10:27 / 07.07.2019
5 295

Рекламада ва медиада аёлларнинг ҳуснидан фойдаланиш қанчалик тўғри?

Рекламада ва медиада аёлларнинг ҳуснидан фойдаланиш қанчалик тўғри?
Рекламада эҳтиросли қараб турган чиройли қизларни кўриб ўрганиб қолганмиз. Кундалик ҳаётимизда учрайдиган бу ҳолат ортида жиддий ижтимоий муаммо ётади, у ҳам бўлса эркаклар ва аёллар жамиятда тенг имкониятга эга эмаслиги, аёлларга ҳали ҳам жинсий майл объект сифатида қаралиши, аёллар муваффақиятга эришиш учун бундай ролга кўнишга мажбур бўлиши. Азамат Шомузаффаровнинг мақоласи шу муаммога бағишланади.

Феминизмни оқлайдиган мақолаларни ўқир эканман, уларга тарафдор эмаслигимни айтиб ўтмоқчиман. Мен аёллар ва эркаклар тенглиги тарафдориман. Ушбу мақолада феминистик мақолаларга ва китобларга эътибор қаратмоқчи эдим.

Китоб ва мақолалардан ташқари, ижтимоий тармоқларда, YouTube саҳифасидаги видеоларда она ва уй бекаси бўлишдан кўра шахсий ҳаётда кўп муваффақиятга эришган аёллар ҳақида шарҳлар учраб туради. Балки сиз ҳар куни ижтимоий ҳаёт, аёллар, қизлар ҳақида ёзадиган Азиза Умаровани биларсиз. Ундан ташқари, Technovation Uzbekistan ва Woman in Tech лойиҳалари билан танилган Елена Селезнёва ҳам бор. Аёллар фақат уйда ўтириши, келинсалом қилишидан кўра кўпроқ нарсаларга қодир деб ҳисоблайдиган манбалар тўлиб-тошиб ётибди. Лекин булар бизнинг жамиятимиз учун етарли эмас. Чунки ғоялар қоғозда эмас, мияда бўлиши керак. Шунинг учун ҳам мен тенг ҳуқуқлар ва танлов имконияти конституциядагина эмас, мияда ҳам бўлишини истайман.

Мавзу у ер-бу ерда кўтарилганда бу ҳолатни кузатиш мумкин. Шундай феминистлар ҳам борки, эркакларни барча гуноҳларда айблайди. Шундай эркаклар ҳам борки, ўзларининг устун эканликлари ва ҳақиқий эркак бўлиб қолиш ҳуқуқлари борлигини ҳужумкорлик билан ҳимоя қилади. Улар сўл қарашлар ҳамжинсбозликни оқлашга, гетересексуалликни сиқиб қўйиш ва уларнинг одатдагидай бўлиб қолишларига халақит қилади, деб ҳисоблайди.

Менинг қарашларим фаол феминистлар ва тажовузкор эркакларникидан фарқланиб, у ёки бу нарсани бажаришни талаб қилиб, қутурган итдай одамларга ташланмайман. Мен айримларингизнинг қарашларингизни ўзгартира олишимга ишонаман. Мен Green Peace’га ўхшаб эмас, аксинча, Ёввойи табиат фондига ўхшаб ҳаракат қиламан.

Олдинлари мен ҳам кўп эркаклар ўйлайдигани каби «нормал» эркак бўлиб, қизларга тикилар, уятли ҳазиллар қилар, феминистларни бир-иккита «мурвати» бўшаб қолган хотинлар деб ҳисоблар эдим. Бу мен учун ҳаддан ошиш эди. Ҳозир ҳам қомати келишган аёлларга ҳазиллар қилиб тураман, рекламадаги модель аёлларни томоша қилишни ёқтираман.

Фарқ шундаки, ҳозирда мен аёлларни жинсий объект сифатида кўрсатиш керак эмаслигини тушунаман. Аёллар чеклаб қўйилган жамиятда уларни мажбурлаш адолатдан эмас деб ҳисоблайман. Уларга ҳам ўсиш, ривожланиш учун шароит яратиш керак.

Қизлар фақат модель бўлсанг, ҳамма нарсага эришасан, аёллар фақат чиройли кўринсанг ютуққа эришасан деб ўйламасликлари, аксинча, ким бўлиши, қайси касбни танлаш имкониятига эга бўлишлари керак.

Агар хот-догни овқат сифатида ёки уятсиз имо-ишоралар билан, чиройли қизлар ёрдамида реклама қилиш имконияти бўлса, биринчи вариантни танлайман. Чиройли аёлларни ёқтирмаганим учун эмас. Шунчаки, эркаклар оламида шунақа шароитлар яратилганки, аёллар ўз танасини сотишга мажбур бўлади, негаки бошқа масалаларда имкониятлари сунъий чекланган.

