
Келаси йилда Ўзбекистон давлат бюджети ҳам даромад, ҳам харажатлар бўйича сезиларли ўсишга эришиши кутилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган таҳлилларда эса 2026-йил учун асосий молиявий кўрсаткичлар акс этган.

Даромадлар: асосий манбалар
2026-йилда бюджет даромадлари 368,9 трлн сўмга етиши кутилмоқда (ЯИМнинг 18,7 фоизи). Жорий йил прогнози — 345,2 трлн сўм.
Даромадларнинг катта қисми яна солиқлардан шаклланади — 286 трлн сўмдан ортиқ. Уларда ҳам:
• жисмоний шахслар даромад солиғи – 88,8 трлн сўм
• фойда солиғи – 64,5 трлн сўм
• ҚҚС тушумлари – 48,9 трлн сўм каби йирик манбалар етакчи бўлиб турибди.
Харажатлар: энг катта улуш — ижтимоий соҳаларга
2026-йил харажатлари 402,4 трлн сўмни ташкил этади (ЯИМнинг 20,4 фоизи). 2025-йилга нисбатан ўсиш сезиларли.
• Ижтимоий соҳа — 220 трлн сўм (жами харажатларнинг 54,7 фоизи)
• Таълим — 100,3 трлн сўм
• Соғлиқни сақлаш — 48,9 трлн сўм. Иқтисодиётга 55 трлн сўм, давлат бошқарувига 21 трлн сўм йўналтирилади.
Давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам ортиб, 25 трлн сўмни ташкил қилади (жорий йилда 20 трлн). Бюджет тақчиллигини ёпиш учун мамлакат 2,5 млрд доллар ташқи қарз жалб қилади.
Пенсия, субсидия ва имтиёзлар
Пенсия жамғармаси харажатлари — 86 трлн сўм, шундан 23 трлн сўми давлат томонидан қопланади.
Субсидиялар жами 28,3 трлн сўм, улардан:
• энергетика ва транспорт зарарини қоплаш — 17 трлн сўм
• газ бўйича субсидиялар — 5,9 трлн
• иссиқлик таъминоти — 3,8 трлн
Аҳолига нафақа ва моддий ёрдамлар учун — 17 трлн сўм ажратилади.
Йўллар, сув хўжалиги ва давлат дастурлари
2026-йилда президент ва ҳукумат қарори билан тасдиқланган давлат дастурларига 50,2 трлн сўм йўналтирилади.
Қўшимча йўналишлар:
• сув хўжалиги — 10,4 трлн
• “Ташаббусли бюджет” — 6 трлн
• йўлларни сақлаш — 6,7 трлн
Шунингдек, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни қўшимча ошириш учун 6 трлн сўм сарфланади.
Ҳудудлар ҳиссаси
2026-йилда маҳаллий бюджет даромадлари 76 трлн, харажатлари 95,6 трлн бўлади. Тақчилликнинг 19,5 трлн сўми марказий бюджетдан қопланади.
• Энг катта даромад — Тошкент шаҳри (12,6 трлн)
• Энг катта харажат — Тошкент (12,9 трлн)
• Энг кам кўрсаткичлар — Сирдарё вилояти
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.