Мадҳиямиз бастакори ёшлигида не–не кўргиликларни бошидан ўтказганини биламизми?

  • 10 декабрь 2019, 22:05
  • 1 574
  • Жамият
  • Мадҳиямиз бастакори ёшлигида не–не кўргиликларни бошидан ўтказганини биламизми?
    Ўшанда 1939 йил эди. Мутаваккил Москва давлат консерваториясида ўқирди. Бир куни факультет декани котибаси уни кўчада биров кутаётганини айтиб қолди. ”Бирор киши билмасин” деган маънода ишора ҳам қилди. Мутаваккил кўчага чиқди. Шунда унинг олдига кийимларининг увадаси чиққан озғин бир чол келди. ”Сиз Мутаваккил Бурҳонов бўласизми?” дея сўради у. ”Ҳа” тасдиғини олгач, кўйлаги ичидан бир конвертни олиб узатди. ”Акангиз Мисбоҳ Бурҳонов турмада менга кўп яхшиликлар қилди. Унинг илтимосини бажаряпман. Бу мактуб сизга”.

    Йигитча титраб кетди. ”Наҳотки... наҳотки.” Мутаваккил дарсдан уйга келибоқ мактубни ўқиди. Унда акаси “Укажон, мен халқ душмани эмасман. Сиздан илтимос, мана бу хатни конвертга солиб, “Кремль, ўртоқ Сталинга деб ёзинг ва почта қутисига ташланг” дея битган эди.

    Мутаваккил худди шундай қилди. Аммо сўнгги умид ҳам қумга сингган сув каби изсиз кетди. ”Халқлар доҳийси”дан нажот бўлмади. Нафақат акаси, балки амакилари Мукаммил ва Муаммир Бурҳоновлар ҳам қатағон қурбони бўлишди. Бу кўргиликлар олдида чидай олмаган опаси Моҳида ўз жонига қасд қилди. Мутаваккилнинг ҳам боши узра қора булутлар суза бошлади. Нияти бузуқ айрим кимсалар ”Бу бола халқ душмани бўлган акаси – ю амакилари, Фитратнинг тарбиясини олган” деган ғирт туҳматдан иборат сўзларни айта бошлашди.

    Лекин яхши инсонлар кўмаги, маслаҳати билан Мутаваккил қатағондан омон қолди. Гоҳ она – юрти Бухоро, гоҳ Самарқанд, гоҳида Душанбе, гоҳида Москва шаҳри унга ёмон кўзлардан панада юриши учун бошпана вазифасини ўтади. Муҳими, мусиқага бўлган меҳри сўнмади. Ўқиди. Ўрганди. Изланди. Яхши кунлар умиди билан яшади.

    - Бир куни нота дўконига кирсам, “Мусиқа тарихи” деган китобга кўзим тушди, - дея ёзади у ўзининг “Кўнгил хазинаси” китобида.- Қиммат бўлса–да сотиб олдим. Орадан кўп вақт ўтмасдан пулим тугади. Икки кун оч юрдим. Шу қийинчиликларга чидадим. Уйдагиларга “Мен ўқишга кирдим. Жуда яхши яшаяпман, ёрдам керакмас”, деб ёзардим.

    Улуғ бастакорнинг бу сўзлари ҳаётнинг арзимас қийинчиликлари олдида ўзини йўқотиб қўядиган, йўлдан озадиган айрим ёшлар учун сабоқ бўларли, албатта.

    Баъзида Мутал Бурҳоновнинг ёшлигида бошидан ўтказган қийинчиликларини ўйлаб, унинг қатағондан омон қолиши тақдирнинг бизга, юртимизга қилган инояти эмасмикан, дея ўйланиб қоласан, киши.

    Энди эса миллий мусиқа санъатимиз равнақига бениҳоя катта ҳисса қўшган бастакор ижоди ҳақида қисқача сўз юритамиз. У талабалик давридаёқ романслар ёзган. Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмасига, “Орол балиқчилари”, “Абу Али ибн Сино”, “Самолётлар қўна олмади”, “Сурайё” фильмларига куй басталаган. Унинг машҳур “Мафтунингман” бадиий фильмига басталаган мусиқалари ҳали-ҳануз қалбларга завқу шавқ бағишламоқда.”Алишер Навоий қасидаси” ҳам мусиқа санъатимизнинг нодир асарлари қаторида туради.

    Композиторнинг ижодий меросида ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси алоҳида ажралиб туради. Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Абдулла Орипов сўзи, Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган ва бундан роппа–роса 27 йил муқаддам – 1992 йилнинг 10 декабрида давлатимиз Мадҳияси сифатида қабул қилинган бу бебаҳо асар ўзининг тантанавор, улуғвор руҳи, жозибаси билан юракларни жунбушга келтиради. Абдулла Орипов эътироф этганидек, Мадҳиямизнинг оҳанги мусиқа асари сифатида жаҳондаги мадҳиялар орасида энг ноёбларидан ҳисобланади.

    Айтишларича, муаллифнинг ўзи ҳам ярим ҳазил, ярим чин қилиб, “Мен басталаган бу Мадҳия янграганида дўст ҳам, душман ҳам беихтиёр ўрнидан туриб кетади”, деган экан.

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби М.Бурҳонов умрининг сўнгги йилларини она шаҳри - Бухорода ўтказди.”1969 йил 29 январида меҳрибон Фотима опам оғир хасталикдан сўнг вафот этдилар. Бурҳоновлар авлодидан бир ўзим қолдим”, дея ўкинч билан ёзади у ўз эсдаликларида.

    Улуғ бастакор 2002 йилнинг 15 июнида, 86 ёшида вафот этди. Таъкидлаганимиздек, умрининг охирги йиллари Бухоро шаҳрида кечди. Ҳозир бу ерда Мутал Бурҳоновнинг уй – музейи очилган. Қабри қадимий шаҳардаги Ҳазрати Имом қадамжосида. Вилоят ҳокимлиги саъй – ҳаракати билан унинг қабрига янги ёдгорлик монументи ўрнатилган. Унда Мутал Бурҳонов тақдирланган орден ва унвонлар аксини, шунингдек, Мадҳиянинг вокал партиясидан бошланғич учта акт тасвирини кўриш мумкин.

    Истам ИБРОҲИМОВ

    Манба: “Халқ сўзи”

    » » Мадҳиямиз бастакори ёшлигида не–не кўргиликларни бошидан ўтказганини биламизми?