Қаерда бўлса ҳам... Қанча бўлса ҳам... Кимдан бўлса ҳам...

  • 11 август 2019, 06:30
  • 1 404
  • Жамият
  • Қаерда бўлса ҳам... Қанча бўлса ҳам... Кимдан бўлса ҳам...
    Эски латифа эсингиздами: устоз тиланчи шогирдига тиланчиликнинг «олтин қоидаси»ни ўргатади: қаерда бўлса ҳам, қанча бўлса ҳам, кимдан бўлса ҳам – сўрайвер.

    Иттифоқо, шогирд устозга ҳаммомда дуч келади: «Садақа қилинг!»
    – Ҳаммомда ҳам садақа сўрайдими одам?
    – Қаерда бўлса ҳам...
    – Яланғоч одамда пул нима қилади?
    – Қанча бўлса ҳам...
    – Аҳмоқ, устозингдан пул сўрашга уялмадингми?
    – Кимдан бўлса ҳам...

    Гапимиз тиланчилик ҳақида эмас, коррупция, аниқроғи, унга ҳамма жойда, ҳар қанча миқдорда бўлсаям ва ҳамманинг қаршилик қилиши лозимлиги ҳақида. Қиёс сал ўхшовсизроқ бўлдими? Нима, коррупция ўзи ўхшовлими? Агар-магарини қўйиб, совуққон ақл билан ўйлайдиган бўлсак, «устоз» тиланчининг «ўгит»ида ўз ишининг муваффақияти омиллари ўрин олганки, назаримда, айни жиҳат коррупцияга қарши ҳаракатларимиз тўла ифодасини топмаётгани сабаб самара кам.

    Аксинча, айни иллат ҳаётимизнинг шу қадар тоза, покиза (бўлиши керак) жойларидан ҳам чиқиб келмоқдаки, тиланчилик унинг олдидан бемалол гердайиб ўтса ярашади.

    Қаерда бўлса ҳам...

    Шармандали ҳолат: Олий суд раиси ўринбосари хонасида қўлга олинди! Узуқ-юлуқ хабарларга қараганда унинг ҳибс этилишининг бир учи коррупция аломатлари билан боғлиқ экан. Адолат маҳкамасининг энг катта раҳбарларидан бири бўлатуриб, қонунга зид иш қилганининг (йўқса, нақ хизмат хонасида қўлга оладиларми?) ўзиёқ минг-минглаб одамларнинг ҳақиқатга, адолатга, эртанги кунга бўлган ишончини синдиради.

    Ўзингиздан қолар гап йўқ: борди-ю ҳуқуқларингиз бузилса (масалан, коррупциядан жабр кўрсангиз), ўзингиз яшайдиган туман адолат маҳкамасига бош уриб борасиз. Чунки бутун дунёда худди шундай: суд холис, мустақил ва инсон тақдирини ҳал қилишга энг ҳақдор идора саналади. Бироқ, қарайсизки, қадами илдам коррупция аллақачон у жойни ишғол этишга улгурган...

    Довдираб қоласиз, ўзингизни бироз қўлга олиб, нажот кўзини вилоят адолат маҳкамасига тикасиз. Не тонгки, айни шу бало сизни бўйи-бастини кўрсатиб кутиб олади... Сўнгги умид узилай-узилай деганда олий адолат маҳкамасига келсангизу... бу ердаги не-не баҳодирлар аллақачон сиздан олдин ҳозир бўлиб улгурган коррупция билан офтобда қатиқ ялашиииб ўтирганини кўрсангиз...

    Бошингизни қайси деворга урасиз?

    Ҳақиқатни куйлаётганларнинг юзига тупроқ сочгингиз, адолатдан сўз очаётганларнинг тилига тушов солгингиз келмайдими?

    Шу маънода Ўзбекистонда энг катта идоралар эшиги ҳам коррупцияга қарши йўналтирилган сиёсатга тақа-тақ берк бўлишга доим ҳам журъат тополмаётгани кишида умид уйғотади. Коррупция қаерда бўлса ҳам фош этилиши керак, деб ўйлайсиз.

    Қанча бўлса ҳам...

    Йигирма минг сўм пора кулги бўлди. Йигирма минг сўм пора олган одамнинг иши (ё ўзи) эмас, олинган пул миқдори кулги бўлди. Ҳолбуки, худди шу арзимас («жаҳон тарихидаги энг кам миқдордаги») порадан бошланмайдими миллионлар, миллиардлар... Нега? Чунки бу жиноят айбдори айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси масъули эди.

    Иқтибос: Навоий вилояти Учқудуқ шаҳар ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи вазифасида ишлаган И.А. эр-хотин ўртасидаги жанжал ортидан жиноий иш очиб, эрни қамоққа олиш билан қўрқитиб, таъмагирлик йўли билан ундан 100.000 сўм пора талаб қилган ва Учқудуқ шаҳри, 13-кичик тумани, 16-уйга бориб, 20.000 сўмни олаётганда ушланган.