Фото: «Zametki.uz»
Маданиятимиз шундай шаклланиб қолганки, агар қиз чиройли бўлса, у эътибор ва муваффақиятга эришади. Бу ҳолат аёлларни доимий равишда ўз гўзаллиги, ташқи кўриниши ҳақида ўйлашга мажбур қилади, у карьера ва муваффақиятни ташқи кўриниши билан боғлайди. Моделликнинг ёмон жиҳати йўқ. Ёмон томони шундаки, энг машҳур ва катта рекламалар аёлларни жинсий майл объекти сифатида кўрсатади, аслида эса бусиз ҳам бирор яхши реклама ўйлаб топиш мумкин. Бундай қилинишига сабаб шуки, табиий инстинктларни ўйин қилиш кўп одамларнинг диққатини тортади.

Албатта, ўзини айнан шу тарзда кўрсатишни, кўп эътибор олишни хоҳлайдиган, либидоси кучли аёллар бор. Бу нормал, ҳар хил одамлар бор. Аммо қандай бўлишни танлаш имконияти бўлмаслиги нормал эмас. Ҳозир эса энг катта имкониятлар мафтункор аёлларга берилади. Кўпгина соҳаларда ҳатто унинг реал қобилиятлари иккинчи даражага ўтиб, мафтункорлиги энг муҳим нарса бўлади.

Аёллар гўзалликка эътибор бермай қўйсин, паранжида юрсин демоқчи эмасман. Мен турли-туман соҳаларда аёллар эркаклар билан тенг имкониятларга эга бўлишини, ташқи кўриниши биринчи ёки ҳатто иккинчи даражали бўлмаслигини истайман. Бизнинг брендлар ижтимоий масъулиятини ошириб, аёллар объективациясидан фойдаланишини тўхтатиши керак. Албатта, реклама қилинаётган маҳсулот олдига чиройли аёлни қўйиб қўйиш энг осон йўли, лекин бу адолатдан эмас.

Юқоридаги гапларимдан гап хориж, Ғарб медиаси ҳақида кетяпти деган фикр туғилиши мумкин. Йўқ, бу биз учун ҳам ҳар куни учрайдиган, одатий ҳолат бўлиб қолди.

Фото: «Zametki.uz»

Медиа ва рекламаларда жалб қилувчи аёллар ўрнига эркаклар бўлган дунёни тасаввур қилиб кўринг: қандай бўлар эди?

1. Билбордда чиройли йигит эҳтиросли қараш билан сосиска еяпти;
2. Пиво рекламасида ярим яланғоч эркак қўлида пиво билан сизга эҳтиросли қараб турибди;
3. Ва бошқа турдаги ярим яланғоч, эҳтиросли эркаклар суратларидан иборат реклама. Бу нормал эмас сиз учун, шундай эмасми? Унда нега аёллар рекламада шунақа тасвирланишини нормал қабул қиласиз?

Биз аёлларга XVIII асрдаги каби эмас, XXI асрда яшаётганимизни унутмаган ҳолда муносабатда бўлишимиз керак. Кўплар қизлар ортидан хуштак чалиш, уятли ҳазиллар қилиш мумкин, ҳатто тегиниш, тегажоғлик қилиш мумкин деб ўйлайди. Аёлларни эркаклардан ақли ноқисроқ деб ҳисоблашларини-ку, айтмай қўяқолай. Эркаклар аёллар камситиладиган дунё қурган, буни тан олиб, аёлларга паст назар билан қарашга чек қўйиш зарур.

Аёллар ҳақида оналаримиз ҳақида гап очилганда фақат 8 мартдагина эмас, уларга ҳамиша, ҳар доим ўзимизга тенг инсонлардай муносабатда бўлишимиз лозим. Албатта, онани кўпчилик муқаддас деб билади, лекин хотинига ҳамма ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлавермайди. Баъзан қизлар ҳам оналар каби шундай иммунитетга эга бўлади.

Бу муаммо айниқса чекка ҳудудларда кенг тарқалган. Эркаклар орасида кенг тарқалган қараш: «Мен аёлимни таъминлаётган эканман, демак, у мен билан тенг бўлиш ҳуқуқига эга эмас. Унинг мақоми меникидан паст».

Кўпчилигингизнинг қизларингиз бор. Менинг ҳам қизим бор. Уни дунёдаги ҳамма нарсадан ортиқ кўраман. Улар қандай дунёда униб ўсади? Ўйлаб кўришга арзийдиган муаммо.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рекламада ва медиада аёлларнинг ҳуснидан фойдаланиш қанчалик тўғри?