Беморнинг илинжи шифода, дори сотувчининг дарди нимада?

  • 10 декабрь 2019, 19:00
  • 848
  • Жамият
  • Беморнинг илинжи шифода, дори сотувчининг дарди нимада?
    Иссиқ жон иситмасиз бўлмас, дейди халқимиз. Бундай паллаларда шифокорлар тавсия этган дори-дармонлар жонимизга оро киради. Улар воситасида вужудимиз соғлом, руҳимиз бақувват бўлади. Қувонарлиси, бугун олиму шифокорлар изланишлари натижасида ҳар қандай дардни енгиллатишга қодир дори-дармонлар яратилмоқда. Бинобарин, ҳар бир хасталикни даволашга мўлжалланган препаратларнинг ўнлаб турдаги муқобиллари мавжуд. Бироқ уларнинг барчаси ҳам сифатлими? Нархи-чи? Касаллик билан курашиш самарадорлиги қандай?

    Ҳар қадамда дорихона
    Катта ёшдагилар яхши эслайдилар. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳам вилоят ва туман марказларида саноқлигина, қишлоқларда эса бор йўғи бир донадан дорихона хизмат кўрсатган. Бугун эса деярли ҳар бир маҳаллада шохобчалар бор. Бу, мамлакатимизда фармацевтика соҳасига эътибор кучайтирилгани, дори-дармон таъминоти изчил йўлга қўйилаётганидан далолат.

    Айниқса, илгари хориждан катта валюта эвазига келтирилган дори-дармон воситалари ва тиббий анжомларнинг аксарияти эндиликда ўзимизда, маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётгани қувончли. Эътиборлиси, уларнинг сифати ва хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган. Турли хасталикларнинг олдини олиш ва даволашда юқори самара бераётир.

    Маълумки, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида қайд этилганидек, дорихоналар иши дорихона амалиёти учун хос бўлган стандартларга мувофиқ амалга оширилади ва уни бошқариш фақат олий маълумотли фармацевтик маълумотга эга бўлган шахсларгагина рухсат этилади. Дорихона шохобчаларида эса ўрта махсус маълумотли фармацевтлар мудирлик қилиш ҳуқуқига эга. Барча дорихоналар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармацевтик фаолият учун рухсат берувчи лицензиясига эга бўлиши, санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб бериши лозим.

    Бугунги кунда Наманган вилоятида мингга яқин дорихона ва уларнинг филиаллари мавжуд бўлиб, барчаси назорат касса машинаси ва ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланган. Уларда сотилаётган дори-дармонларнинг сақланиши, сифат сертификати тегишли идоралар, қолаверса, жамоатчилик томонидан назорат қилиб борилиши керак. Амалда қандай? Фуқаролар бу борадаги хизматдан розими?

    Сифат ва кафолат
    — Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, давлат санитария назорати ходимлари билан ҳамкорликда чегара ҳудудларида жойлашган қишлоқлар аҳолиси ўртасида дори воситалари ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари изчил йўлга қўйилган, —дейди вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Равшан Асқаров. — Ходимларимиз ҳам қўшни республикалардан яроқсиз бўлган дори воситалари кириб келишига чек қўйиш юзасидан барча чора-тадбирларни кўришмоқда.

    Шунга қарамай, божхоначилар кўзини шамғалат қилишни мўлжаллаган кишилар учраб турибди. Улардан бири – Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро И. Неъматжон чегарани кесиб ўтиб, 93 миллион сўмлик дори воситаларини юртимизга олиб киришга уринган чоғда қўлга олинди. Бу шахснинг “мол”лари республикамизга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган умумий қиймати 38,4 миллион сўм қийматдаги 1200 дона “Тропикамид” дорисидан иборат бўлган.

    Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ушбу препарат Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига асосан шу турдаги моддалар рўйхатига киритилган. Шунинг учун ҳам унинг савдоси фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали амалга оширилади.

    Яна бир мисол. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган шаҳар бўлими яқинда вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда катта миқдордаги яроқсиз дори воситаларини ўтказишга уриниш ҳолатини аниқлади. Гап шундаки, шаҳарнинг “Истиқбол” маҳалласида яшовчи Я. О таниши А. исмли шахс билан олдиндан тил бириктириб, умумий қиймати 426,5 миллион сўмлик яроқлилик муддати ўтган “Coldrex Limon“, “Байкал М” дори воситаларини ҳамда 356 минг дона турли капсулаларга ўхшаган моддаларни қайта ўтказиш мақсадида ҳовлида сақлаб келаётган экан.

    Умуман олганда, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 8 та ҳолатда 937 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситаларини Ўзбекистон Республикасига ноқонуний олиб кирилишига тўсиқ қўйилди.

    Хўш, ўйлаб кўрайлик, бундай тиббий препаратлар орасида қалбакилари йўқлигига ким кафолат беради?! Улар беморлар томонидан сотиб олиниб, истеъмол қилинса-чи? Шундоқ ҳам дард чекиб турган инсоннинг аҳволи баттар бўлиб, саломатлиги хавф остида қолмайдими?!

    — Ошқозони жиддий касалланган беморни жарроҳлик йўли билан даволашга тўғри келди, — дейди наманганлик шифокорлардан бири. — Қандли диабети ҳам бор экан. Амалиёт олдидан қонидаги қанд миқдорини камайтирдик. Операция чоғида қўшимча дори воситаси зарур бўлиб қолди. Уни қўлладик, беморнинг аҳволи яхшиланиш ўрнига у хушини йўқота бошлади.

