- Магистратурага қабул қилиш тизими шаффоф эмас.
- Ўқитиладиган фанлар сони жуда кўп. Номутахассислик фанлари ҳам якуний сессияда мутахассислик фанлари каби талабни қўяди. Талаба аъло баҳо билан сессияни ёпмаслиги учун номутахассислик фанлари атайлаб баҳони туширади.
- Энг коррупциялашган фанлар – ижтимоий-гуманитар фанлардир.
- Давлат имтиҳонларининг айримларини бекор қилиш керак.

Профессор-ўқитувчилар таъкидлаган муаммолар:
- Малака ошириш тизими талабга жавоб бермайди. Маълумотлар эски, янгиланмайди. Тизимда коррупция ҳолатлари мавжуд.
- Олий таълимда бюрократия жуда кучли. Олий таълимни самарали ташкил қилиш учун зарур бўлган, зудлик билан янгиланиши ва ишлаб чиқилиши керак бўлган меъёрий ҳужжатлар сони жуда кўп.
- Илмий иш қилиш учун ўқитувчига шароит кам. Илмий иш қиламан деган ўқитувчи бюрократия ботқоғига ботиб қолади ва оқибатда мақсадидан ҳам қайтади.
- Илмий тадқиқотларни амалга ошириш жараёнида ўқитувчилар Олий аттестация комиссиясининг мураккаб бюрократик довонидан ошиб ўтиши керак.
- Барча меъёрий ҳужжатлар фақат таянч олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқарилаётгани сабабли университет, институт ва филиаллар ўртасида рақобат яхши шаклланмаган.
- Ўқув режалари ва фан дастурларини тузишда ОТМнинг индивидуал имкониятлари ва илмий-педагогик салоҳияти ва мактаблари хусусиятлари ҳисобга олинмаган.
- Хорижий адабиётларнинг таржимасини ташкил этиш механизми ишлаб чиқилмаган. Бунда халқаро муаллифлик ҳуқуқлари меъёрларига амал қилинмаяпти.
- Олий таълимни янада ривожлантириш, таълим сифатини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, ривожланишни башоратлашга қаратилган форсайт марказлар мавжуд эмас.

Ректорлар таъкидлаган муаммолар:
- Ректорларнинг мустақиллик даражаси чегараланган, улар маҳаллий ҳокимият ва вазирликларнинг нисбатан босими остида ишлайди.
- Талабалар билимини жорий баҳолаш тизими шаффоф ва адолатли эмас, кўп жиҳатдан ўқитувчининг субъектив хоҳишига боғлиқ.
- Олий таълим тизимида коррупция, таъмагарликка имкон берадиган қонун-қоида ва низомлар мавжуд. Ялпи ижро ижрога киритишдан олдин амалдаги меъёрий ҳужжатларнинг айримларини балки алоҳида ОТМларда муайян муддат синовдан ўтказиш зарур. Айрим ўта муҳим ҳужжатлар ижросига киргач, муаммолар келиб чиқмоқда.
- Олий таълимни ташкил қилишнинг жуда кўп ваколатлари асоссиз равишда ОТМ ва олий таълим тизимидан олиниб, Вазирлар Маҳкамасига берилган. Натижада таълимни оператив бошқариш суръати президент қўяётган талабга мувофиқ эмас.
- Ўзбекистонда ОТМларга ишга олиш тартиби совет давридан буён номи ўзгарса ҳам, мазмуни ўзгармаган. Белгиланган танлов тартиби мавжуд реалликдан йироқ. Кўпчиликда таклиф мана шундай: ОТМларга Меҳнат кодекси доирасида педагогларни ёллаш тартибини ишлаб чиқиш имкониятини бериш зарур.
- Ўзбекистон олий таълими яқин вақт ичида қандай бўлиши керак, деган тасаввур йўқ.
- Олий таълим вазирлиги 2018 йилда ОТМга 2600та топшириқ юборган. Бу вазирликнинг ўзида ҳам, ОТМларда ҳам биринчи раҳбар ва ўринбосар циркуляр хатларнинг айланишини таъминлаш билан банд бўлиб қолганини кўрсатмоқда. Ректорларнинг фикрича, вазирлик стратегик мақсадлар билан шуғулланиши керак.
- Маҳаллий ҳокимият учун ОТМларни йиғилишга мажбурлаш бошқарувнинг бир усули ёки келгусида уларга босим ўтказиш қуролига айланган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ОТМларда дарслар зерикарли, бюрократия жуда кучли, ректорлар мустақил эмас