date
views 2 830

Туркий тилли давлатларнинг Тошкентдаги бизнес форумида 500дан ортиқ тадбиркор қатнашди

Туркий тилли давлатларнинг Тошкентдаги бизнес форумида 500дан ортиқ тадбиркор қатнашди
5 октябр куни Тошкентда инвестиция ва бизнес форуми бўлиб ўтди. Форумда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатларнинг савдо-саноат палаталари раислари, юқори даражадаги ҳукумат вакиллари, 500 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ахборотига кўра, мазкур форум туркий дунёнинг ишбилармон доиралари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун платформани яратишга, Ўзбекистон ва туркийзабон давлатлар ўртасида тадбиркорлик, савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни яхшилашга қаратилган.

Инвестиция ва бизнес форумида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг мамлакатлар итисодиётини ривожлантириш борасидаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Жамшид Қўчқоров, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Молия вазири:
─ Бугунги Ўзбекистон иқтисодиёти очиқ ва фаол режимда ривожланиш сари бормоқда. Бу борада валютанинг эркин конвертацияси, тижорат банкларининг тубдан ислоҳ қилиниши, солиқ тизимининг қулайлаштирилиши, солиқдаги имтиёзларинг бекор қилинганлиги, иқтисодиётга рақамли технологияларнинг жорий этилаётгани каби реал ҳаракатларни кўриш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистонда божхона тизимини соддалаштириш, айниқса, туркийзабон қардош халқлар билан савдо алоқаларини яхшилаш учун божхона тизимидаги барьерларни йўқотишга ҳаракат қилинмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистонга киритилган хорижий инвестициялар 22 фоизга ортди, чет эл капитали асосида ишлаётган корхоналар 8 мингдан ошди. 2018 йилда ташқи товар айланмаси 34 млрд долларни ташкил этди. Бугунги кун ҳолатига кўра, мамлакатда 21та эркин иқтисодий саноат зонаси фаолият юритмоқда, 2019 йилнинг ўзида 70 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъекти иш бошлади.

Рифат Ҳисарчик ўғли, Турк савдо-саноат палатаси президенти (Туркия):
─ Туркийзабон халқлар тараққиёт йўлида барча соҳаларда, айниқса, иқтисодий масалада ҳамкорлик қилиши лозим. Биргина мисол. Франция ва Германия биринчи жаҳон урушида ҳам, иккинчи жаҳон урушида ҳам ашаддий душманлар бўлишган. Ҳозир эса бир-бири билан маслаҳатлашмасдан иш кўрмайди. Биз қардош халқлар бўла туриб нега бирлашмаслигимиз керак? Айниқса, гап иқтисодий тараққиёт ҳақида кетганда? Ҳар бир мамлакат ривожланишни истаса, хусусий тадбиркорликка эътибор қаратиши лозим. Хусусий тадбиркорлик ривожланмаган давлат бой бўлишни хаёлига ҳам келтирмасин.

Форум доирасида туркийзабон давлатлар ишбилармонлари ўртасида B2B шаклидаги учрашувлар ўтказилди. Тадбиркорлар қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик музокаралари олиб боришди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туркий тилли давлатларнинг Тошкентдаги бизнес форумида 500дан ортиқ тадбиркор қатнашди