    Биласизми, идишдаги восита биз айтган дори эмас, анча арзон бўлган глюкоза суюқлиги экан. У қўлланилгандан сўнг бемор қонида қанд миқдори яна кўпайиб, ҳолатни мураккаблаштириб юборган. Ана доришуносликдаги қаллобликнинг аянчли оқибати. Бу сингари воқеалар, масалан, яроқлилик муддати ўтган дори воситалари истеъмол қилиниши оқибатида ҳам юзага келади.

    — Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарларини олиб келишни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудида сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар мажбурий сертификатлаш рўйхатига киритилган ва бу жараённи амалга оширишнинг миллий тизими йўлга қўйилган, — дейди “Наманган дори-дармон” акциядорлик жамиятининг фармацевтика фаолиятини ташкил этиш ва назорат бўлими бошлиғи Рустамжон Тўйчиев.

    — Юртимизга белгиланган тартиб асосида қонуний йўл билан кириб келган дори воситалари ва тиббий буюмлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси томонидан таҳлил қилиниб, сертификатлаштирилади. Келиб чиқиши номаълум, ноқонуний йўл билан келтирилган дори-дармонларга бундай сертификат берилмайди ва улар дорихоналарда сотилиши тақиқланади.

    Дори воситалари кимёвий, физикавий ва фармакологик хусусиятга эга. Уларни ташиш ва сақлаш учун алоҳида шароит бўлиши зарур. Акс ҳолда дори воситаси ўз хусусиятини ўзгартиради, шифобахшлик хоссасини йўқотиб, бемор организмига ножўя таъсир кўрсата бошлайди. Хўш, ноқонуний йўл билан келтирилган, шунингдек, айрим дорихоналардаги муддати ўтган препаратлар бемор вужудига киргач, акс таъсир кўрсатмайди, деб ким кафолат бера олади?!

    Инсоф сари барака
    — Яқинда “Актовегин” инфузион эритмасини сотиб олишга тўғри келди, — дейди тўрақўрғонлик Фатхулло Жўрабоев. — Наманган шаҳридаги дорихоналарга кирдим, анчагина пул турадиган бу дорининг нархини солиштирсам, бири-биридагидан 5-6 минг сўм фарқ қилади. Наҳотки, ёнма-ён турган шохобчаларнинг айни бир хил дори воситасига қўйган нархида шунчалик тафовут бўлса, дея ажабландим.

    Дарҳақиқат, фуқаронинг ёзғирганича бор. Айрим “ишбилармон”лар ҳисобига дори-дармон савдосида нархларни асоссиз равишда белгилаш орқали ноқонуний фойда орттириш кўзга ташланиб туради. Буни, масалан, Наманган шаҳри ва туманлардаги кўплаб дорихоналарда ҳам кўриш мумкин. Наманган тумани марказий шифохонаси ён атрофида 20 га яқин дорихона фаолият кўрсатади. Улардаги нархлар билан қизиқдик. “L-lizin essinat” иньекция учун эритмаси битта дорихонада 117 минг сўм, бошқасида эса 130 минг сўмдан сотилмоқда.

    Ёки “Селемин” уколи 39 мингдан 42 минг сўмгача. Кўзга томизиладиган “Слезол форте” суюқлигининг нархи ўртасидаги тафовут қарийб уч ярим минг сўмни ташкил этади. Харажат ва устамаларни қўшиб ҳисоблаганда 3000 сўмдан ошмайдиган “Меҳригиё-2” дамламаси жойларда 4000 сўм нархда пештахтага қўйилмоқда. Нархнинг хилма-хиллиги ҳатто тиббиёт пахтаси, бинт, бошқа турдаги санитария гигиена воситалари сотувида ҳам кузатилади.

    Нега бундай, деб сўрасангиз “Бизга шундай келган ёки ишлаб чиқарувчиси бошқа-бошқада”, деган жавобни эшитасиз. Савол туғилади: ким кимни алдаяпти? Авлоди бемор қўшнисидан борини аямаган одамлар эндиликда дард чекиб турган юртдошининг ризқига кўз тиксая!

    Доришунослик соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим бўғини. Унинг фаолиятини пухта йўлга қўймай туриб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида кўзланган мақсадга эришиш қийин. Республикамизда бу борадаги ишларни такомиллаштириш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Жумладан, 2016 йилнинг 31 октябрида Давлатимиз рахбарининг “Аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.

    Мазкур хужжат ижроси доирасида 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб берувчилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинадиган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган савдо устамалари қўлланиши қатъий қилиб қўйилган. Бунга ҳамма жойда,ҳар бир дорихонада сўзсиз амал қилиниши шарт.

    Бироқ, юқорида келтирилган мисоллар қарорнинг айни бандига ҳамма ҳам итоат қилмаётганидан дарак беради. Шу ўринда дорихона мудирлари ва сотувчиларга инсоф тилагинг келади. Ахир, халқимиз “Инсоф сари барака”, деган ажойиб нақлни бежиз айтмаган-ку! Қолаверса, мазкур тартибнинг бузилиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар ўз баҳосини олиши лозим. Бунда жамоатчилик назоратидан унумли фойдаланиш, хусусан, истеъмолчилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйиш орқали кутилган натижага эришиш қийин эмас.

    Қудратилла НАЖМИДДИНОВ


    Манба: “Халқ сўзи”

    » » Беморнинг илинжи шифода, дори сотувчининг дарди нимада?