
Telegram-канал “Nemolchi.uz”нинг хабар беришича, Тошкент шаҳрида яшовчи бир аёл ҳар куни таҳдид ва таъқибга дуч келмоқда. Маълум бўлишича, собиқ турмуш ўртоғи уни тинч қўймай, доимий равишда босим ўтказмоқда.
Эркак иш жойи ва уй яқинида, кўпинча маст ҳолатда аёлни кутиб олиб, унга нисбатан жисмоний зўравонлик ва руҳий босим қўлламоқда. Аёлнинг сўзларига кўра, улар уч йил бирга яшаган, ажралишгач эса эркак унга қўнғироқ қилиб, ҳаётини тўлиқ назорат қилишга уринмоқда.
Аёл бир неча марта ички ишлар органларига мурожаат қилган, аммо 20 сентябр куни унинг ҳимоя ордери муддати тугаган. 18 сентябр куни у ордерни узайтириш учун ариза берган, аммо иш ҳалигача натижасиз қолмоқда.
16 октябр куни эркак иш жойи яқинидаги автотураргоҳда яна унга ҳужум қилиб, калтакламоқчи бўлган. Ҳамкасблари аёлни ҳимоя қилишга муваффақ бўлишган ва у яна ички ишлар органларига мурожаат қилган.
25 октябр куни эса эркак уй яқинида яна ҳужум қилиб, аёлнинг сочидан тортиб, уни ҳақорат қилган. Аёл яна ички ишлар органларига шикоят қилган, аммо эркак ҳали ҳам эркин юриб, уни таъқиб қилишда давом этмоқда.
“У доим таҳдид қилади. Айтишича, унинг танишлари бор ва машинамга бирор нарса жойлаштириб, мени қаматиб юбориши мумкин. Мен машинамни ҳайдашни тўхтатдим, чунки у тинглаш мосламаси ўрнатган бўлиши мумкинлигидан қўрқаман”, – дейди аёл.
Аёлнинг сўзларига кўра, Бектемир тумани ички ишлар бўлимида унинг собиқ турмуш ўртоғига оид иккита аризаси юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!