
Сурхондарё вилоятида 38,5 миллиард сўмлик тендер жараёнида қонунбузилишлар аниқланиб, харид бекор қилинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот берди.
Маълумотларга кўра, тендер “Surxondaryo Qurilish Invest” томонидан эълон қилинган бўлиб, текширув давомида жараёнда жиддий қонунбузилишлар аниқланган.
Тадқиқот натижасида маълум бўлишича, тендерда қатнашган “Ф.” МЧЖ солиқдан қарздор деган сохта маълумот асосида асоссиз тарзда четлатилган. Шу пайтда эса қолган икки МЧЖ ғолиб ва захира ғолиб сифатида тан олинган.
Агентлик ушбу ҳолатни рақобатга зид ҳаракат, тендер натижаларини эса адолатли танлов тамойилига зид деб баҳолаган.
Натижада, харид расман бекор қилинди, барча тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Айни пайтда терговга қадар текширувлар олиб борилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тендерларда шаффофлик, рақобат ва қонунийлик тамойилларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини билдирди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.