    Бамисоли қўй отари бўрига топширилганига ўхшайди бу. Бўри истаган вақтда истаган қўйни бўғизлаганидан фарқ қилмайди бу ҳол. Ўзингиз ўйланг, ҳақи берилса, бор жиноят «йўқ» бўлгандан кейин, ҳақи берилмаса, бунинг акси ҳам рўй бермоғи мумкинлигини инкор қилиб бўладими? Дейлик, сизнинг ҳам «тергов бўлинмаси бошлиғи бўлган» яна бир «И.А.» билан йўлингиз кесишиб қолди, бу ўринда сизнинг айбингиз бор-йўқлиги ҳеч нимани ҳал қилмайди, бор ҳақиқат – у сизни айбдор қилишни истамоқда. Тамом! Чунки сиз пора бермадингиз! Чунки у пора билан жиноятни «бор» ё «йўқ» қилишнинг ҳадисини олган!

    Шунинг учун ҳам коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги ҳақида ўйлаганимизда, дейлик, пора миқдорининг Жиноят кодексидаги ўлчовларигагина таянмаслигимиз лозим. Коррупцияни ким содир этяпти – унинг асли вазифаси нима эди-ю нималар қиляпти? Коррупция оқибатида нималар содир бўлмоқда – халқ асли нима кутган эди-ю унга нималар раво кўриляпти? – мана шундай саволларга ҳам жавоб излашимиз лозим. Бунинг учун эса коррупция (миқдори) қанча бўлса ҳам фош этилиши керак!

    Кимдан бўлса ҳам...

    Ўзбекистондаги коррупцияга қарши юришларнинг навбатдаги «ўлжа»си янада салобатлироқ бўлди: нақ Бош прокурор. Бундай мансабдаги олий амалдорни қўятурайлик, энг чекка тумандаги шу тизимга алоқадор одамларга ҳам ҳад сиғиб гапириш амриҳол замонларни кўрдик, юракнинг туб-тубигача сингган бу онгли-онгсиз қўрқув оқовалари ҳали-ҳануз яшаётганига ҳам шубҳамиз йўқ.

    Шундай тасаввур ҳосил бўлгандики, бундай мансабдаги одамларнинг нафақат коррупцияда айбланиб, қора курсида ўтириши етти ухлаб тушга кирмайдиган ҳол, ҳатто бу ҳақда тахмин қилиш маҳол, мисол келтириш, шамаъ қилиш эса мумкин бўлмаган бир иш эди. Ҳолбуки, у ҳам хизмат вазифаси сирасидаги ваколатларини пуллаши, бунинг эвазига оддий халқ тушида ҳам кўрмаган маблағни қўлга киритиши мумкин экан.

    Ўзи, умуман, етти ухлаб тушга кирмайдиган миқдорларнинг энг таъсирчани ҳам айнан коррупция билан боғлиқ. Мен бу ўринда неча йилдан бери эринмаган одамнинг тилига эрмак бўлаётган аёлни назарда тутяпман. «Опа» деган бир қарашда оддий, аммо тилга олгувчиларнинг мавқейи каттарган сари сўзнинг маъноси ҳам улканлашиб борадиган мақомга эришган бу аёлдан шубҳаланиш, шубҳаланиш не, зиғирдак ёзғириб бўлармиди? Ваҳоланки, унинг коррупция қулочи мамлакат миқёсидан чиқиб, «халқаро ареналарни» забт этиб улгурган экан.

    Коррупция нима дегани?

    Ўзининг вазифасини ҳалол бажармаслик дегани.
    Ваколатини пуллаш дегани.
    Бурчини унутиш дегани.
    Тийиқсиз ҳокимият дегани.

    Эсланг-чи? «Опа» ва унинг мулозимлари тутган йўл худди шу услубда эмасмиди? Бу йўлдаги барча тўсиқларни – расмий ва норасмий ғовларни шу услубда йиқмадими улар? Бу ўринда «ғов» деганини салбий маънода англамаслик керак. Ўзининг тирикчилиги, бизнесини ким шунчаки бериб қўйгиси келади? Албатта, қаршилик қилишга, ҳақидан воз кечмасликка, «йўқ» дейишга уринади. Бироқ «опа» бу «йўқ!»ларни бир ишораси биланоқ йўқотгани ҳам барчага маълум бўлди.

    ...Бу айтаётганларимиз ортда қолган тарих. Бугунга қолган хулоса шуки, коррупция кимдан (олинган, кимга берилган) бўлса ҳам фош этилиши керак!

    Юқорида айтилган тақдирлар ва айтилмаган бошқалари – барча учун, барчамиз учун қаттиқ сабоқ аслида. Олий адолат маҳкамаси раҳбари бўлсангиз ҳам, мамлакат раҳбарининг эркатойи бўлсангиз ҳам, қонун ҳимоячиларининг каттакони бўлсангиз ҳам – токи сўзингиз ва ишингиз бир бўлмас экан, номингиз қора бўлиб, шаънингизга доғ тушишига тайёр тураверинг!

    Мақолага нуқта қўйилишидан олдин:
    Бош прокуратуранинг хабар беришича, 2019 йил биринчи ярмида 661 нафар турли тоифадаги мансабдор шахсларга 590 жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг 537 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Қолган жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Айбдорларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман, шаҳар миқёсидаги идоралар ҳамда корхона ва ташкилотлар масъулларидир. Мазкур жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 665 миллиард сўмликдан ортиқ зарар етказилган. Тергов жараёнида ушбу зарарнинг асосий қисми ундирилган.
    Отабек Муҳаммадий

    Манба: Xabar.uz

    » » Қаерда бўлса ҳам... Қанча бўлса ҳам... Кимдан бўлса ҳам...