22:30 / 25.03.2020
2 647

Адвокатлар телефонининг “назорат қилиниши” ҳақидаги норма атрофидаги муҳокамалар

Адвокатлар телефонининг “назорат қилиниши” ҳақидаги норма атрофидаги муҳокамалар
Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган янги қонун билан прокурорнинг розилигига кўра адвокатнинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров адвокатларга мурожаатнома эълон қилиб, мазкур қонун адвокатлар ҳамжамияти билан ҳисоблашмасдан қабул қилинаётганидан норозилик билдирди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

Албатта, бугун Сенат томонидан маъқулланган, адвокатлик фаолиятимизга тегишли ўзгаришларга менинг ҳам қатъий эътирозим борлигини билдираман. Бу ҳолатдан, адвокат ва Адвокатлар палатаси Раиси сифатида - норозиман. Қонун ҳужжатларида, адвокатларга тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаси, Адвокатлар палатаси Раиси томонидан имзоланиши (розилик олиниши) белгиланган. Бирок, қонунчиларимиз томонидан бу тартибга риоя қилинмади. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раис Алим Эрназаров, юқорида эсланган қонун лойиҳасига имзо (виза) қўймаган.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, адвокатларимиз жипслигида адвокатлик фаолиятида халқаро стандартларни тадбиқ этишга ҳаракат қилади
”.

Ушбу хабар ахборот маконида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлгач, Адлия вазирлиги расман тушунтириш бериб, вазиятни бир оз ойдинлаштирди. Маълум бўлишича, гап “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси (“Адвокатнинг дахлсизлиги”) янги таҳрири ҳақида экан.

“Ижтимоий тармоқларда Сенат томонидан маъқулланган адвокатларга оид қонун ҳужжатига киритилган таҳририй ўзгартириш нотўғри талқин қилинаётгани ва турли тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани кузатилмоқда. Ушбу вазият юзасидан қуйидагича изоҳ берилади.

Аввало ушбу тартиб энди жорий қилинмаётгани, балки 1998 йилдан бери амалда эканини эътиборга олиш лозим.
Қолаверса, ҳужжатга бор-йўғи таҳририй ўзгартириш киритилмоқда, тартиб ўзгармаяпти.

Ушбу ахборотни оммага тарқатаётган манбаларни моҳиятга мос келмайдиган чалғитувчи сарлавҳалар орқали омманинг ҳиссиётлари билан ўйнашмасликка чақирамиз”, дейилади вазирликнинг расмий хабарида.

Вазирликнинг изоҳи билан Сенат ахборот хизматининг мавзуни чала-чулпа ёритиб нопрофессионал ҳаракат қилгани англашилган бўлсада, ижтимоий тармоқлардаги норозилик босилмади. Аксарий адвокатлар ва юристлардан иборат фойдаланувчилар Қонуннинг 6-моддаси маънавий эскирганлигини, янги таҳририда ҳам моҳиятан ўзгармаганини ва халқаро ҳуқуқ мезонларига зидлигини таъкидлашмоқда. Қолаверса, қонунчиликка терс ўлароқ, унинг адвокатлардан яширинча қабул қилинаётгани бўйича эътирозлар ҳам ўринлидир.
Холмурод Исанов, юридик фанлар номзоди

Адвокатнинг телефон сўзлашувларини эшитишга, адвокатга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва у гумонланувчи сифатида ишга жалб этилган ҳоллардагина ва фақат суд томонидан рухсат берилиши мумкин. Бошқа барча ҳолларда мазкур норма халкаро ҳуқуқ меъёрларига зид ҳисобланиб, миллий қонунчилигимиз обрўсига путур етказади. Айни чоғда адвокатларга турли тазйиқлар ўтказиш учун ҳуқуқий замин яратиб беради.
Насим Хидиров, адвокат

Прокурор ва адвокатнинг тенглиги деган баландпарвоз гаплар кўп, амалда эса, адвокатларнинг судларга телефон ва ноутбук олиб киришига рухсат берилганлигини ҳисобга олмасак, қолгани эски тос, эски ҳаммом. Масалан, алоҳида қонун билан 8 январ Прокуратура ходимлари куни этиб белгиланди, касб байрами сифатида нишонланиб келмоқда. Адвокатлар ҳам неча йилдан бери Адвокатлар кунини белгилаш тўғрисида қонунчиликка таклифлар билдириб келмоқда. Лекин бу таклифлар ҳар сафар "йўқолиб" қолаяпти. Адлия вазирлиги ҳам прокуратура томонда, қўллаб-қувватлаб баёнот билан чиқибди. Энди фақат Президент вето қўйиш ҳуқуқига эга, бўлмаса қонун кучга киритилади. Ушбу қонунга киритилган ўзгартириш натижаси келажакда аянчли бўлади. Прокуратура адвокатураниннг устидан буткул ҳукмронликни ўрнатиб, мустақил адвокатура йўқ бўлади ҳисоб. Бугунги кунда 34 млн аҳолига 4000 адвокат, яъни ҳар 8500 та кишига 1 нафар (Пахтачи туманида бу кўрсаткич 40000 аҳолига 1 нафар) адвокат тўғри келадиган замонда бу кўрсаткичнинг янади ошишига ва адвокатлар сони камайишига олиб келади холос. Депутат ва сенаторларимиз эса қарсак чалиш билан овора. Афсус...
Шерзод Курбанов, адвокат

Депутат ва сенаторларимиз Президент фармонида адвокатларга дахлдор қонун ҳужжатлари Адвокатлар палатаси билан келишилиши лозимлиги белгиланганидан бехабармилар? Ёки билсалар ҳам назар-писанд қилишмайдими? Менинг фикримча, муаммо қонунни қабул қилиш ёки қилмасликда эмас, балки лойиҳаси муҳокамага қўйилмагаганлигида ва Палата келишувидан ўтказилмаганлигидадир. Констициявий судга мурожаат қилинса, балки (зора) ушбу ҳолатлар инобатга олинар?..
Тоҳирбек Тожибоев, адвокат

Нимага суд эмас, прокурор розилиги билан дейилган. Прокурорларнинг бизга тазйиқ ўтказишига тайёр баҳона бўлади-ку бу. Адвокатлар палатасини бу масалада қўллаб-қувватлаймиз. Бу фожиа ҳақида тезда Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат тайёрлаш керак. Қонун чиқарувчилар Президентнинг фармонини тескари қилиб бажараётганлигини мана шу ҳолат мисолида исботлаб берамиз. Қонунда адвокатларнинг улар ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашуви белгиланиб турган бир пайтда, уларнинг телефонини эшитиш нимаси?!!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адвокатлар телефонининг “назорат қилиниши” ҳақидаги норма атрофидаги муҳокамалар