20:24 / 14.08.2019
5 981

Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласини тартибга солиш - муҳим вазифа

Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласини тартибга солиш - муҳим вазифа
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларни кундалик ҳаётида турли кўринишдаги таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланиб, бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги ЎРҚ-550 сон Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Ушбу қонун 6 боб ва 46 та моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, илгари мамлакатимизда қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласини тартибга солиш ўндан ортиқ қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва ички идоравий ҳужжатлари билан амалга оширилар эди, эндликда ягона тизимлашган қонун шаклида қабул қилинди.

Мазкур қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкини ҳимоя қилишга ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Қонунга мувофиқ, қурол – тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилма ёки ашё ҳисобланади. Тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган хўжалик-маиший ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмлар сифатида сертификатланган буюмлар, шунингдек спорт аслаҳалари қурол жумласига кирмайди. Ўқ-дорилар эса – қуролнинг жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш учун мўлжалланган ҳамда таркибида портловчи, порохли, улоқтирувчи, пиротехник ёки уриб чиқарадиган моддалар ёхуд уларнинг бирикмаси мавжуд бўлган қурол-яроғ ашёлари ва улоқтириладиган аслаҳаси ҳисобланади.

Қурол муомаласи – қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш, олиш, ҳисобга олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, уларни олиб қўйиш, йўқ қилиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва Ўзбекистондан олиб чиқиш, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга айтилади.
Қонунга мувофиқ қурол турлари учта таснифга (тоифага) бўлинади.
Булар фуқаровий қурол, хизмат қуроли ҳамда жанговар қуролдир.

ОВ ҚУРОЛИ
- сойли стволли ўқотар қурол;
- силлиқ стволли ўқотар қурол, шу жумладан сойли қисмининг узунлиги 140 мм дан ошмаган
комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли) ўқотар қурол, шу жумладан алмаштириладиган ва
жойлаштириладиган сойли стволли ўқотар қурол;
- оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 мм дан ортиқ бўлган пневматик қурол;
- тиғли совуқ қурол: ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар;
- сигнал берувчи қуроллар.

1.2. СПОРТ ҚУРОЛИ
- сойли стволли ўқотар қурол
- силлиқ стволли ўқотар қурол
- тиғли совуқ қурол (paпиралар, шпагалар ва қиличлар)
- улоқтириш қуроли (камонлар, арбалетлар ва найзалар)
- оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори бўлган пневматик қурол
- сигнал берувчи қурол

1.3. ЎЗИНИ ЎЗИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҚУРОЛИ
- газли қурол – кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар;
- электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар.

2. ХИЗМАТ ҚУРОЛИ – фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни ва табиий ресурсларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг (бундан буён матнда махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар деб юритилади) ходимлари томонидан, шунингдек давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол.

Хизмат қуроли қаторасига ўқ узишни истисно этиши, ўқдон (барабан) сиғими 10 дона патрондан ортиқ бўлмаслиги, калибри силлиқ стволли қурол учун 25 миллиметрдан ва оғиз қисмидаги қувват 350 жоулгача бўлган сойли калта стволли қурол учун 9 миллиметрдан ошмаслиги керак. Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ва хизмат қуролини сақлаш, олиб юриш, ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари мансабдор шахсларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

3. ЖАНГОВАР ҚУРОЛ – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари (бундан буён матнда махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар деб юритилади) қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол жанговар қуролдир.
Жанговар қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомаласи тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Жанговар қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш фақат махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар томонидан, шунингдек ушбу Қонун 12-моддасининг 7-қисмида назарда тутилган, махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Қонун 12-моддасининг еттинчи қисмига кўра, махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар қурол, унинг ўқ-дорилари ишлаб чиқариладиган ва сақланадиган объектларни, жанговар техникани, экологик жиҳатдан ўта хавфли ишлаб чиқаришларни, радиоактив чиқиндилар кўмиладиган жойларни, пул маблағлари ҳамда қимматликлар тайёрланадиган ва сақланадиган, қимматбаҳо металлар ҳамда қимматбаҳо тошлар қазиб олинадиган, қайта ишланадиган ва сақланадиган жойларни, шунингдек хавфли юкларни, пул маблағларини ва қимматликларни, давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар жумласига киритилган маълумотлар кўрсатилган хат-хабарлар ва юкларни қўриқлаш бўйича қонун ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун жанговар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларининг айрим хиллари ва моделларини олиш ҳуқуқига эга.

Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг жанговар қуролдан ва унинг ўқ-дориларидан бошқа мақсадларда фойдаланиши тақиқланади.

1. КИМЛАРГА ҚУРОЛ БИЛАН МУОМАЛА ҚИЛИШГА РУХСАТ БЕРИЛАДИ?
Қонунда қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар тоифаси белгиланган бўлиб, уларга – махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар, махсус хизмат вазифаларига эга бўлган, қурол ишлаб чиқариш ва уни реализация қилиш, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланадиган юридик шахслар, қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ана шу рўйхатга киради.

Фуқаровий қуролларни сотиб олиш учун рухсатнома Миллий гвардия томонидан 3 ой муддатга берилади. Бунда спорт қуроллари ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш қуролларини сотиб олиш ҳуқуқига 18 ёшдан ошган, фуқаровий ов қуроллари ва уларнинг ўқ-дориларини сотиб олиш ҳуқуқига эса 21 ёшдан ошган фуқаролар эга бўлади.

Фуқаровий қуролга эга бўлиш учун шартлар белгиланган бўлиб, истаган киши уни сотиб олиши ва фойдаланиши мумкин эмас. Шунингдек, бировнинг номига олинган рухсатнома билан бошқа одам қурол ёки ўқ-дориларни сотиб ололмайди. Сотиб олинган қуроллар эса Миллий гвардия органларида 10 кун муддат ичида рўйхатга олинади ва шундан сўнг фуқарога уни сақлаш ва олиб юришга ижозат берилади.

Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.
Қуролни олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.

Рухсатнома олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:
- ариза;
- шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт);
- қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид билими текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;
- қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса;
- йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
- овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси (ов қуролини олиш учун);
- овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномаси (сойли стволли ов ўқотар қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват 65 жоулдан юқори ва калибри 9 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун);
- отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномаси (спорт қуролини олиш учун). 

2. ФУҚАРО ҚУРОЛНИ ХОҲЛАГАН ВАҚТДА ҚЎЛЛАШИ МУМКИНМИ?
Қоннунинг 26-моддасида фуқаровий ва хизмат қуролининг қўлланилиши назарда тутилган. Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида ўз ҳаёти ва соғлиғини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкни ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаши мумкин.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилишидан аввал бу ҳақда ўзига қарши қурол қўлланилаётган шахс аниқ ифодаланган тарзда огоҳлантирилиши керак, бундан шундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд қуролнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва қурол эгасининг ҳаётига бевосита хавф туғдирадиган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно. Бунда зарурий мудофаа ҳолатида қуролнинг қўлланилиши учинчи шахсларга зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан фуқаровий ва хизмат қуролини қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилган, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишига олиб келган ҳар бир ҳолат тўғрисида қурол эгаси қурол қўлланилган жойдаги ички ишлар органига дарҳол хабар қилиши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг соғлиғига зарар етказилган тақдирда, мазкур қурол эгаси баданига шикаст етган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиши, шунингдек уларга имкон қадар қисқа муддатда биринчи тиббий ёрдам берилиши чораларини кўриши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ҳамда мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органлари дарҳол прокурорга хабар қилади.
Фуқаровий қуролни ов ва спорт билан шуғулланиш учун қўллаш, шунингдек хизмат қуролини қўллаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

3. ҚУРОЛНИ КЎЧА-КЎЙДА КЎТАРИБ ЮРИШГА РУХСАТ БЕРИЛАДИМИ?
Қонунда фуқаровий ва хизмат қуролини олиб юриш билан боғлиқ чекловлар белгиланган. Жумладан:
  • ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриш;
  • митинглар, кўча юришлари, намойишлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилганда, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган, алкоголли маҳсулотлар реализация қилинадиган жойларда, таълим, тиббиёт муассасаларида ҳамда қурол олиб юриш тақиқланган бошқа жамоат жойларида бўлган вақтда, шунингдек алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда фуқаровий қуролни олиб юриш;
  • жамоат жойларида, шу жумладан шаҳар, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда қуролни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш;
  • касбий ёки спорт фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни (бейсбол биталарини (чиллакларини), софтбол ўйини учун биталарни (чиллакларни), пичоқларни, шу жумладан терини ажратиб оладиган (шилиб оладиган) пичоқларни ҳамда сопол, пластмасса ва бошқа нометалл материаллардан ясалган пичоқларни жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш.

4. МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ НИМАЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?
Қонуннинг 40-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади. Миллий гвардия органлари ўз ваколатлари доирасида:

– фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида лицензиялар ва рухсатномалар бериш;
– лицензиялар ва рухсатномалар талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини текшириш;
– лицензиялар ва рухсатномаларнинг талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини текширишлар чоғида юзага келадиган масалалар бўйича зарур ахборотни сўраб олиш;
– қурол ва унинг ўқ-дорилари ишлаб чиқариладиган, таъмирланадиган, реализация қилинадиган, сақланадиган ҳамда йўқ қилинадиган жойларда уларни кўздан кечириш;
– текширишлар натижалари асосида лицензиялар ва рухсатномалар талаблари ҳамда шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;
– лицензиялар ва рухсатномалар эгалари зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
– лицензиялар ва рухсатномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уларни бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати бошқа органлар томонидан ҳам ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши мумкин.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқаровий ҳамда хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш – 2020 йил 30 январдан лицензияланиши талаб қилинадиган фаолият тури саналади.

Ҳозир рўйхатда ов ва спортга мўлжалланган ўқотар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек совуқ қуролни (пичоқларнинг миллий турларидан ташқари) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш назарда тутилган.
Юқорида баён этилган вазифаларни амалга ошириш ва қонун ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таркибида қурол муомаласини назорат қилишга мўлжалланган Назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими иш олиб бормоқда.

Назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги ЎРҚ-550 сон Қонуни ижросини таъминлашга оид йўл-хариталари ва назорат-режалари ишлаб чиқилган. Мазкур қонун 6 ойдан сўнг кучга киради, унгача бўлган давр ичида эса барча қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарорлари, қурол муомаласига рухсат беришга оид регламентлар ишлаб чиқилмоқда. Миллий гвардиянинг расмий веб-сайти орқали жисмоний ва юридик шахслар учун қуролга рухсат беришда электрон навбатга ёзилиш, интерактив хизматлардан фойдаланиш ҳам режалаштирилган.

Шу билан бирга, Миллий гвардиянинг ҳуқуқий мақомини қонун билан тартибга солишга қаратилган ишлар ҳам давом этмоқда. Ушбу масалада давлат раҳбарининг топшириғи ижроси юзасидан «Ўзбекистон Республикасининг Миллий гвардияси тўғрисида» қонун лойиҳаси тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.
Қонун лойиҳасига кўра, Миллий гвардия – ўз фаолиятини махсус воситалар, шакллар ва услублар билан амалга оширадиган, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш функциясига эга бўлган махсус ваколатли давлат органидир.

Миллий гвардиянинг асосий вазифаси жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли ички таҳдидлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, шунингдек ваколатига киритилган давлат аҳамиятидаги махсус вазифаларни бажаришдан иборат.

Мазкур қонунда ҳам қурол муомаласини назорат қилиш – Миллий гвардиянинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. Миллий гвардияга юклатилган ушбу масъулиятли вазифа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва манфаатдор бўлинмалар томонидан амалга оширилади.

Яна бир муҳим масала, қурол – бу уйинчоқ эмас, қуролни сотиб олиш, сақлаш, олиб юриш ва фойдаланиш пайтида унинг эгаси ўзини ва бошқа шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаши, қонунда белгиланган қоидаларга риоя этиши керак, акс ҳолда қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг:
246-моддасига кўра, божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиб, декларациясиз ёки бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, қурол-яроғ, ўқотар қурол ёки ўқ-дориларни божхона чегарасидан ўтказиш - 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

247-моддасига кўра, ўқотар қурол, ўқ-дориларни ўғрилик ёки фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш - 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

248-моддасига кўра, тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек ўқ-дорилар тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

249-моддасига кўра, ўқотар қурол ёки унга мўлжалланган ўқ-дориларни бепарволик билан сақлаш одам ўлишига ёхуд бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қурол билан содир этилган ҳар қандай жиноят, жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
Ноқонуний муомалада бўлган (рухсатномасиз) қуроллари мавжуд бўлган фуқароларимиздан бундай қуролларни Миллий гвардиянинг Назорат-рухсат бериш фаолияти бўлимларига топширишларини сўраб қоламиз.

Умуман олганда, Миллий гвардия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда қабул қилинаётган ушбу давлат органининг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатлари мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан
ишлаш бошқармаси бошлиғи, адлия полковниги
Илхом Турғунович Турғунов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласини тартибга солиш - муҳим вазифа